САРВИНОЗ – халқаро тоифадаги спорт устаси
Халқаро шахмат федерацияси – FIDEнинг Норвегияда бўлиб ўтган конгрессида сирдарёлик Сарвиноз Қурбонбоевага “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бугун ўзбек шахматчилари қитъа ва жаҳон чемпионатлари, жаҳон шахмат олимпиадаси, Осиё ўйинларида мунтазам юқори ўринларни эгаллаб, мамлакатимизда вояга етаётган ёш авлод дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлаб келмоқда. Сарвиноз Қурбонбоева ҳам ана шундай ёшлардан.
– Сарвинозга бундай унвонни беришда унинг халқаро мусобақаларда қўлга киритган ютуқлари эътиборга олинган, – дейди шахмат бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мураббийи Маматқул Хайлаев. – Ўйлайманки, у ўзининг зафарли одимларини давом эттиради, бундан кейин ҳам юртимиз довруғини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшади.
Айни кунларда С.Қурбонбоева 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.