Босма ОАВга ГРАНТ МАБЛАҒЛАРИ АЖРАТИЛДИ
Мамлакатимизда ахборот соҳасидаги туб ўзгаришлар кучли фуқаролик жамияти шаклланишининг, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашнинг зарурий шартидир. Мазкур омиллар оммавий ахборот воситалари ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясида мустақил оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда ОАВ ўрни ва аҳамиятини янада кучайтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилиши мустақил ННТ,ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларини босқичма-босқич ривожлантириб боришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўтган давр мобайнида 250 нафардан ортиқ мустақил оммавий ахборот воситалари 8,8 миллиард сўм миқдорида давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалари ва грантлари шаклида қўллаб-қувватланди. Жорий йилда Парламент комиссияси томонидан мустақил ОАВларининг лойиҳа ва дастурларини қўллаб-қувватлаш учун икки миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Тадбирда танлов ғолиби бўлган 43 нафар мустақил ОАВга 650 миллион сўмлик навбатдаги давлат гранти сертификатлари топширилди. Ғолиблар орасида «Каракалпак адебияты» , «Бухоро оқшоми», «Яккабоғ овози», «Бувайда кўзгуси» каби вилоят нашрларининг борлиги қувонарлидир.
Жамила ҲАЙДАРОВА