Турнир бошланди
Пойтахтимизда бокс бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Сидней Жаксон хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Бокс федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирдан кўзланган мақсад мамлакатимизда боксни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган Сидней Жаксонни хотирлаш, спортчиларимизнинг халқаро тажриба ва маҳоратини ошириш, уларни нуфузли мусобақаларга босқичма-босқич тайёрлашдан иборат.
Халқаро турнирнинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортнинг барча турлари қатори боксни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ўзбек бокс мактаби вакилларининг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўтказилаётган Сидней Жаксон хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнирда ҳамюртларимиз билан бирга ўнга яқин мамлакатдан 100 нафардан зиёд боксчи ғолиблик учун куч синашмоқда. Турнирда жаҳон ва қитъа чемпионатлари совриндорлари билан бир қаторда ёш иқтидорли спортчиларимиз ҳам иштирок этмоқда.
Т.ОРТИҚОВА