Неча ёшдан ишлаш мумкин?

Фарзандим мактабни тугатди, коллежда ўқишни давом эттириши учун ҳужжатини топшириб қўйдик. Таътилда боламни ишга жойлаштириш истагим бор. Ҳам меҳнатга ўрганади, ҳам бўш вақтини бекор ўтказмайди. Ташкилотлар болани неча ёшдан бошлаб ишга олиши мумкин?

И.САИДОВ,

Тошкент шаҳри

Мустақиллик йиллари мамлакатимизда болалар ҳуқуқий ҳолатини белгилаш, ҳимоя қилиш ва бола ҳуқуқлари кафолатларининг аниқ механизмлари яратилди.

“Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ва “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги конвенцияни (Женева, 1976 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 14 мартда қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида тасдиқланди. Бу ҳужжат Мамлакатимиз Президенти томонидан имзоланди.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид нормалари янада такомиллаштирилди.

Айни кунда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига” ва ”Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) “Ишга қабул қилишда энг кичик ёш тўғрисида”ги (1976 йил 26 июнь, Женева) Конвенциясининг 2-моддасига биноан ишга қабул қилишдаги энг кичик ёш умуммажбурий таълимни тугатган пайтдаги ёшдан паст бўлмаслиги ва барча ҳолатларда, 15 ёшдан кичик бўлмаслиги белгиланган.

Миллий қонунчилигимизда, яъни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси (77-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига (20-модда) биноан ишга қабул қилишда 16 ёшдан бошлаб йўл қўйилади, шу билан бирга, 15 ёшга тўлган шахс, унинг ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма равишдаги розилиги билан ишга қабул қилиниши мумкин. Шундай қилиб, 15 ёш Ўзбекистон Республикасида ишга қабул қилишдаги энг кичик ёшни англатади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2009 йил 26 январдаги 4-сонли баёнига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш 15 ёш деб тасдиқланди ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тегишли баёнот Халқаро Меҳнат Ташкилотига юборилган. Халқаро тажриба ушбу Конвенцияни ратификация қилган Австрия, Бельгия, Германия, Греция, Италия, Корея, Швейцария, Япония ва бошқа мамлакатларнинг халқаро-ҳуқуқий тажрибаси – кўпчилик мамлакатларда ишга қабул қилишда энг кичик ёш сифатида 15 ёш белгиланганлигини кўрсатади (150 мамлакатдан 66 тасида –15 ёш, 48 тасида –14 ёш, 36 тасида –16 ёш).

Яна ўқинг:  “Самбусо” ажойиботи

Миллий қонунчиликда 12 йиллик мажбурий таълим назарда тутилган. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда умуминсоний қадриятларни, бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга доир давлат сиёсатининг амалга оширилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари бўйича Конвенцияси талаблари билан боғлиқ халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.

Ушбу қонунлар маъсул органларнинг, шу жумладан, катта ёшдаги шахсларнинг ҳам келажак авлод тарбиясида маъсулиятини оширишга хизмат қилади.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 5-давлат нотариал идораси нотариуси Асқар ПЎЛАТОВ тавсияси асосида Жавлон САЪДУЛЛАЕВ ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: