Боланинг БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

Ўқитувчи ўзининг маънавий қиёфаси, ички дунёси, маданияти билан атрофдагиларга намуна бўлиши керак. Шу билан бирга ўз касбини, болаларни севадиган инсонгина вақти келиб касбидан ҳурмат-эътибор топади. Айтиш жоиз бўлса, эл аро камол топиб, улуғликка эришади.

Ана шундай инсонлардан бири Елена опа Забирова Нукус Давлат Педагогика институтининг “Бошланғич таълим методикаси” факультетида таҳсил олди.

1998 йилдан 2000 йилгача “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг Қорақалпоғистон Республикаси худудий филиали директори лавозимида фаолият олиб борди. Турли ташкилотлар билан ҳамкорликда хайрия тадбирларини ўтказиш, кам таъминланган оилалар фарзандларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш каби эзгу ишларга бош-қош бўлди.

Ишлашдан ва ёшларга ўз тажрибасини ўргатишдан асло чарчамайдиган, аксинча бундан завқ оладиган, эллик йилдан зиёд умрини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган бу аёлни нафақат шогирдлари, балки барча педагогика соҳаси вакиллари бугун Она деб аташади. Чунки, фидойи ва заҳматкаш бу инсон қаерда фаолият олиб бормасин, барчага бирдек педагогика соҳасининг “ипидан игнасигача” тушунтиришга, унинг масъулияти ва роҳати ҳам меҳнат эканини англатишга ҳаракат қилади. Ҳозирда Елена Забирова К.Убайдуллаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Республика ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг “Мактабгача ва бошланғич таълим” кафедраси доценти сифатида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими методик-намунавий маркази директори бўлиб фаолият юритмоқда.

– 53 йилдирки, халқ таълими тизимида фаолият юритиб келмоқдаман, – дейди лавҳамиз қаҳрамони биз билан суҳбатда. – Шундан 20 йилдан зиёди мактабдаги амалий ишга тўғри келади (1977-1997). Биласизми, болалар билан ишлаш жуда машаққатли ва масъулиятли. Чунки, улар ҳар нарсага қизиқувчан бўлишади. Фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашда эса таълим тизимининг аҳамияти катта. Шу мақсадда уларнинг билим савияси, этик ва эстетик дунёқарашини шакллантириш мақсадида бошланғич синфлардаёқ махсус фанлар ташкил этилмоқда. Хусусан, этика алифбоси, ўқиш, табиатшунослик, бизни ўраб турган олам, меҳнат, математика, жисмоний тарбия шулар жумласидандир. Бошланғич синфлар, айниқса, 1-2 синф ўқитувчилари ёзиш шарт-шароитларини ўқувчиларга сингдириб бориши лозим.

Яна ўқинг:  Илм мангу шуъладир

Елена опанинг ўқув хонасига кирар экансиз, у ерда болалар чизган натюрморт, юртимизда етиштириладиган мева-сабзавотлар, тоғу тошлар, она табиат тасвирланган суратларга кўзингиз тушади. Дераза токчаларидаги гулларга боқиб баҳру дилингиз очилади. Бу ерда устоз табиатни севувчи ўқувчилар учун тўгарак ҳам ташкил этган. Қизларга алоҳида меҳмон кутиш, дастурхон тузаш, муомала маданиятини ҳам ўргатади. Устознинг хонаси ўқувчилар билан доимо гавжум.

Ажойиб инсон, меҳрибон она, жонкуяр устоз Елена Забированинг қатор йиллардаги меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. У “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси”, “Методист-ўқитувчи”, “Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълимида хизмат кўрсатган ходим” каби кўкрак нишонларига сазовор бўлган. Фахрий устознинг оммавий ахборот воситаларида ўттиздан зиёд мақолалари чоп этилган.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: