КАМРОНБЕК FАЛАБА ҚОЗОНДИ

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Қувонарлиси, бу борадаги ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб, сифат жиҳатидан яхшиланиб бораётир. Натижада ўсиб келаётган ёш авлод кучли, соғлом, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда.

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 11-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган шароитлар юқоридаги фикримиз тасдиғидир. Айни пайтда ушбу спорт мужмуасида 500 нафардан зиёд ўсмирга, малакали мураббийлар миллий кураш, дзюдо, юнон-рум, шарқ якка кураши каби спортнинг кўплаб турлари бўйича сабоқ бермоқда.

– Халқаро мусобақаларда она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ёш спортчилар сафида мактабимиз ўқувчиларининг ҳам борлиги биз мураббийларга қувонч бахш этади, – дейди 11-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Улуғбек Раҳмонов. – Биз бундан руҳланиб, ўқувчиларни машғулотларга кенгроқ жалб қилиш ва спорт секциялари сонини янада кўпайтиришни режалаштиряпмиз.

Дарҳақиқат, ҳозиргача мактабнинг етти нафар ўқувчиси жаҳон, 3 нафари Осиё чемпиони, шунингдек, 60 нафари республика биринчилиги ва мамлакатимиз кубоги мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган. Ушбу масканда машғулотларни пухта тайёргарлик билан давом эттираётган 13 ёшли Камрон Бозоровнинг ота-онаси ҳам ўғли эришаётган ютуқлардан ҳақли равишда фахрланади.

– Ўғлимни спорт тўгарагига беришдан олдин машғулотлар ўқишига тўсқинлик қилмасмикан, деган ҳадигим бор эди. Лекин спорт орқали унинг саломатлиги мустаҳкамланаётгани, интилиш ва ҳаракатларида алоҳида иштиёқ пайдо бўлганини кўриб, тўғри қарорга келганимга амин бўлдим, – дейди Камроннинг отаси Баҳром Жуманов.

Камронбек мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон чемпионатларида муносиб иштирок этиб, тенг­қурларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келмоқда. У яқинда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган миллий кураш бўйича 2000-2001 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган турнирда ҳам биринчи ўринни қўлга киритди.

Бугун спорт билан шуғулланаётган ўғил-қизлар эртага соғлом оила қуради ва соғлом фарзандни вояга етказади. Соғлом болалар эса она Ватанимиз ва халқимизнинг энг катта бойлиги, келажагимиз бунёдкорларидир.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  ФАРЗАНДЛАР САЛОМАТЛИГИГА КАМАРБАСТА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: