КЕЛАЖАК ВОРИСЛАРИ

Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш кабидир. Шу боис ёшларга дунё фанларидан ташқари ҳаётда уларга бир умр йўлдош бўладиган касб-ҳунарларга ўргатиш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири. Бунда республикамизда фаолият олиб бораётган касб-ҳунар коллежлари муҳим аҳамият касб этади. Шунга мос равишда бугунги замонавий ўқитувчидан ўқувчини ўзи таълим олаётган касб-ҳунар бўйича тўғри йўналтира оладиган, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган бўлиши талаб этилади.

Илгари ўқув муассасаларида амалиёт ва назария бир-биридан айро ҳолда олиб борилар, дарслар эса сийқаси чиққан ва зерикарли усулларида ўтилар эди. Ҳозирги даврда эса шахсни фикрлашга, идрок қилишга ундайдиган замонавий пед-технологияларни дарс жараёнига жорий этиш натижасида ўқувчилар ҳаттоки мустақил тадқиқот олиб бориш имкониятига ҳам эга бўлмоқдалар.

Ана шундай ўқитувчиларни ўзида бирлаштирган Андижон вилоятидаги Булоқбоши саноат касб-ҳунар коллежи вилоятдаги энг кўзга кўринган ва наъмунали билим масканларидан бири саналади.

Билим масканидаги 83 нафар педагог ва мухандис педагоглар таълим тизимига оид қонунларни чуқур ўрганиб, таълим сифатини, ўқувчиларнинг давоматини яхшилаш, ёшларга керакли билим ва тарбия бериб, ўзларининг педагогик салоҳиятини ошириш мақсадида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқдалар.

Мазкур коллежда ўқувчиларнинг амалиёт ўташи, ўқишни битиргандан кейин иш билан таъминланиши масаласига жиддий эътибор берилади. 2011-2012 ўқув йилида 8та йўналиш ҳамда 11 та мутахассислик бўйича 1561 нафар ўқувчи таълим олган бўлса, уларнинг 517 нафари битирувчилардир.

Битирувчиларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ўташи учун 120 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Шу жумладан, “Андижоннефть” очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ) билан 108 нафар, “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” унитар шўъба корхонаси билан 85 нафар, “Хўжаобод технологик-транспорт бошқармаси” очиқ акциядорлик жамияти билан 26 нафар, “Асқарали Хожи” масъулияти чекланган жамияти билан 18 нафар битирувчи уч томонлама шартнома тузиб, мутахассисликлари бўйича ишга жойлашдилар. Вилоятдаги фермер хўжаликлар ва хусусий корхоналари билан жами 202 нафар битирувчи уч томонлама шартнома тузиб, иш билан таъминландилар.

Коллеж битирувчиларидан Ҳасан ва Ҳусан Каримовлар, Турсунбой Исломов, Эргашбой Раҳмонов, Мирзоҳид Эгамназаровлар “Андижоннефть” ОАЖда мутахассислиги бўйича ишлаб тенгдошларига намуна бўлиб келаётганлиги педагоглар жамоасининг фидойи меҳнатлари натижасидир.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан бириктирилган “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” унитар шўъба корхонаси, Вилоят ҳокимлиги томонидан бириктирилган “Андижонёғмой” ОАЖ ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти билан ҳомийлик ва ҳамкорлик шартномалари тузилиб, амалга ошириладиган ишлар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Яна ўқинг:  САМАРАЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ: ЭЛГА ҲИММАТ

Юқоридаги ҳомий ташкилотлар томонидан коллеж ўқувчиларига моддий ва маънавий ёрдам берилди. Жумладан, “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” унитар шўъба корхонаси билим масканини “Нефть ва газ” йўналиши бўйича плакатлар, китоблар, кўргазмали қуроллар учун деталлар билан таъминладилар. “Андижонёғмой” ОАЖ билим даргоҳида ўтказилган битирувчиларга диплом топшириш маросимида 10 нафар ўқувчини қимматбаҳо совғалар билан мукофотлади. Ўзларининг билими, жамоа орасида тутган ўрни ва коллеж ҳаётида эришаётган муваффақиятлари билан ўрнак бўлаётган муҳандис-педагоглардан 10 нафари коллеж маъмурияти томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилди.

Амалиётчи ўқитувчилардан Тўлқин Шербоев, Аҳмадилло Жумабоев, Маъруфжон Қобулов, Тоҳиржон Юлчиевлар “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” унитар шўъба корхонаси ва “Андижоннефть” ОАЖда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини муваффақиятли ўташларида яқиндан ёрдам бердилар. Битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича жамоада аниқ тадбир ишлаб чиқилди ва ҳар бир педагог ходимга 6 нафар ўқувчи бириктирилиб уларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Шунингдек, вилоят ва туманда ўтказилган иш билан таъминлаш ярмаркаларида 18 нафар ўқувчи иштирок этишиб, ярмарка томонидан бўш иш ўринларига ва янги очилган ўринларга ишга жойлашдилар.

Коллиж ва ҚВП ҳамкорлигида қизларни оналикка тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини ташкил этиш мақсадида “Соғлом она – соғлом бола” шиори остида кўрик-танлов, спорт мусобақаларининг мунтазам ўтказилиши қизларни мустақил ҳаётга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Булоқбоши саноат касб-ҳунар коллежида фаолият юритаётган жисмоний тарбия кафедраси муваффақиятларини алоҳида қайд этиш ўринли. Боиси, ўқув масканида талабаларнинг ҳар томонлама соғлом, бақувват бўлиб вояга етишлари, ҳар хил салбий иллатлар таъсирига тушиб қолмаслиги, бўш вақтини унумли ўтказишини таъминлаш тўғри йўлга қўйилган. Кафедра мудири Маҳлиё Диканова ва уч нафар жисмоний тарбия ўқитувчилари спортнинг волейбол, баскетбол, стол тенниси, футбол, бокс, шахмат-шашка каби 7 та тури бўйича тўгаракларда ўз иш фаолиятини олиб боришмоқда. Замон талаби даражасидаги спорт зали ва спорт майдонлари талабалар ихтиёрида.

Мамлакатимизда кейинги даврда чекка қишлоқ жойларида соғлом турмуш тарзини ташкил этиш мақсадида аёллар спортига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Маҳлиё Диканова барча аёл ва қизларни спортнинг гўзал ва жозибали тури гимнастика йўналишига жалб этиб, машғулот ўтказиб келаётгани айни муддаодир. Бунинг натижасида оилаларда фарзандлар саломатлиги мустаҳкамланмоқда.

Яна ўқинг:  ЧИМЁН ТОҒЛАРИДАН ТАРАЛГАН САДО

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили” муносабати билан маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда коллеж қизлари иштирокида “Спорт – бу гўзаллик” шиори остида ритмик гимнастика спорт мусобақалари ўтказилди. Спорт билан мунтазам шуғулланаётган 10 нафар қиз давлат томонидан бепул спорт кийимлари билан таъминланди.

Айниқса, коллеж талабаларининг вилоят ва туманларда ўтказилаётган спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб муваффақиятларга эришаётгани педагоглар жамоаси, ота-оналар ва тенгдошлари қалбига ғурур бағишлайди. Жумладан, туманда Мустақиллигимизнинг 21 йиллигига бағишлаб ўтказилган спорт мусобақаларида қизлар ўртасида 2-босқич талабаси Машҳура Йўлдошева фахрли 1-ўринни, стол тенниси бўйича 308-гуруҳ талабаси Достон Тожибоев 2-ўринни эгалладилар. Шунингдек, туман ҳокимлиги ҳамда коллежлар томонидан “Спорт – дўстлик элчиси” шиори остида ташкил этилган катта спорт мусобақаларида 308-гуруҳ талабаси Муҳайё Маҳмудова шашка бўйича 2-ўринни эгаллади. Республика миқёсида ўтказилган спортнинг бокс тури бўйича (1995-1996 йил туғилганлар ўртасида) мусобақада 1-босқич талабаси Шерзод Комилов фахрли ўринни эгаллади.

Биз ишонамизки, бугунги ёшлар уларга берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз билим ва маҳоратларини оширадилар. Келгусида улар мамлакатимиз ривожини таъминлайдиган малакали кадрлар бўлиб вояга етишларига ишонамиз.

Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,

Муҳаббат ХЎжамуродова,

Андижон вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: