Маҳалла ва коллеж ҳамкорлиги

Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг туб моҳиятида уларнинг ватанпарварлик туйғусини, қолаверса, ўз келажагига беъэтибор бўлмаслик тушунчасини янада шакллантириш ғояси мужассам. Бунинг учун эса, албатта, саломатликни асраш муҳимдир. Бу нафақат оиланинг, балки умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари фаолиятининг ҳам ажралмас қисмини ташкил этади.

Таълим муассасаларида эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари бўйича кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишларининг йўлга қўйилгани айни фикримиз тасдиғидир.

Пойтахтимиздаги 1-Республика тиббиёт коллежида ҳам мавзуга оид давра суҳбатлари, очиқ дарслар кенг йўлга қўйилган. Бу ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиш мақсадида коллеж ўқитувчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

1-Республика тиббиёт коллежи Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Вазира Раҳмонова:

Маълумки, халқимиз азал-азалдан аёл кишига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган. Наслининг соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши кўп жиҳатидан унга боғлиқ. Дарҳақиқат, аёл фарзанд соғлом туғилиши, унинг ақлан ва жисмонан камол топишида муҳим роль ўйнайди.

Эрта никоҳ қиз боланинг таълим олишини маълум жиҳатдан чегаралайди. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида коллежимизда хотин-қизлар кенгаши ташкил этилган. Ушбу кенгаш ўқувчи-қизларнинг маънавий-марифий, ахлоқий-тарбиявий маданиятини, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ўқувчи-қизларнинг истъдодини рўёбга чиқариш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида мақсад ва вазифалар белгиланиб, ҳаётга тадбиқ қилинмоқда. Коллежимизда “Оила – маҳалла – таълим муассасалари ҳамкорлиги концепцияси” асосида ҳамкорлик ҳам кенг йўлга қўйилган. Айниқса “Новза”, “3-катта Чилонзор”, “Дўстлик” маҳаллалари фаоллари бизга яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Шундан келиб чиқадики, оила, унинг жамиятдаги ўрни, оилада ота-онанинг вазифаси, қизлар тарбияси ва уларнинг катталар олдидаги бурчини ҳис қилиш келажак авлод тарбиясининг зарурий шарти бўлиб қолаверади.

Чилонзор туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Ғуломова:

“Бир болага етти маҳалла ота-она”, дейди доно халқимиз. Чунки, бола тарбиясида биргина оила ёки таълим муассасаси эмас, балки бутун жамоатчилик масъулдир. Ўқувчилар давоматини, таълим тарбиясини яхшилаш, битирувчиларни иш билан таъминлаш борасидаги ишларни ташкил этишда нафақат маҳалладаги кам таъминланган оилаларга, балки таълим маскани ўқитувчиларига ҳам яқиндан ёрдам бериб келмоқдамиз. Шу каби чора-тадбирларни амалга ошириш учун эҳтиёжманд ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг таълим-тарбия олишига, ҳамда касб-ҳунар эгаллашига яқиндан кўмаклашмоқдамиз. Носоғлом ва нотинч оилаларда тарбия олаётган ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари мониторингини олиб бориб, натижаларини маҳалла йиғинларида муҳокама қиляпмиз. Хусусан, қизларни эрта турмушга чиқишининг олдини олиш, борасида маҳалламизда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Акробатика – оҳангларга монанд ҳаракат

Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги зарур, ваҳоланки ўтказилаётган чора-тадбир, ислоҳотлар самараси баркамол авлод тақдири ва келажагини белгилаб берувчи асосий омилдир.

Фаёза АВЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: