ЎFЛОН ЭР ЙИГИТ БЎЛИБ ЎССИН

Унинг тарбиясида кўпроқ ота масъулми ёки она…?

Ўзбек халқи қадимдан фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиб келган. Кўпгина адабий ва тарихий манбаларда шу мавзуга оид кўплаб далиллар мавжуд. Хусусан, “Алпомиш” достонидан Ойбарчиннинг ўғли Ёдгорбекни мард, жасур, ориятли шахс сифатида камол топиши учун жон куйдирган лавҳалар ўрин олган. Алпомиш етти йиллик бандиликдан сўнг юртини дараклаб келаётганда ўғли Ёдгорбекни учратиб сўроққа тутади. “Отам Алпомиш, юртим Бойсун, элим Қўнғирот”. Мазкур жавобдан отанинг кўкси фахрга тўлади. Албатта, бу Ойбарчиннинг фаросати, оналик масъулиятининг ифодаси эди.

Сароймулкхонимнинг Темурий шаҳзодаларга берган тарбияси ҳам тарихда алоҳида ўрин тутган. Саройларда боланинг келажагига жиддий этибор қаратилгани, махсус энагалар фаолият юритгани барчамизга маълум. Улар ҳам ўқимишли, саройда ўз нуфузига эга оила аёлларидан тайинланган. Бу мулоҳаза миллий урф-одат ва тарихимизга бир назар эди. Хўш, бугунги Ғарб ва Шарқ менталитети бир-бирига уйғунлашиб бораётган бир пайтда миллий ўзликни қадрлайдиган, ватанпарвар, ориятли йигитларни вояга етказишга кўпроқ ким маъсул: отами ёки она?

ОРИЯТИ БАЛАНД БЎЛИШИ ЛОЗИМ

– Ўғил болани мард йигит қилиб тарбиялаш ҳар қайси даврда ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланган, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, юридик фанлари номзоди Воҳиджон Топилдиев. – Уларни жамиятга фойдаси тегадиган ўғлон бўлиб етишишида кўпгина жиҳатларга эътибор бермоқ лозим. Ўғил болага қаттиққўллик қилмаслик, у билан муносабатда бўлаётганда боланинг фазилатларини ва табиатини инобатга олиш керак. Баъзида ўта талабчанлик, тарбиявий босим унинг руҳияти, эркини синдириб қўйиши мумкин. Бу эса ўзига нисбатан ишончсизликни юзага чиқаради. Қайсидир ҳаракатини мақташ ёки койиш, хатосининг оқибатларини секин тушунтириш муҳимдир. Ўғил бола фитратида шундай куч борки, унда йигит кишининг забардастлиги, шижоати, борингки, эр-йигитнинг руҳияти мужассамдир. Тарбия жараёнида бўлар-бўлмасга тергаш, уни камситиш, тақиб этаверишлар унинг тоғдек баланд руҳиятини букиб қўйиши мумкин. Бу йўқотишни эса ҳеч қандай куч билан қайта тиклаб бўлмайди.

Ўғил болани келажакда оила бошлиғи бўлишини инобатга олган ҳолда уни мулоҳазали бўлишга ўргатиш, ва ўзини руҳий ҳолатини бошқара олишга ўргатиш муҳим вазифаларимиздан биридир. Бу каби вазифаларни бола қалбига жо этишга кўпроқ ота масъул деб биламан.

Яна ўқинг:  Мусаффо ғоялар билан улғайган навқирон авлод

Шуни таъкидлаш лозимки, хорижий мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияга аъзо бўлган. Бу эса юртнинг болаларига бўлган ғамхўрлик нишонаси саналади. Ушбу қонуннинг 7-моддасида: “Бола туғилган заҳоти рўйхатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб исми билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиш, шунингдек, иложи борича, ўз ота-онасини билиш ва уларнинг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқларини олишга ҳақли ҳисобланади” дейилган. 13-модда: “Бола ўзининг фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқига эга: бу ҳуқуқ ҳар қандай турдаги ахборотни, чегарасидан қатъий назар, оғзаки, ёзма ёки босма шаклда, санъат асари кўринишида ёки боланинг танловига кўра бошқа воситалар ёрдамида излаш, олиш ва узатиш эркинлиги ўз ичига олади” деб ёзилган. Демак, барча давлатларда ҳам болалар тарбиясига, уларнинг келажакда баркамол бўлиб улғайишларига бўлган эътибор доимо назоратда.

ОТА-ЎҒИЛ ОИЛАНИНГ ҚЎШ УСТУНИ

– Ўғил бола келажакда оиласининг ҳимоячисига айланади, – дейди амалиётчи психолог Шаҳноза Халилова. – Унинг хонадондаги ўрни оиласидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган муҳитга боғлиқ. Хусусан, баъзи оилада ўғил бола яхши касб эгаси бўлиши мумкин. Мўмай даромад топиш мақсадида эрталабдан кечгача ишлайди. Шунинг учун унинг кирларини ювиб, овқатларни тайёрлаб бериш синглисининг, ёки онасининг зиммасида бўлади. Бошқа оиладаги ўғил фарзанд уй ишларини ҳам қилаверади, онасига ёрдамлашади. Қиз фарзанд йўқлиги сабабли оилада унинг ўрни бошқачароқ. Кўриб турганимиздек оилада ўғил боланинг ўрни вазиятга қараб жойлашади.

Ўғил болани ҳар қандай вазиятда ҳам ғурурли ва қатъиятли бўлиб улғайишини таъминлаш зарур. Биз ўғил болага жуда кўп йўқ деймиз. “Ундай қилма, бундай қилма, бу хавфли”га ўхшаш танбеҳларни бераверамиз. Бу эса ундаги энергияни чеклайди. Албатта, ўғил болалар тарбияси анча оғир ва маъсулиятлидир.

Ўғил бола тарбиясида эркак кишининг ўрни муҳим. Ўғил бола кучли шахс сифатида отага таянади. Шунинг учун унга ўзининг имконияти даражасидан келиб чиқиб маъсулиятли ишлар юклаб, унинг бажарилишини назорат қилиб туриш керак. Натижага қараб эса вазифаларни кўпайтириб бориш лозим. Шунда у секин-аста меҳнатга ўрганади.

СПОРТ ҚАТЪИЙЛИКНИ ЎРГАТАДИ

– Спорт ўғил боланинг фелъ-атворига таъсир қилади, – дейди халқаро тоифадаги спорт устаси Муҳтарамхон Алиева. – Уни метин иродали бўлишига, ўзининг устида ишлашга ўргатади. Боланинг ўзига нисбатан ишончи ортиб, дунёқарашини яхши тарафга ўзгартиради. Бизнинг тўгаракка кўпинча юмшоқ табиатли, тортинчоқ болаларни олиб келишади. “Фарзандимни кучли, хақиқий эр йигит каби шижоатли қилиб тарбияланг”деб менга топширадилар. Ўзида ишончи йўқ, тортинчоқ болалар бир-икки ой ичида спорт билан шуғуллангаларидан сўнг уларнинг руҳиятида қатъийлик шаклланаётганини сезаман. Бола нимжон, соғлиғи заиф бўлса ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин. Фақат машғулотни тўғри йўналишда олиб бориш керак. Бизда ҳатто имконияти чекланган болалар ҳам спорт билан шуғулланиб, мусобақаларда қатнашиб ғолиблар сафидан ўрин олмоқда. Демакки, спорт билан оқилона шуғулланиб борилса, бола тарбиясида яхши натижаларга эришилади.

Яна ўқинг:  БОЛАНГИЗНИНГ МУРАББИЙИ КИМ?

Ўғил бола оиламизнинг фахри, гулдек қизларимизнинг ҳимоячиси, кексалик чоғимизнинг роҳат-фароғати саналади. Зеро, оиламизнинг файзу баракаси, эртанги иқболи гўзал хулқли, солиҳ фарзандларимизга боғлиқ. Уларни шундай сифатлар билан зийнатлаш эса ҳар бир ота-онанинг вазифасидир.

Чарос ХУШВАҚТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: