Баҳорнинг бир куни йилга татир

Кейинги йилларда халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, хайр-саховат, инсонпарварлик ва бунёдкорлик каби фазилатларни кенг тарғиб қилиш тизимли йўлга қўйилди. Айниқса, безавол қадриятларимиздан ҳисобланган ҳашар истиқлол туфайли янгича маъно-мазмун касб этиб, умуммиллий анъанага айланди.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 15 март куни юртимизда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Эрта тонгдан бошланган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларида юртдошларимиз бирдамликда шаҳару қишлоқлар, маҳалла-кўй, гузарлар, йўллар, майдонлар, боғу роғлар, табаррук қадамжолар, зиёратгоҳ ҳамда қабристонларни тозалашга киришдилар.

– Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда республикамизнинг санитария ҳолатини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилган тадбирда 12,5 миллион нафарга яқин юртдошларимиз фаол иштирок этди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бош­қаруви Ташкилий-назорат бўлими бошлиғи, Умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи котиби Учқун Маҳмудов. – Уларнинг 8 миллион нафардан зиёди ёшлар экани қувонарли ҳолдир. Озодаликни юксак қадрлайдиган юртдошларимиз ҳашар давомида 28,5 минг гектардан зиёд майдонни ободонлаштиришга муваффақ бўлдилар. Ўн тўққиз минг километрдан ортиқ масофадаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 9,5 мингга яқин зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилди. Йигирма миллион тупга яқин дарахтларга шакл берилиб, оқланди. 12 мингта махсус техника воситалари ёрдамида 45 минг тоннадан зиёд маиший чиқиндилар махсус жойларга ташиб чиқарилди.

Шунингдек, ҳашар куни 9 миллион тупга яқин манзарали ва 7 мил­лион тупдан зиёд мевали дарахт ҳамда 10 миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилди.

Юртимизда байрамлар арафасида янги қурилган замонавий маҳалла гузарлари, болалар спорт майдончалари, соғломлаштириш марказлари ва бошқа турли ижтимоий соҳа объектларининг фойдаланишга топширилаётгани айёмга муносиб тухфа бўлмоқда. Мисол учун, ҳашар куни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Вахим” маҳалласи, Фар­ғона туманидаги Беруний номли, Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги “Гулистон” маҳалласи ҳудудида футбол майдончаси фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 17-сонли маҳалла фуқаролар йиғини биноси, Амударё туманидаги “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган болалар майдончаси капитал таъмирланиб, ҳашар куни ишга туширилди.

Хайрли ишлар мамлакатимиз пойтахтида ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Яна ўқинг:  ҲАМЖИҲАТЛИК ВА АҲИЛЛИК РАМЗИ

– Маҳалламизда йирик спорт мажмуаси барпо этилмоқда, – дейди Ҳамза тумани “Катта Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комил Зиёмуҳамедов. – Наврўз арафасида фойдаланишга топшириладиган ушбу иншоотнинг сўнгги пардозлаш ишларида ҳашарчилар ҳам фаол иштирок этаётир. Мазкур мажмуада очиқ ва ёпиқ стадион, спорт зали бор. Келгусида бу ерда спортнинг турли йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.

Анъанага кўра, галдаги хайрия ҳашарида якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилиб, уларнинг ҳовли-жойларини таъмирлашда ёшлар фаол қатнашдилар.

– Шу куни юртимиздаги муҳтож оилалар, кексалар, ногиронларнинг 310 минг квадрат метрдан зиёд ҳажмдаги тураржойлари таъмирлаб берилди, – дейди У.Маҳмудов. – Эҳтиёжманд фуқароларга 3,5 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу мақсадларга Фонд томонидан 125 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Шу куни Фарғона шаҳридаги “Симтепа”, “Шакарқишлоқ”, Қўштепа туманидаги “Обод­лик”, Жиззах шаҳридаги Бобур номли, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Янги ҳаёт” маҳаллалари ҳудудида фойдаланишга топширилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолига манзур бўлди.

Юртимиз маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари “Ҳар бир ёшга бир ниҳол” лойиҳаси доирасида қизғин давом этмоқда.

Феруза ТУРСУНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: