КУЗНИНГ СУРАТИ

Ҳаяжонларим хаёлга тутқич бермайди. Дунёга сиғаману, ўзимга сиғмайман. Хаёлим семурғ қушлар янглиғ парвоз қилади: кўзлаган манзилин ихтиёр этади… етдим деганда йўл ҳали олислигини англайди. Менинг мусаввир кўнглим шундай! Қўлимга қалам тутган онларимдан ранг ахтараман – уни бўёқларда эмас, ҳолатларда сирли шивирлашини истайман. Оддийгина муҳрлагим келади: самою заминнинг бағри бирлашиб, олтинрангга айланади.

Дунёнинг энг мўйсафид эртакчиси чўпчак айтаётгандек: “Чирт-чирт” узилаётган япроқлар кузнинг огоҳлантирувчи илк мактублари. Жунжиктирувчи шамоллар кутилган ва йўлланган хабарнома. Томчилар замин орзиқиб пешвоз чиққан оби замзам…

Поёни адоқсиз кенгликларга разм соламан: шамол мусиқасига рақс тушаётган япроқлар садоси алла айтаётир гўё. Кузнинг азалий қўшиқларининг абадий нақоротидек… Кўзларга муҳрланган қўшиқлар бу! Унда шамолнинг этакларида ёмғир болалайди… шамолнинг этакларида қўл ушлаган япроқлар айланади, айланаверади – болаликнинг доира ўйинидек адоқсиз. Бебош елларга дош беролмаган япроқлар ўмбалоқ ошади – қишлоқнинг боласидек.

Кузнинг суратини чизмоқчи бўламан…

Излаганим изларига аста бўёқ тортаман. Бобом минг йиллик насиҳатини такрорлайди: Куз қишнинг даракчиси, болам. Дарахтнинг барглари пастидан тўкилса қиш илиқ келади, тепасидан тўкилса совуққа тадорик кўриш керак. Бувим ҳам анойи эмас, кеча айтгани ёдида бўлсада, яна эслатиб қўяди, қушлар паст ва ёйилиб учса қиш илиқ ўтади…

Кузнинг суратини чизмоқчи бўламан…

Кечки пайт турган шамолдан Онам деразаларни аста очади: — Ёмғирнинг ҳиди келяпти, жонингга ҳузур бағишлайдиган…

Тонгда Отам ромли айвоннинг ойнакларини очиб юборади — ёмғирнинг салқини “гуп” этиб урилсада жунжиктирмайди. Роҳатбахш эпкин эсади…

Кузнинг суратини чизмоқчи бўламан…

Ёмғирпўш кийиб, соябон тутган болакай ковушчаси сувга тўлганидан бехабар сакрайди: кимнинг оғзига етти томчи ёмғир тушса сеҳргарга айланармиш…

Кўпқаватли уйларнинг эрка набираси оёқлари орасидан бошини чиқариб “йўл кўради”. Бобою бувининг қувончи қўш бўлади. Набирасини янаям суйиб қўяди:

– Бугун қишлоқдан меҳмон келадиганга ўхшайди, кўзларингга тумор бўлай болам…

Чолу кампирнинг гаплари тугамасдан эшик қўнғироғи жиринглайди. Аввал остонада олма, анор, ёнғоғу қовоқлар солинган саватлар, кейин меҳмонлар кўринишади. Хонани тўкин боғларнинг иси тутади.

Кузнинг суратини чизмоқчи бўламан…

Дилфуза ШОМАЛИКОВА

Яна ўқинг:  Одамийлик дарсхонаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: