Мактаб ярмаркалари

ёш авлоднинг янада чуқур билим эгаллашига қулайлик яратади

Фарзанди мактаб ёшига етган ота-онанинг қувончини ҳеч кузатганмисиз? Ўқув йили бошланишидан анча аввал боласига мактаб форма излай бошлайди. Тўғри-да, ким дилбандининг ораста, чиройли бўлиб юришини хоҳламайди, дейcиз?!

Айни пайтда ҳар янги ўқув йили олдидан ташкил этилиши одат тусини олган мактаб ярмаркалари қизғин паллага кирган. Ўзбекистон Республикаси Халқ талими вазирлиги маълумотларига қараганда бу йил мамлакатимиз бўйлаб 1885 та мактаб ярмаркалари ўқувчилар учун зарурий ўқув қуроллари етказиб бераётир. 398 та бозор ва 276 та йирик савдо мажмуаларида ҳам худди шундай ярмаркалар ташкил этилди. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларига 130 та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатмоқда. Бундан кўринадики, мактаб ярмаркалари жажжиларнинг ҳақиқий шодиёнасига айланган. Ҳар бир бириктирилган таълим муассасаси болаларнинг бахтиёр кулгиси билан тўлиб-тошган.

ЭНДИ ИСТАГАН РАСМНИ ЧИЗА ОЛАМАН

Жасуржон пойтахтимиздаги 252-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси. Уни суҳбатга тортарканмиз, у тўлқинланиб, бошланажак ўқув йилини фақат беш баҳоларда якунлашига сўз берди:

– Мен математика, ўқиш, она тили фанларига, шунингдек, расм чизишга қизиқаман, – дейди у. – Ёзги таътил давомида ҳам ўтган йилги сабоқларимни такрорлаб чиқдим. Ҳозир эса мактаб ярмаркасидан кўпгина дарс жараёнида керак бўладиган ўқув қуролларини харид қилдим. Қаламларни айтмайсизми, хоҳлаган рангидан топиш мумкин. Энди истаган расмимни чиза оламан.

Дарҳақиқат, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасининг маълумотларига кўра пойтахтимиздаги 24 та умумтаълим мактаби қошида мактаб бозорлари ташкил этилди. Уларга эса яқин атрофдаги 102 та таълим муассасаси ўқувчилари бириктирилган. Мазкур ярмаркалар 92 минг нафар болани қамраб олиши кўзда тутилган.

ЯРМАРКАЛАР 76 ТА УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўқувчиларни сифатли ўқув қуроллари билан таъминлаш Тошкент вилоятида ҳам яхши йўлга қўйилган.

– Вилоятдаги 76 та умумтаълим мактабида ярмаркалар ташкил этилди, – дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ахтам Абубакиров. – Ушбу бозорлардан 500 га яқин таълим муассасаси ўқувчилари фойдаланишлари мумкин. Қолаверса, бу йилги ярмаркада 327 минг нафарга яқин болани қамраб олиш режалаштирилмоқда.

Ҳа, Тошкент вилоятида бу борадаги ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлардан нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-онаси ҳам миннатдор.

Яна ўқинг:  Кичкинтойлар қувончи – чексиз илҳом бахш этади

ОЛИС ТОFЛИ ВА ЧЎЛ ҲУДУДЛАРИГАЧА…

– Бошқарма тасарруфидаги 108 та умумтаълим мактабида ташкил этилган мазкур ярмаркаларда вилоятимиздаги барча ўқув муассасалари бириктирилди, – дейди Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қурбон Исмоилов. – Айни пайтда ҳар бир нуқтада 26 турдаги сифатли ўқув қуроллари ўз эгаларини топаётир. Унутмаслик керакки, бу каби қулайликлар, албатта, ёш авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан етук бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Барча вилоятлардаги каби Қашқадарёда ҳам ярмаркалар ишини мувофиқлаштиришга масъуллар тайинланган бўлиб, улар савдо-сотиқ жараёнининг ҳаққоний ўтишини назорат қилади. Шунингдек, олис тоғли ва чўл ҳудудлари, хусусан, Китоб, Деҳқонобод, Қамаши ва Чироқчи туманларининг марказдан узоқ жойлари ўқувчиларини қамраб олиш мақсадида кўчма автодўконлар қатнови йўлга қўйилди.

СПОРТ КИЙИМЛАРИ ҲАМ

Андижон вилояти мактаб ярмаркаларида 28 турдаги ўқув қуроллари, мактаб формалари ва спорт кийимлари сотилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳудудлардаги хусусий тадбиркор чеварлар томонидан ўқувчилар учун қулай, арзон ҳамда сифатли матолардан тикилган мактаб формалари кўргазмалари ҳам ташкил қилинмоқда.

Вилоят Халқ таълими бошқармасининг маълумотларига кўра, 72 та умумтаълим мактабида мактаб ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилиб, 365 та таълим муассасасининг 187 минг нафардан зиёд ўқувчиси қамраб олиниши кўзда тутилмоқда. Қолаверса, шаҳар, туманлар ҳудудидаги буюм, озиқ-овқат бозорлари ҳамда йирик савдо комплекслари ва дўконларида ташкил этилган “Мактаб бозорлари”дан фойдаланадиган мактаблар сони 377 тага етган. Ундан 197 минг нафардан зиёд ўқувчи ўқув қуролларига бўлган эҳтиёжини қондириши мумкин.

БУ БОЛАЛАРГА ФАҚАТ ҲАВАС ҚИЛИШ КЕРАК

Мактаб ярмаркасини айлана туриб, беихтиёр ўзимнинг ўқувчилик йилларим ёдимга тушди, – дейди термизлик Бахтиёр Усмонов. – Акамнинг сумкасини уч йил тутганман. Мактаб кутубхонасида ишлатаверилиб, сийқаси чиқиб, саҳифалари титилиб қолган китобларга андармон бўлиб ўқувчилик йилларимизни ўтказган эдик. Бугун кенжа фарзандимга ўқув қуроллари, портфель ва яна ўқув йили учун зарур нарсалар олишга чиқдик. Биласизми, мен кўрсатган маҳсулотлар ўғлимга маъқул бўлмаяпти. Бундан севиндим. Иккинчи синф боласининг диди юксаклигидан лол қолдим. Менимча, мустақил Ўзбекистонимизнинг энг катта ютуғи ҳам шу савияси баланд ёш авлод. Бу болаларга фақат ҳавас қилиш керак.

Яна ўқинг:  Бир мақсад йўлида ўзаро тотувликда

Дарҳақиқат, юртимизда ёш авлод камолоти йўлида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилаётир. Ана шундай тадбирлардан бири сифатида болажонларнинг хотирасида ўчмас из қолдирадиган мактаб ярмаркалари ҳам Сурхондарё вилоятида уюшқоқлик билан ташкил этиляпти. Айни пайтда вилоятдаги 64 умумтаълим мактабида фаолият бошлаган мактаб ярмаркаларида барча ўқувчилар қамраб олинмоқда.

370 МИНГГА ЯҚИН ЎҚУВ ҚУРОЛЛАРИ

Наманган вилоятидаги мактаб ярмаркалари эса 155 минг нафардан зиёд ўқувчининг сифатли ўқув қуролларига бўлган эҳтиёжини қондиришни мақсад қилган. Вилоят Халқ таълими бошқармаси маълумотларига қараганда ташкил этилган 46 та умумтаълим мактаби ярмаркаларида 370 мингга яқин ўқув қуроллари сотиш режалаштирилмоқда. Мавжуд нуқталарда 689 та таълим муассасаси ўқувчилари бириктирилади.

Мактаб ярмаркалари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам кўтаринки савияда ташкил этилган. Энг муҳими, сотувга қўйилган маҳсулотларнинг аксарияти ўзимизда ишлаб чиқарилган.

Таъкидлаш жоиз, жойларда ташкил этилган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси етказиб бераётир. Маҳсулотларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Бу йилги мактаб ярмаркаларида 6 миллион ўқувчи учун эҳтиёж заҳираси шакллантирилган. Эслатиб ўтамиз, мазкур жараён жорий йилнинг 10 сентябрига қадар давом этади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: