МУСТАҚИЛЛИК ТУҲФА ЭТГАН САОДАТ

ёхуд “Бахтиёр она” ҳайкали пойидаги ўйлар

Қучоғида яйраб ётган фарзандига меҳр билан боқиб турган онанинг нигоҳида чинакам ҳаёт қувончи акс этади. Бу қувонч лаҳзаларни нурафшон ранглар билан безайди. Табиат ана шу ранглардан жилоланиб туради. Оила қўрғонида бола кулгуси янграганда, хонадон файзу баракага тўлади. Ҳаёт давомийлиги таъминланади, кўнгилларга ободлик из солади. Оила – мўъжаз ватан, демак, бахтиёр она – обод Ватан рамзи, фаровон турмуш тимсолидир.

Бугун юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни камол топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бу йўналишга мустақилликнинг илк йилларидан юксак эътибор қаратилди. Истиқлолга эришган мамлакатнинг илк ордени “Соғлом авлод учун” номи билан таъсис этилди. “Соғлом она – соғлом бола” тамойили давлат ва жамият даражасига кўтарилган устувор вазифага айланди.

Таъбир жоиз бўлса, давлатимиз раҳбари, Президент Ислом Каримовнинг “кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатларини ёдга олиш ўринлидир. Ундай пайтларда беихтиёр болалик дамларимни хотирлайман, норасида қалбимизни ҳадикка қўйган қишлоқдаги пастқам, кўримсиз фельдшерлик пункти, исмини эшитганда болалар қўрқувдан титрайдиган – ҳаминқадар дўхтир ва ўнлаб норасидалар жисмига бир шприц орқали сингган “малҳам”лар хотирамизда гавдаланиб туради. Укол оғриқлари ва асоратлари ойлаб мурғак жисмимизни тарк этмаган дамларни бугун ҳам хўрсиниб ёдга оламиз.

Афсуски, собиқ шўролар замонида МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи бўйича энг юқори поғонада турганини маълумотлар тасдиқлайди.

Бугунга келиб Ўзбекистон бехатар оналик ва болаликка ғамхўрлик кўрсатиш бўйича жаҳоннинг 161 мамлакати орасида 9-ўринни эгаллагани, юрт келажаги – ёш авлод саломатлигини асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг нечоғли улуғвор эканини ҳаёт тасдиқлаб турибди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилди. Сўнгги ўн йил мобайнида республиканинг барча ҳудудларидаги 236 та туғруқ муассасаси Осиё тараққиёти банки кўмагида “Аёллар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш лойиҳаси” асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Юртимизнинг яқин ва олис манзилларида янгидан қад ростлаган, қайта реконструкция қилинган 3 минг 192 та қишлоқ врачлик пунктлари “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2” лойиҳалари асосида замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу шифо масканлари аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Замонавий бинолар иш бошлади

Оналар ва болалар саломатлигини асрашга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва қатор вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилди.

Бундан ташқари, Республика Перинатал маркази ва 10 та вилоят ва шаҳар перинатал марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт муассасалари оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир.

Бугун мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларида “Она ва бола скрининги” маркази фаолияти йўлга қўйилган. Қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган барча ҳомиладор аёллар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғлом наслни шакллантириш учун зарур поливитаминлар билан таъминланмоқда. Шуни қайд этиш керакки, мамлакатимизда олиб борилаётган аҳолининг репродуктив саломатлигини, жумладан таркибида ҳаёт учун муҳим микронутриентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан ҳомиладор аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган профилактик тадбирлар ҳали дунё миқёсида қайд этилмаган.

“Она ва бола скрининги” давлат дастури доирасида скрининг текширувлари йўлга қўйилган – 2000 йилдан буён ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробарга камайди.

Сўнгги беш йил давомида ҳомиладор аёлларни поливитаминлар комплекси билан таъминлаш натижасида мамлакатимизда нуқсонли гўдаклар туғилиши сони 1,3 мартага камайди. Она ва бола саломатлиги муҳофазасига давлатимиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор натижасида ушбу йўналишдаги тиббий муассасаларнинг энг сўнгги русумдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши ҳамда тиббиёт ходимларининг юқори савиядаги малакали хизмат кўрсатиши ва яна ота-оналарнинг тиббий саводхонлиги кун сайин ошиб бораётганлиги натижасида қуйидаги қувонарли кўрсатгичларни изоҳлашга ҳожат йўқ, яъни, 6-15 ёшли болалар ўртасида ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) билан касалланиш 9,7 фоизга, пиневмония (зотилжам) билан оғриш 49,1 фоизга, бронхитга чалиниш 32,8 фоизга, сколиоз (умуртқа поғонаси касаллиги) хасталиги эса 32,7 фоизга камайди.

Ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг 100 фоизи йилига икки марта, туғиш ёшидаги аёллар эса ҳар йили чуқур тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Республика Хотин-қизлар қўмитасининг маълумотларига таяниб айтиш мумкинки, ҳар йили 10 миллиондан зиёд хотин-қизлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилмоқда. Бу хайрли ишлар натижаси ўлароқ, ўтган йилларда оналар ва болалар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди.

Яна ўқинг:  ВАТАННИ ШАРАФЛАШ – МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

Фарзанд – насл давомийлигини таъмин этади. Шу боис болаларнинг соғлом дунёга келиши кўп жиҳатдан ота-онанинг саломатлиги билан боғлиқдир.

Мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш ва ирсий касалликларга чалиниш мумкин бўлган ҳолатларни камайтириш мақсадида турмуш қураётган фуқаролар никоҳдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Катта ҳаёт остонасида турган ёшларнинг нафақат жисмонан соғлом бўлиши, балки маънан етук, бирор касб-ҳунарга эга, меҳнатга муносабатининг шаклланиши қурилажак оила қўрғонининг пойдевори мустаҳкам бўлишига замин яратади. Аслида ҳам соғлом оила, оиладаги соғлом муҳит соғлом боланинг дунёга келишида улкан аҳамият касб этади. Ва бу анъана халқимизда юксак қадрият сифатида эъзозланмоқда.

Соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Аёлга эътибор, унинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун имкон яратиш – фарзандлари, оиласига меҳр-муҳаббатини, ҳаётга иштиёқини оширади. Бир пайтлар эмизикли боласи билан далага шошган, эгни юпун, қўли қадоқ аёлнинг жамиятда нуфузи юксалди. Бугун юртимизнинг ҳар жабҳасида уларнинг муваффақиятлари ўз аксини топмоқда. Зеро, аёл соғлом бўлса, бола соғлом, аёл оқила бўлса, фарзанд комил инсон бўлиб вояга етади.

Юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга ҳам ўтган йилларда мустаҳкам асос яратилди. Биргина анъанавий тарзда уй бекалари иштирокида ўтказиб келинаётган “Аёллар спорт фестивали”нинг жорий йилдаги мусобақаларида 178 минг 815 нафар хотин-қиз қатнашди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида дунёнинг кўплаб етакчи клиникалари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Юртбошимиз ташаббуси билан мустақилликнинг илк йилларида ташкил этилган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди фаолияти доирасида туғма нуқсон билан дунёга келган ва орттирилган жароҳатлардан азият чекаётган болалар дунёнинг нуфузли клиникаларида жарроҳлик операциялари орқали хасталикдан холи бўлмоқда. Хусусан, 2003 йилдан буён жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда юртимиз ва хорижда туғма юрак нуқсони билан оғриган 77 нафар бола соғломлаштирилди. Ана шу давр оралиғида 249 нафар ўзбекистонлик бола “Фриденздорф интернейшнл” хайрия ташкилоти кўмагида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниб юртимизга қайтди.

Бундан ташқари фонд томонидан диёримизнинг чекка ва экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолига тиббий ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида мана бир неча йилдирки, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК билан ҳамкорликда “Саломатлик” поездлари ташкил этилаётир.

Яна ўқинг:  Ўтиш даври синовлари

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида юқорида келтирилган рақамлар ва изоҳлар дарёдан томчи, холос. Бу каби қалбимизни чексиз фахр ва ифтихорга тўлдирадиган ютуқ ва муваффақиятларни ҳали узоқ санаш мумкин.

Дарҳақиқат, Мустақиллик халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмай, тинч ва обод юртда хотиржам яшаш саодатини берди. Зеро, озод ва обод юрт бағрида чексиз меҳр ва имкониятлардан баҳраманд улғаяётган эл фарзандлари ўзининг юксак билим ва салоҳияти, меҳр ва садоқати билан муқаддас Ватан равнақи, халқ фаровонлигига ҳисса қўшади.

Фахриддин ҲАЙИТОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: