SPORT XABARLARI

ШАХМАТ

Пойтахтимизда шахмат бўйича биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган “Тошкент опен” VIII халқаро турнири якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз Шахмат Федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада АҚШ, Испания, Россия, Беларусь, Грузия, Арманистон, Украина, Ҳиндистон, Ироқ, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатлардан юз нафардан зиёд шахматчи ғолиблик учун баҳслашди.

Швейцарча усулда тўққиз турдан иборат мусобақада 7,5 очко жамғарган ҳиндистонлик Абҳижит Гупта биринчи ўринни эгаллади.

Тўққиз имкониятдан 7 тадан очко жамғарган украиналик Юрий Кузубов, грузиялик Михаил Мчедлишвили, россиялик Павел Смирнов, арманистонлик Арман Пашикян кучли бешликдан жой олди.

“Тошкент опен” VIII халқаро турнири истеъдодли шахматчиларимиз учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади. Турнирда кучли ўйин кўрсатган Сарвиноз Қурбонбоева, Нафиса Мўминова ва Баҳора Абдусатторова қизлар ўртасида энг юқори натижани қайд этган бўлса, ўсмирлар ўртасида энг кўп очко жамғарган Бобур Сатторов, Одил Раҳмон ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам шахмат мутахассислари ва мухлисларининг эътиборини қозонди.

ТЕННИС

Ўзбекистоннинг 1-ракеткаси Денис Истомин Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилаётган “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Ролан Гаррос” турнирини ғалаба билан бошлади.

Нуфузли мусобақанинг яккаликлар ўртасидаги дастлабки баҳсида тажрибали теннисчимиз украиналик Сергей Стаховскийни 6:3, 6:4, 2:6, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, навбатдаги босқичга йўлланма олди. Энди Денис Истомин германиялик Филипп Кольшрайберга қарши кортга чиқади.

ДЗЮДО

Ўзбекистон дзюдо федерацияси мамлакатимиз дзюдо усталарининг янги рейтинг жадвалини эълон қилди.

Унга кўра эркаклар ўртасида Шароф Лутфуллаев, Ришод Собиров, Сарвар Шомуродов, Яҳё Имомов, Шерали Жўраев, Соиб Қурбонов ва Болтабой Болтаев, хотин-қизлар ўртасида Муқаддас Кубеева, Зарифа Султонова, Шоҳида Назарова, Шоҳиста Сафарова, Гулноза Матниёзова, Кумуш Йўлдошева ва Обида Алладўстова ўз вазн тоифасида пешқадамлик қилмоқда.

Ушбу рейтинг жадвали дзюдочиларимизнинг мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларидаги иштироки натижаларига қараб янгилаб борилади.

Т.ОРТИҚОВА тайёрлади

Яна ўқинг:  BILASIZMI? (2013-11)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: