Дардга малҳам “ДИЛЧЕҲРА”

– Анчадан буён юрагим безовта қилади, кардиологга кўринмоқчи эдим.

– Келинг, холажон! Клиникамизда барча йўналишдаги малакали шифокорлар бор. Жумладан, кардиологимиз ҳам жуда тажрибали. Қани юринг-чи, сизни ўзим шифокорга олиб кираман, – дея онахонни ичкарига етаклади оқ халатли ҳамшира.

Ўша куни юрак оғриғидан безовталаниб келган Ризвон хола Давлетова кардиолог кўригидан ўтиб, шифокор маслаҳатларига амал қилгач, ўзини енгил ҳис этди. Мижоз анчадан сўнг ширинсухан шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли ўзини соғлом ҳис этаётганини айтиб, клиника раҳбарига ўз миннатдорлигини билдирди.

15 йилдирки, тиббиёт соҳасида сифатли сервис хизматини йўлга қўйиб, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган Чирчиқ шаҳар “Дилчеҳра” хусусий клиникаси хизматидан хурсанд ана шундай мижозларнинг саноғи йўқ. Чунки, бу масканда мижозларга тезкор, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, санитария-гигиена қоидалари ва тартиб-интизомга риоя этиш биринчи ўринда турса, бино атрофининг ободонлаштирилгани, манзарали дарахтлар сояси ва гулларнинг барқ уриб очилиб ётгани клиникага қадам ранжида қилган инсонларнинг руҳиятига янада ижобий кўтаринкилик бағишлайди.

Соҳадаги кўп йиллик амалий тажрибаларига таяниб иш тутувчи муассаса раҳбари Ражаббуви Имомбердиевага инсонларга доимо яхшилик қилиш хислати аслида онасидан ўтган. Оилада саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб ўстирган, саранжом-саришта, тежамкор ва пазанда бўлган Зийра ая фарзандлари ичида Ражаббувидан умиди катта эди. Тез-тез оғриб, шифокорларга мурожаат қилавериш кичик қизчанинг ёш қалбида ниш урган ҳамшира бўлиш истагини қатъий аҳдга айлантирди.

Ота-она иқтидорли қизини касбга йўналтиришда адашмаган экан. Ҳар ишда зукко, тиришқоқ қиз мактабни тугатгач, энг юқори балл тўплаб тиббиёт коллежига ўқишга кирганда ота-онанинг қалби қувончга тўлди. Улар кексайганда беминнат тиббий кўмакдан баҳраманд бўлишни ўйлаб, фарзандини эл корига ярайдиган шифокор бўлишини сўраб, дуолар қилишди.

“Олтин олма, дуо ол”, – дейди доно халқимиз. Ота-она розилиги ва дуосини олиб, қалби эзгуликка йўғрилган Р.Имомбердиева 1976 йилда Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт билимгоҳини тугатгач ўзи туғилган Нанай қишлоғидаги “Жаҳонобод” шифохонасида илк ҳамширалик фаолиятини бошлади. Чирчиқ шаҳридаги болалар шифохонасидаги фаолияти мобайнида ўз амалий тажрибаларини ошириб, эл ҳурмат-эътиборини қозонди.

– Мамлакатимизда хусусий тиббий сервис хизматини ривожлантиришда ўз муносиб ҳиссамни қўшиш мақсадида туман тадбиркорлик бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўллаб-қувватлаши туфайли Чирчиқ шаҳар марказидан уч хонали уйни ижарага олиб, физиотерапия бўлимини очдим. Албатта, бу муолажаларни тайинлаш учун мутахассис шифокорнинг тавсияси лозим. Чунки, физиомуолажаларнинг акс таъсири саломатликка зарар етказади. Шундай қилиб, бўлимда етти нафар олий ва ўрта тиббиёт ходимларини иш билан таъминладим. Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Чирчиқ туман филиалидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бериладиган кредитдан дастлаб 12 миллион сўм, сўнг эса 60 миллион сўмлик маблағ олиб, қўшимча хоналар ва ишчи ўринларини яратдим. Хоналар замонавий тиббий ускуналар, жиҳозлар билан таъминланиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шу тариқа муассаса 15 йил мобайнида янгиланиб, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масканига айлантирилди. Ҳозирда клиникамизда 11 нафар олий тоифали шифокор-мутахассис, 12 нафар малакали ҳамшира ва 4 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Шуни мамнуният билан таъкидлайманки, мамлакатимиздаги мен каби тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишлари, меҳнат қилишлари учун шунча шарт-шароит ва имкониятларни яратиб берган муҳтарам Президентимизга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак оз. Бизнинг бурчимиз ана шу ғамхўрлик ва ишончни оқламоқдир, – дейди қувонч билан Ражаббуви Имомбердиева.

Яна ўқинг:  МТМлар бола таълим-тарбиясида муҳим пойдевор

Ҳа, “Дилчеҳра”га нафақат шаҳар аҳолиси, балки турли вилоятлардан ҳам мурожаат этаётганларнинг кўплиги бу ерда кўрсатилаётган замонавий тиббий хизматнинг самарали эканидан далолатдир. Клиникада невропатолог, кардиолог, гинеколог, эндокринолог, терапевт, болалар шифокори каби шифокор-мутахассислар, шунингдек, УТТ(ультратовушли тўлқин текшируви), ЭКГ, физиотерапия хоналари, қон ва пешоб анализларини таҳлил қилиш клиник лабораторияси, тиббий асбобларни стериллаш хоналари самарали фаолият юритмоқда.

Жорий йилда “Соғлом бола йили” давлат дастурини самарали амалга ошириб келаётган ишбилармон раҳбар клиникани замонавий жиҳозлаш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида яна бир савобли ишга қўл урди. Клиника Корея Республикасининг “Samsung medison” компанияси билан 260 миллион сўмлик кредит шартномасини имзолади. Аввалдан ушбу компаниянинг ишончини оқлаган клиникага янги русумдаги замонавий тиббий ускунанинг келтирилаётгани муҳим янгилик бўлди. Кўп функцияли “Доплер” ускунасининг келтирилиши турли хавфли ва хавфсиз ўсмаларни аниқлаш, юрак қон-томир, аёллар жинсий аъзолари хасталиклари, тери ости ҳосилаларини, урологик ва гинекологик ҳамда суяк касалликлари, чақалоқларга тўғри ва аниқ ташхис қўйиш имконини беради.

Амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Ҳар куни 50-60 қатновли мижозларга тиббий хизмат кўрсатиш хоналарининг сони 15 тага етказилиб, клиник лаборатория кенгайтирилгани, уларни тиббий жиҳозлар билан таъминлангани ютуқлар самарасидир.

Клиникада ходимларнинг ижтимоий муҳофазасига ҳам катта эътибор қаратилган. Маош ўз вақтида берилиб, байрамларда ходимлар моддий рағбатлантирилади. Кам таъминланган ходимларга моддий ёрдам ташкил этилмоқда. Айниқса, тиббий хизматга эҳтиёжманд, ёлғиз ва ногиронларга, ёрдамга муҳтож оилалар учун ЭКГ ва УТТ текширувларининг бепул қилиб белгиланиши, ҳар йили 800 нафардан зиёд коллеж ўқувчи-қизларининг бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши “Дилчеҳра”нинг эл корига яраётганидан далолатдир.

Ана шундай масъулиятли вазифани уддалаб, эл саломатлиги йўлида хизмат қилиб келаётган Р.Имомбердиева оилада меҳрибон она, кўплаб шогирдларга устоз, турмуш ўртоғига садоқатли ёр ҳамдир. Унинг Низомий Давлат университети дефектология йўналишида таҳсил олган қизи Дилчеҳра клиникада раҳбар ўринбосари, Зойиржон “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”ДАКда назоратчи бўлиб фаолият юритмоқда.

Хайрли ишнинг кечи йўқ, дейди донолар. Шундай бахтни, шараф ва фахрни ҳис этиб, эл саломатлиги йўлида меҳрини, қалб-қўрини бағишлаб келаётган ана шундай фидойи инсонлар бахтимизга доимо бор бўлсин!

Яна ўқинг:  Қутлуғ ёшли қизалоқ

Марям АҲМЕДОВА,

Тошкент вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: