Сулола

Инсон тақдирини бир касбга боғлаши учун унга меҳри, эътиқоди бўлакча бўлмоғи лозим. Ана шу фидойилик ва эътиқоднинг беланчаги оила саналса, хонадон катталари бунга доялик қилишади. Зеро, “катта арава қай йўлдан борса кичиклари ҳам изидан боради” деган мақол нечоғли ҳақиқат эканини отасининг ортидан қолмай яйлов кезган Серикбай ота мисолида кўриш мумкин. Қишлоқдошлари ҳали-ҳануз отаси Сагат Жузяшаровни ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олишади. Чунки, чорвачиликни ривожлантиришда бу кишининг ҳам ўз даврида катта хизмати сингган. Серикбай отаси билан биргаликда яйловларни кезиб, қўй-қўзиларни ўтлатиш уларни парваришлаш баробарида чўпонликка меҳр қўйди. Отасининг ўгитларига амал қилган ёш чўпон чорвага бутун қалб қўрини бағишлади.

Қизилқумнинг ўзига хос эркалиги билан бирга шафқатсиз ва кутилмаган синовлари ҳам кўп. Ердан қор кўтарилиб, тупроқнинг бағри илиши билан кўкламни кўтариб югурган қирлар ва қум барханлари қалбларга шижоат бағишлаб, кўнгилларни хушнуд этса, мудроқ кенгликларни оппоқ кўрпаси билан узоқ вақт ёпиб олган қишнинг аёзли ва аччиқ совуқлари чўпонни анча ташвишга солиб қўяди. Бу чўлнинг табиати ана шундай тасодифларга бой.

Шундай бўлса-да, Серикбой ота сингари бой тажрибага эга чўпонлар бундай қийинчиликларни қандай енгиб ўтиш мумкинлигини яхши билишади. Чўпонлик таёғини унга топширилаётганда ҳам ана шу бой тажрибага ишонч билдирган бўлса не ажаб. Орадан қирқ йил ўтибди ҳамки, отарларга отарлар қўшилиб, яйловларни қўй-қўзига тўлдирди. Мустақиллик йилларида чорвага эътибор кучайди, чўпонларнинг меҳнати қадр топди. Ота касбини танлаган Серикбой Сагатовга “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилди. Бу мукофот унинг меҳнатига, фидокорлигига қўйилган юксак баҳодир.

– Бу қўй жониворнинг ортидан юриб турмасанг, ниятингга эришолмайсан. Йил – ўн икки ой юргизиб турсанг, молинг соғлом, бақувват бўлади. Бунинг учун чўпон-чўлиқдан ҳам катта масъулият талаб этилади. Отарни бир яйловга қамаб бўлмайди. Эрта кўкламдан то ёзнинг жазирамасигача бир яйловга, қирқимдан кейин бошқа яйловга ҳайдаймиз. Мол ҳам ҳаво алмаштириши, жойини ўзгартириб туриши керак. Чунки, ҳар бир яйловнинг ўзига хос табиати, ўсимлик дунёси бор. Чорва эҳтиёж сезган пайтда ана шу неъматлардан баҳраманд бўлиши лозим. Буни эса чўпон ўз вақтида сезиши талаб этилади, – дейди фахрий чўпон, “Ўзбекистон қаҳрамони” Серикбой Сагатов.

Яна ўқинг:  ЮРТ БОР, ЮРАГИНГ СОҒ УРАР, БОЛАМ!

“Меҳнат қилган етар муродга”, деган нақл эса яна ўз исботини топди. Серикбой отанинг вояга етган етти нафар фарзанди ҳам бу анъанага содиқ қолди. Қаҳрамон чўпон бугун отарини фарзанди Нуржонга топширганидан кўнгли хотиржам. Қарамоғидаги 417 бош совлиқдан юз фоиз соғлом қўзи олишга эришди. Чорва учун долзарб бўлган барча жараёндан ҳам отасининг маслаҳатлари, ҳам ака-укаларининг бирдамлиги билан муваффақиятли ўтиб олди.

Бугунги кунда 7 фарзанд ва 15 неваранинг бахти камолини кўриб умргузаронлик қилаётган фахрий чорвадор Серикбай отанинг тилида шукроналик. Зеро, қилган меҳнатига юксак билиб уни муносиб мукофот билан эътироф этган юрт фарзанди бўлганига фақат ва фақат шукрона қилсанг арзийди.

А. НОРБОЕВ,

И. БАҲРОНОВ,

Навоий вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: