АНОР ШАРБАТИ ҚОННИ ТОЗАЛАЙДИ
Табиий шарбатларнинг инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари тўғрисида кўп эшитганмиз. Аммо улар ичида янги сиқиб олинган анор шарбати ўзининг анчайин шифобахш экани билан бошқаларидан ажралиб туради.
Шунингдек, анор шарбатини истеъмол қилиш таъқиқланадиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши (гастрит) хасталиги мавжуд инсонларга анор шарбати истеъмол қилиш мумкин эмас.
Бугун анорнинг қандай ҳолатларда фойдали экани тўғрисида сўз юритамиз.
Камқонлик ва меъда-ичак фаолиятининг бузилишида кун давомида овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан уч маҳал истеъмол қилинган анор шарбати сизга шифо бўлади. Муолажа 2 ойдан 4 ойгача бўлган муддатда олиб борилиши мумкин.
Организм ва қонни токсин (заҳарли модда)лардан тозалашда ҳамда моддалар алмашинувини яхшилашда ҳам анор шарбатининг ҳиссаси беқиёс. Бунинг учун йил давомида анор шарбати ичиб туриш зарур. Айниқса 3 ҳафталик мунтазам давом этадиган муолажа яхши натижа беради. Биринчи ҳафтада ярим стакандан кунига уч маҳал, иккинчи ҳафтада икки маҳал, учинчи ҳафтада эса бир маҳалдан истеъмол қилиб бориш зарур.
Иситма, грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) ва томоқ оғриғида ҳам анор шарбатининг фойдаси бор. Оғриган томоқни анор шарбати билан чайиш ва шарбатни озгина асал билан истеъмол қилиш дарддан фориғ бўлишингизга ёрдам беради.
Иштаҳангиз яхши бўлмаса ҳам анор шарбати сизга ёрдам бериши мумкин. Бунинг учун ярим стакан анор шарбатини овқат вақтидан чорак соат олдин истеъмол қилиш кифоя.
ДИҚҚАТ!
Анор шарбатини гастрит (меъда яллиғланиши), геморрой (бавосил) ва меъда шираси нордонлигининг ортиб кетишида истеъмол қилиш мумкин эмас.
Нодира ЙЎЛДОШЕВА,
ЎзМУ талабаси