Медаллар шодаси
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида яккакураш спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда йигирмадан зиёд давлатдан уч минг нафарга яқин спортчи миллий яккакураш спорт турларини намойиш этди.
Мусобақада ўзбек жанг санъати усталари ҳам яккалик ва жуфтлик баҳсларида муносиб иштирок этди. Мазкур нуфузли чемпионатда спортчиларимиз яккалик, жамоавий баҳслар ва кўргазмали чиқиш бўйича 27 олтин, 8 кумуш ва 6 бронза медални қўлга киритди.
Қозоғистондаги жаҳон чемпионатида Жонибек Абдураҳмонов, Ҳасан Дўстбоев, Достон Сатторов, Аслибек Шералиев, Шерзод Қурбонов, Жамил Юсупов, Шаҳбоз Ўктамов, Даврон Солиев, Жасурбек Холмуродов, Ҳожиакбар Абдураҳмонов, Азиз Абдураимов, Шаҳзод Абдураззоқов, Моҳигул Йўлдошева, Гулруҳ Султонова каби спортчиларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Ўтган йиллар давомида Франция, Италия, Испания, Россия, Литва ва Жанубий Корея, АҚШ сингари давлатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда ўзбек жанг санъати вакиллари ҳам ўз маҳоратини намойиш этган эди.
Дурдона ТОШЕВА,
ЎзДЖТУ талабаси