Жазирама ёз мавсуми: микроорганизмлар ривожланишига қулай муҳит
Ёзнинг иссиқ кунларида озиқ-овқат маҳсулотлари етарли даражада санитария-гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда музлатгичларда сақланмаса ёки сархил тайёрланмаса турли меъда-ичак тизими хасталикларини юқтириб олиш ҳеч гап эмас. Айниқса, иссиқ кунда кўп суюқлик ичиш кишини янада чанқатади ва меъда шираси суюлгани сабабли унга тушган микроорганизмларни қириб ташлашга кучи етмайди. Шунингдек, ўткир юқумли ичак касалликларининг ёзда кўпайишида пашшалар ҳам катта роль ўйнайди.
Ўткир ичак инфекцияси – яъни, ич кетар бу ўта юқумли касаллик бўлиб, қуйида қайд этилган белгилар билан кечади.
Ушбу касалликнинг келиб чиқишига сабаб (мактаб ва мактабгача таълим, умумий овқатланиш муассасаларида) санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, яъни ўйинчоқ, сочиқ ва идиш-товоқларни ҳар бир киши учун алоҳида ишлатмаслик, ювишда дезинфекцияловчи эритмалардан нотўғри ёки умуман фойдаланмаслик ҳисобланади.
Ҳамма ичак инфекцияси келиб чиқиш турига ҳамда меъда-ичак тизимининг яллиғланишига қараб (гастрит, энтерит, колит, гастроэнтерит ва гастроэнтетроколит) ташхис қўйилади. Ўткир ичак инфекциясининг кўпайиши ва тарқалишининг кўпроқ фоизи ёз мавсумига тўғри келади. Сабаби оптимал иссиқ ҳарорат ва шароит туфайли микроорганизмлар учун қулай муҳит яратилади.
Ушбу хасталик ўткир бошланувчи касаллик бўлиб, келтириб чиқарувчи сабабчисига кўра бир неча соатдан 1-2 кеча-кундузгача касаллик белгилари намоён бўлади.
Ўткир ичак инфекцияси оғиз бўшлиғига эътиборсизлик туфайли, яъни қўлларимизни ювмасдан ейилган овқат, шунингдек, сифатсиз ва туриб қолган овқатларни истеъмол қилсак бир неча соатдан (6-8 соат) сўнг меъда соҳасида беҳузурлик, кекириш, оғриш, кўнгил айниши, тез-тез қусиш, ҳарорат кўтарилиши кузатилади. Бу ҳолатда организмда сувсизланиш бошланади. Бунда тери ва шиллиқ қаватлар, лаб, тил қуриши ва оқариши кузатилади. Юракнинг тез-тез уриши, ҳолсизлик, қўл-оёқларнинг бўшашиши, пешобнинг камайишидан бемор шикоят қилади. Агар патологик жараён меъдадан ичакка тушса унда юқорида кўрсатилган белгиларга қўшимча қорин оғриши ва нажаснинг тез-тез сувдек ҳамда шиллиқ яшил келиши касални безовта қилади. Бу ҳолатда танани сувсизланиш ва заҳарланиш даражаси ортиб боради.
Касалликни даволагандан кўра олдини олиш афзал деганларидек, истеъмол қилинган сут ва гўшт маҳсулотлари, мева ва сабзавотларнинг тозалиги ҳамда сақланишига ва тайёрланишига катта эътибор бериш керак. Айниқса, ёш болаларга сут, гўшт, мева ва сабзавот маҳсулотларини термик ишлов берилиши катта аҳамиятга эга. Сут ва сут маҳсулотларининг тез бузилишини ҳисобга олиб – 4 даражали ҳароратда бир неча соатдан бир-бир ярим кун сақлаш мумкин. Агар оилада, қариндошларда ёки ич кетар билан касалланган беморларни парвариш қилишда ва мулоқотда бўлсангиз бу ҳолатда идиш-товоқларни, сочиқ ва барча фойдаланилаётган нарсаларни алоҳида ажратиш, шунингдек дизенфекцияловчи эритмаларга 30 дақиқа бўктириш йўли билан бошқаларга юқишининг олдини оламиз.
Касаллик аломатларини сезишингиз билан участка шифокорини уйга чақириш ёки унинг қабулига боришингиз керак. Шифокор ҳузурига боргунга қадар тананинг сувсизланиб қолишини олдини олиш учун тез-тез суюқлик яъни, кўк чой, новвотли қора чой, “Регидрон” эритмасидан фойдаланиш мақсадга мувофикдир.
ВИРУСЛИ ДИАРЕЯ
Вирусли диареяларни ротавируслар, аденовируслар, астеровируслар ва бошқалар ҳам чақириши мумкин. Юқорида кўрсатилган вируслардан ротавирусга тўхталсак, бу инфекция ўткир юқумли касаллик бўлиб инсон ва ҳайвонларда касаллик чақирувчи ичак инфекцияси ҳисобланади.
Ротавирус инфекцияси бутун дунёга тарқалган бўлиб, ўткир меъда-ичак инфекциясининг асосий сабабчиларидан биридир. Айниқса, ёш болалар орасида бу инфекция тез тарқалади. Ротавирусли ич кетишлар асосан йилнинг куз ойлари, юқори даражада декабрь, февраль ойларига тўғри келади. Қиш ойларида касалликнинг кўпайишига асосий сабаб бу инфекция, яъни ротавируснинг совуқ паст ҳароратга чидамлилигидир. Вирусли диареянинг бактериал диареядан фарқи шундаки, ротавирус инфекциясининг ташқи муҳитга чидамлилиги юқори бўлади. Эфир хлороформ эритмаси, ультратовуш, кўп маротабалик музлатилганда ҳам бу инфекция жуда кам парчаланади. Вирус фақат қайнатилгандагина юқумлилигини йўқотади. Касаллик манбаи асосан меъда-ичак касаллиги билан оғриган беморлар ҳисобланади.
Ротавирус билан касалланган беморнинг нажаси бошқа ичак инфекцияси юққан бемор нажасидан фарқи шундаки, биринчи кунданоқ унинг ичи 10-15 мартагача сувдек, сариқ, шиллиқсиз ва қонсиз келади. Ротавирус инфекцияси юқори даражали юқувчан ҳисобланади. Ҳатто катта ёшли одамлар касаллик манбаи ёки вирус ташувчи бўлиши мумкин. Ротавирусли диарея ҳам қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, нажасининг суюқ келиши билан характерланади. Ичак фаолияти бузилишининг ротавирусга хослиги шундаки, бу тур ич кетарда фақат меъда ва ингичка ичак соҳасида яллиғланиш жараёни кузатилади. Йўғон ичакда эса ўзгариш кузатилмайди. Шу сабабли нажас суюқ, сувдек ва сариқ патологик қўшимчаларсиз, яъни шиллиқсиз, қонсиз ёки бўлмаса оқиш хира рангли бўлади.
Ҳозирги кунда касалликниннг олдини олиш мақсадида, вирусли диареяларнинг шу жумладан, ротавирусли диареянинг олдини олиш мақсадида профилактик эмлашлар гўдак ва ёш болалар орасида ўтказилмоқда.
Сальмонеллёз касалликлари
Ушбу хасталикни сальмонелла авлодига мансуб бўлган бактериялар келтириб чиқарадиган юқумли ичак касалликлари гуруҳига айтилади. Сальмонеллёз кўзғатувчисини дастлаб Salman ва Smith 1985 йилда ҳайвонлардан топган. Ҳозирги вақтда сальмонеллаларнинг 2000 га яқин серологик турлари маълум бўлиб, улардан 200 дан ортиқ серотипи одамларда касаллик қўзғатиш хусусиятига эгадир.
Сальмонеллаларнинг 98 фоизи 4 та (В, С, Д, Е) гуруҳларга мансубдир. Энг кўп тарқалгани В серологик гуруҳи бўлиб, бу сальмонеллалар орасида S. Typhi murium Heidelberg derby ва бошқалар ҳисобланади.
Сальмонеллалар ташқи муҳитнинг турли омиллари таъсирига, бошқа турли касалликлар қўзғатувчиларига нисбатан чидамлилиги билан ажралиб туради. Улар қуруқ ва паст ҳароратли шароитда узоқ сақланади. Улар уй чангида 80 қуриган ва аралаш ҳолда 90 бузоқнинг қуриган ахлатида 60 кунгача, катта ёшли қорамолникида 4 йилгача, одамнинг нажасида 39 кунгача сақланади. Агар ташқи муҳитда сальмонеллалар ҳаддан ташқари кўп бўлса, касаллик одамга ҳаво ва чанг орқали ҳам юқиши мумкин. Бу микроорганизмлар сувда ҳам узоқ яшайди. Стерилланган сувда 22-55 кунгача сақланиб қолади. Улар сут ва гўшт маҳсулотларида узоқ яшайди. Сальмонелла бактериялари совуқ ҳароратда ҳам, иссиқ ҳароратга ҳам узоқ чидайди. Бу микроорганизмларнинг тухум маҳсулотларида узоқ яшаши исботланган. Уларнинг ташқи муҳит омилларига ниҳоятда чидамлилиги, ҳайвонлар ва одамлар орасида микробларнинг тез тарқалишига ва кўпайиб кетишига сабаб бўлади.
Сальмонеллёзли диареяда ҳам касаллик ўткир қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриши, ҳолсизланиш, тананинг сувсизланиши, нажаснинг суюқ, шиллиқ ва тўқ яшил ялтироқ кўринишда келиши яъни, бу ҳолатни “бақа тўни” ўхшашлиги билан бошқа ичак инфекциясидан фарқлаш мумкин.
Гўзал МЎМИНОВА,
олий тоифали шифокор,
Вирусология илмий текшириш институти