Санъатим, созимда мадҳинг Ватан!

Ёқимли қўшиқ оғушида ўз ҳолича хиргойи этаётган болага эътибор берганмисиз? Унинг кўзларидаги бахтиёрлик, мамнунлик, оҳанг завқидаги сеҳрни ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Ҳа, бу санъатнинг куч-қудрати. Қолаверса, биргина шу ҳаракат орқали оиладаги аҳиллик, кишилар орасидаги тотувлик, хотиржамлик, юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг баҳосини билиш мумкин. Истиқлол йилларида халқимиз қўлга киритган бебаҳо неъматлардан бири ҳам, аслида, дунёқараши кенг, илмли, салоҳиятли, энг муҳими, соғлом фарзандларни вояга етказиш бахтидир.

Қарийб йигирма уч йиллик давр мобайнида юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилдики, бунинг маҳсули сифатида Ўзбекистон фарзандлари халқаро майдонларда фан, санъат, маданият ва спорт соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Албатта, шу каби муваффақиятларга эришишда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати асосий омил бўлаётир. Хусусан, Юртбошимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 – 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори фикримиз тасдиғидир.

Дарҳақиқат, санъат ва маданият халқнинг маънавий дунёқарашини шакллантирадиган, унинг тарихи, миллий менталитети ҳамда маданий салоҳиятини намойиш этадиган қудратга эга. Жажжи авлодни эса санъатга ошуфта руҳда ўстириш келгусида мамлакатимиз тараққиётига бемисл ҳисса қўшади.

Айни пайтда юртимизда фаолият юритаётган 298 та Болалар мусиқа ва санъат мактабида 52 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Уларнинг орасидан халқаро ва республика миқёсида ўз иқтидорини намойиш этиб, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланаётганлар сони кун сайин ортмоқда. Биргина Тошкент шаҳридаги 2-Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўз иқтидорини такомиллаштириб бораётган ўқувчилар 2009 йилдан буён 100 га яқин халқаро ва республика кўрик-танловларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан муносиб ўрин эгаллаган. Мактаб маъмурияти эса бу ютуқларни мустақиллик шарофати, деб билади.

– Ўттиз йилдан ортиқ вақт мобйанида болаларга мусиқа ва санъат сирларини ўргатиб келаман, – дейди муассаса раҳбари Сайёра Адилова. – Жажжи авлоднинг санъатга қизиқиши ҳали бу даражада рағбат топган эмас. Уларнинг истеъдодини шакллантиришга эътибор берилмаган. Ярим асрдан кўпроқ давр мобайнида номигагина мусиқа мактаби сифатида ташкил этилган муассасамиз 2009 йили капитал таъмирдан чиқарилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Замонавий қиёфа касб этган бино “Болалар мусиқа ва санъат мактаби”, дея номланди. Бу эса иккита янги йўналиш – рақс ва тасвирий санъатнинг қўшилишига замин ҳозирлади. Айни пайтда болалар фортепиано, скрипка, гитара, эстрада хонандалиги, ўзбек халқ чолғулари, тасвирий санъат, зарбли чолғулар бўйича ўз билим ва кўникмаларини бойитиб келмоқда. Ўн тўққиз йилдан буён муассасада раҳбарлик қилиб келаётган бўлсам, сўнгги беш йиллик давр мобайнида ўқувчиларимиз халқаро майдонларда ўз қобилиятининг юксаклигини тўлақонли намойиш эта олди. Илгари таъмирга муҳтож хоналарда етарлича чолғу асбоблари йўқ, муассасанинг моддий-техник базаси ҳаминқадар аҳволда эди. Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 – 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори эса соҳадаги барча ютуқларнинг амалий ифодаси бўлди.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ТЕНГСИЗ ТАРАҚҚИЁТИ

Биласизми, ушбу қарорнинг қабул қилиниши фақат имконияти эмас, иқтидори бор ҳар бир боланинг мусиқа ва санъат сирларини ўрганишига қулайлик яратди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Молия вазирликлари ҳамкорлигида “Ота-оналар томонидан болаларнинг болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тасдиқланиши эса қўшимча имкониятлар эшигини очиб берди. Мазкур низомнинг 10-бандида “Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқийдиган боланинг таълим олиши учун тўланмаган тўлов бир ой ичида тўланган тақдирда, бола мазкур синфнинг дастурий талабини бажаргандан сўнг ўқувчилар сафига қайта тикланади”, деб белгилаб қўйилган. Бу юртимизда болалар таълим-тарбияси, уларнинг иқтидорини юксалтириш биринчи масала эканидан далолатдир. Шунингдек, ушбу низомнинг 12-бандида ҳар бир Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқиш учун тўловлардан озод этиш ва ўқитувчи ҳамда концертмейстерларга ҳар ойлик устамалар белгилаш бўйича комиссия тузилиши қайд этилди. Бу, албатта, ҳар бир бола тақдири Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканини англатмайдими?! Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бераётир. Бугун ҳар бир мусиқа ва санъат мактабидан жонажон Ўзбекистонимизга севги ва садоқатини бахшида эта оладиган болалар етишиб чиқяпти.

Айни вақтда болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари санъатнинг ҳар бир йўналиши бўйича ўз истеъдодини намойиш этиб келмоқда. Мадина Саидазимова 6-синф ўқувчиси. У 2013 йилда “Новое валка” деб номланган халқаро танловда академик ижрочилик бўйича иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Ёш ижрочи Италиянинг Сан-Рено шаҳрида бўлиб ўтган халқаро танловда ҳам муваффақиятли қатнашиб, олий соврин – Гран-прига сазовор бўлди.

– Ўзбек ёшларига фақат ғолиблик ярашади, – дейди Мадина. – Устозларимиз шундай ўргатишган. Албатта, муваффақият қозониш учун киши ўз устида тинимсиз изланиши лозим. Ўқитувчиларим эса бу борада мени қўллаб-қувватлашмоқда. Улар бор билим ва тажрибасини ўргатишдан толмайди. Қўлга киритган ютуқларим замирида устозларимнинг ҳиссаси борлигини алоҳида айтмоқчиман. Қолаверса, давлатимиз томонидан биз ёшларга улкан имкониятлар яратиб бериляпти. Ушбу эътиборнинг қадрига етиш, жонажон Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиш эса асосий мақсадимиз. Келажакда яна ҳам катта ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз довруғини дунёга тараннум этишда давом этаверамиз.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ: билимлар баҳсида биринчи

Шунингдек, муасссаса ўқувчилари турли халқ сайллари, байрамларда иштирок этиб келмоқда. Қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиладиган хайрия тадбирларида ҳам ўқувчилар фаоллигини намойиш этаётир. Мактабда “Тумор” эстрада-вокал, “Тошкент” эстрада-чолғу, “Нурли” рақс гуруҳлари ташкил этилган. Гуруҳ аъзоларининг иқтидори ва маҳорати кун сайин ошиб бормоқда.

– Муассасамизда 257 нафар бола таҳсил олмоқда. Уларга 48 нафар тажрибали ўқитувчи сабоқ беради, – дейди рақс ўқитувчиси Нодира Топилова. – Маълумки, Болалар мусиқа ва санъат мактабларида машғулотлар умумтаълим мактабларидан ташқари ҳолатда, яъни дарслардан сўнг ўтказилади. Бу эса болаларда санъат сирларини ўрганиш учун қулай имконият яратади. Бу ерда ҳар бир бола фақат санъат сирларини ўзлаштиради. Албатта, бундай таълим ўз самарасини бермай қолаётгани йўқ. Шу даргоҳга ишга кирганимга икки йил бўлишига қарамай, шогирдларим республика миқёсида қатор кўрик-танловларда ғолиб бўлди. Бу менга ифтихор бағишлайди. Аммо бир гапни алоҳида таъкидлашни истардим: агар шундай шарт-шароит, ишлашга қулай муҳит яратилмаганида бу каби ютуқларга эришилмасди. Ҳукуматимиз томонидан моддий-техник базаси мустаҳкам, замонавий, ёруғ ва кенг хоналар таъминлаб берилган экан, бундай қулай шароитларнинг қадрига етишни, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, муносиб жавоб беришни биз педагоглар ўз бурчимиз деб биламиз.

Дарҳақиқат, Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг сонини ошириш, сифатини яхшилашга катта эътибор берилмоқда. Махсус дастур асосида беш йилдан буён соҳада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 56 та шундай объект ҳудудлар кўркига кўрк қўшган бўлса, бу йил “Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида яна 48 та “Болалалар мусиқа ва санъат мактаблари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: