“МЕН ЎЗИМ!”

Болангизнинг мустақил хатти-ҳаракатларини кузатинг

Мустақилликка интилиш – бу бола руҳиятининг энг бебаҳо хислатларидан бири ҳисобланади ва у жуда эрта намоён бўлишни бошлайди. Муҳими, ушбу интилишни эътиборсиз қолдирмаслик, уни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва у ёки бу ишни мустақил бажариши учун имкон ва шароит яратиб беришга ҳаракат қилиш лозим. “Мен ўзим!” истагида дунёни фаол ўрганишга интилиш ифодаланади, ўзининг шахсиятини топиш яққол кўринишни эгаллай бошлайди.

Фарзандингизда ана шундай хислатни кузатсангиз ва уни беэътибор қолдириб, ушбу истакни сўндирсангиз, у ҳолда фарзандингиз пассив (нофаол), қийинчиликларни енгиб ўта олмайдиган шахс бўлиб улғаяди. Улар у ёки бу ҳаракатни мустақил бажариш ўрнига катталарни уларнинг ўрнига бажариб қўйишларини кутиб турадилар. Аввалига бу кичик вазифалар бўлса, бола ўсган сари ушбу талаб ва вазифаларнинг кўлами ортиб боради. Шу сабабли бир қоидани унутманг, бола ўзи бажара оладиган ишни бажаришига қўйиб беринг. Ҳар қандай ишни мустақил бажарганидан кейин эса қўллаб-қувватлаб қўйинг. Бола ҳамиша сизнинг маслаҳатингиз ва розилигингизга муҳтождир. Бу болада ўзига бўлган ишончнинг шаклланишида кўмак беради. Бола у ёки бу ишни бажарганда ёки бажаришга ҳаракат қилаётганида устидан зинҳор кулманг ва айниқса киноя қилманг. Биз катталар учун осон ва енгилдек кўринган ҳаракатлар, болалардан катта куч ва ҳаракатни талаб этишини унутмаслик даркор. Пойабзалнинг ипини боғлаш ёки “қулоқсиз” тугмачани тешикка киргизиш – бу бола учун катта меҳнатни талаб қиладиган ҳаракатлардан ҳисобланади. Ундан катта маҳорат ва интилиш талаб қилинадиган ишларда болаларга маънавий ёрдам зарур бўлади. Оддий бўлган ушбу вазифа ҳам болада мустақилликни ва қўйилган мақсадга эришиш каби ижобий хислатларни шакллантиради.

Бола тарбиясида мустақиллик оддий ҳаракатларда ҳам намоён бўлаверади. Масалан, у сизнинг ёрдамингизсиз, тўкиб-сочиб есада, лекин ўзининг овқатланиши, қўл-юзини ювиши, кийинишида акс эта бошлайди. Боланинг ана шундай жараёнда иштирок этиши, унинг ўсиб келаётган шахсиятининг шаклланишидаги талабларини қондиради. Унда бундай интилишларни ҳаётининг иккинчи йили бошланганида кузатиш мумкин. Энди у пассив кўринишда, стол атрофида ўтиришни истамайди, у мустақил қошиқчасини ушлаб ўзини ўзи эплашга, қорнини тўйғизишга ҳаракат қилади. Муҳими, боладаги интилишни қўллаб-қувватлаш, уни рағбатлантиришдир.

Яна ўқинг:  Қандай қилиб бошқаларнинг феъл-атворига ижобий таъсир ўтказиш мумкин?

Бола катта бўлгани сари унинг қизиқишлари ортиб боради. Ва ушбу ҳаракатлар унинг назарида оддий бўлиб, овқат ейиш ўрнига у қимирлаётган қушча, машина, ашула айтаётган қўғирчоқ уни кўпроқ қизиқтиришни бошлайди. Улар югуриб олдингизга келади, оғизларини очиб, керакли луқмани олиб, ўша эртаклар оламига, ўйинчоқларнинг дунёсига шўнғиб кетадилар.

Уч ёшдан бошлаб “мен ўзим” ибораси ва унинг моҳияти яққол намоён бўла бошлайди. У барчангизга мустақил тарзда “Мен ўзим қиламан” деб эълон қилгандек гапиради. Лекин бола қайчига интилсачи, катта одам ишлатмоқчи бўлиб турганида, болангиз “Мен ўзим” деб бақириб турса нима қилиш керак? Бундай ҳолатда албатта тушунтириш лозим. Лекин бола сизнинг гапингизга кўниб оддийгина “хўп” билан чегараланмайди. Бундай ҳолатда фарзандингизга: “Кел, сен мен қирққанларимни тахлайсан ва фалон жойга олиб бориб қўясан”, – дея ишга машғул қилишингиз мумкин. Бола бир тарафдан ўзини машғуллиги билан “керак эканман” деган фикрда катта одам сингари сизга қарашади. Сиз ҳам ўз мақсадингизга бехавотир эришасиз. Лекин катталар жуда эҳтиёткор бўлмоғи лозим. Чунки, бир сафар болани чалғитишингиз мумкин аммо кейинги сафар барибир у ўша қайчини ушлаб, бирон буюмни қирқиб кўргиси келади. Буни буткул ман эта олмайсиз, ундан кўра рухсат бериб, ўзингиз секин кузатиб турганингиз маъқул.

Албатта, бу ёшда унинг имкониятлари катта бўлмайди, лекин умуман йўқ деб айтиш ҳам мумкин эмас. Унда бундай масъулиятни шакиллантириш учун у ёки бу ишга масъул қилиб тайинлаш зарур. Бу столга жой тайёрлаш, ўз ўйинчоқларини жой-жойига қўйиш, ўйнаб бўлгандан кейин йиғиштириб, жойига олиб қўйиш, балиқлари бўлса уларни озиқлантириш, гулларга сув қуйиш ва ҳоказо. Бундай масъулиятли ишларни ўз уй шароитингиздан келиб чиққан ҳолда ўйлаб топишингиз мумкин. Буларнинг барчаси болада ғамхўрлик, катталарнинг ишончини оқлаш каби хислатларни ривожлантиради. Бунда маънавий жиҳат ҳам мавжуддир. Бола ким ҳақидадир ғамхўрлик қилишни ўрганади, нима истаган бўлса ўша нарсани қилишни эмас, масъулиятли, керакли ишни бажаришга ўрганади. Унинг барча истакларига тўсқинлик қилиш, у ёки бу ишга масъул қилмаслик, у ёки бу ишга ҳаракатни сарфлашдан озод этиш болада дангасалик, эгоизм (худбинлик), апатия (бефарқлик) каби иллатларни шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-4)

Ота-она болани у ёки бу ишга жалб қилар экан, у хурсандчилик билан бажариши ҳақида олдиндан ўйлаб қўйиши керак. Масалан, болани мажбурламанг. Бажаргиси келмаса қўяверинг, уни меҳнат жараёнига қизиқтиринг ёки натижаси ижобий бўлса мақтов сўзларини қизғанманг. У билан бирга муваффақияти учун хурсанд бўлинг. Болада бундай жараёнда катта одамдек ғурурланиш ҳиссиёти пайдо бўлади, бошқаларга фойдаси тегадиган бир инсон эканман деган туйғу уни фахрлантиради.

Кундалик ҳаёт болани тарбиялашда уни банд этишда ва мустақил бўлиши учун турли имкониятларни тақдим этади. Сайр давомида мустақил ўйнаётган болакайларга фарзандингизнинг эътиборини жалб этиш, китоб ўқиётганда эса ундаги қаҳрамонларнинг ўзлари мустақил у ёки бу ишни бажараётганликларини кўрсатиб бериш ҳам болада ана шу хислатни эслаб қолишига сабаб бўлади. Агарда болакайга кубикларга ёки карточкаларга бўлинган ягона манзарани йиғиш каби бошқотирмани олиб берсангиз ва бола уни бажара олмаса, унга кўрсатиб беришга шошилманг. Болага вақт беринг, ўзи мустақил бироз ўйлаб кўриши кераклигини таклиф этинг.

Болани тарбия қилишда уй муҳити ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Катталарнинг бир-бирига бўлган ўзаро муносабати, ширинсўзлик, кўмаклашиш, умумий меҳнат, қизиқишларидаги ҳаракат боланинг шахсиятини ижобий шаклланишида катта аҳамият касб этади.

Хуллас, фарзанд бир беозор кўринишда дунёга келади. Бошланғич уч йил давомида қолган йиллар билан солиштирганда жуда аҳамиятли ва бой кўникмаларни, тафаккурни қўлга киритади. Боланинг ана шу дастлабки йиллар давомида қўлга киритган танани, нутқни бошқаришни, фикр юритишни, хурсанд бўлишни, яхши кўришни, қайғуришни, яхши ва гўзал нарсаларни англашни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Ўз вақтида болага керакли тарбияни, керакли уқувни сингдириб бориш бутун ҳаёти давомида қийинчиликларни бош кўтарган ҳолда енгиб ўтишида катта кўмак бўлади. Ўтказиб юборган вақтни эса ортга қайтариб бўлмайди. Шу сабабли бола тарбиясини бола дунёга келиши билан бошлаш лозим.

Нурман БЕРДИЕВ,

Қарши Давлат университети ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: