Мард ўғил келтирган шараф

Бу хушхабар Жағалбойли қишлоғига бир зумда тарқалди. Фахриддинга ҳавас қилган, ҳарбий бўлишни кўнглига туккан йигитлар унинг уйига келиб, ота-онаси, яқинларини табриклади.

…Фахриддин Абдуллаев болалигидан ҳарбийликка ҳавасманд эди. Болалик орзулари йиллар ўтгани сайин аниқ мақсадга айланди. Шу боис у ўрта мактабни тамомлагач, муддатли ҳарбий хизматга отланди. 2008 йили Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртини имтиёзли диплом билан тамомлади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда взвод командири.

Президентимиз раҳнамолигида Ватанимиз хавфсизлигини, халқимизнинг осойишталигини таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган низолар, ҳарбий қарама-қаршилик ва можаролар, терроризм хуружлари халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солаётир. Мамлакатимиз осойишталигига рахна солиши мумкин бўлган ана шундай хавф-хатарларни ҳар томонлама таҳлил этиш асосида Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва куч-қудратини юксалтиришга қаратилаётган эътибор ўзининг улкан самараларини бермоқда.

Истиқлол ҳар бир йигитга ўз Ватанида, ўзининг миллий армиясида хизмат қилиш имконини берди. Бугун қайси ота-она билан гаплашманг, фарзандини армияга юбориш ниятида эканини фахр билан тилга олади. Чунки улар армияда аскарнинг қандай шарт-шароитда хизмат қилаётгани, муддатли ҳарбий хизмат давомида жисмоний, ақлий ва интеллектуал салоҳияти янада юксалишини, хизматни ўтаб қайтган ўғли ўқиш ёки ишга киришда кўплаб имтиёзларга эга бўлишини яхши билади.

– Миллий армиямизда хизмат қилиш ҳар бир йигит учун улкан шарафга айланди, – дейди капитан Фахриддин Абдуллаев. – Ўзим ҳам ҳарбий касбни танлаганимдан фахрланаман. Бу кишига улкан масъулият ҳам юклайди. Негаки, ҳарбий хизматчи ҳар доим одамларнинг назарида бўлади. Кўпчилик унга ҳавас билан қарайди, ундан ўрнак олишга ҳаракат қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт ҳарбий хизматда муҳим ўрин тутади. Бунинг амалдаги рўёбини Фахриддиннинг муваффақиятлари мисолида кўриш мумкин. У ҳарбий уч кураш бўйича йирик мусобақаларда бир неча бор зафар қучган.

Ф.Абдуллаев 2010 йилда Президентимиз ташаббуси билан Қуролли Кучларимиз тизимида ташкил этилган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловининг мамлакат босқичида “Энг илғор гуруҳ командири”, 2012 йилда “Энг илғор взвод командири” номинацияларида биринчи ўринни эгаллаган. Фахриддинга бугун кўпчилик сафдошлари ва ҳамкасблари ҳавас қилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда мард ва жасур, Ватанга садоқатли, эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар юртимизни янада тараққий эттириш, унинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда фидойилик кўрсатиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таъсис этилган “Мардлик” ордени ўз мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан ана шундай инсонларни тақдирлашга қаратилган. 2012 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ “Мардлик”ордени билан ўзини Ватанни ҳимоя қилиш ва юрт хизматига бағишлаган, мардлик ҳамда жасорат кўрсатган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматчилари ва бошқа фуқаролари мукофотланади.

Яна ўқинг:  Ёш ва маҳоратли мураббий – эл эътирофида

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 23 августдаги фармонига мувофиқ капитан Фахриддин Абдуллаев ҳам “Мардлик” ордени билан тақдирланган.

– Давлатимиз раҳбари ҳар йили Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида биз, ҳарбийларнинг масъулиятли ва шарафли хизматимизни алоҳида эътироф этиб, бундан буён ҳам юртимиз тинчлигини ишончли ҳимоя қилиш, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғларни мукаммал ўрганиб, уларни қўллаш сирларини пухта ўзлаштиришимиз, ҳарбий санъатни ҳамиша муваффақият билан амалиётга татбиқ этиш билан бирга, маънавий етук бўлишимиз зарурлигини таъкидлайди, – дейди “Мардлик” ордени соҳиби, капитан Ф.Абдуллаев. – Бу юксак мукофот юртимиз тинчлиги учун фидокорона хизмат қилаётган барча ҳамкасбларимга кўрсатилган юксак рағбат, билдирилган олий ишончдир.

…Бугун Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Жағалбойли қишлоғида Аслиддин ака Абдуллаев ва Гулистон опа Отақуловага кўпчилик ҳавас қилади. Уларнинг ўғли Фахриддин ҳарбийликни танлаб нафақат эл-юртимиз осойишталигига ҳисса қўшмоқда, балки муваффақиятлари билан ота-онаси кўксини тоғдек кўтармоқда, Ватани олдидаги фарзандлик бурчини шараф билан адо этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: