Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди

Она заминимизни ям-яшил либосга буркаб, ўзининг бетакрор кўрку жамоли, баҳорий насимлари, қиру адирларда кулаётган бойчечагу лолалари билан юртимизга Наврўзи олам кириб келди. Наврўз – бу тиниқ осмон, яшил борлиқ, меҳнат ва муҳаббат, гул ва алёрларнинг муштарак рамзи. Атрофга сумалакнинг хуш бўйи, қир-адирларда улоқчи отларнинг мағрур кишнаши, давраларда бел олишаётган алп йигитларнинг ўктам ҳайқириқлари, қошларини ўсма безаган қизлар кулгуси таралади.

Вужудимизни ҳаётбахш умидлар қамраб олади. Янгиланиш фасли қалбларда акс-садо беради. Улуғ бунёдкорликнинг абадий қудрати ўзига чорлайди. Борлиқ инъом этган ободлик, поклик, янгиланиш ва яратиш завқи одам ва оламни боғлайди.

Юртимизга уйғониш, янгиланиш ва яшариш фасли ана шундай кириб келади. Табиат қудрати, бирдамлик, бунёдкорлик ва эзгулик тимсоли – Наврўз бошланади.

19 март. Алишер Навоий номидаги Ўзбекис­тон Миллий боғи байрамона безатилган.

Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, спорт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, табаррук отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрган.

Соат 10:00. Майдонга Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келади.

Байрам тантанасига йиғилганлар давлатимиз раҳбарини қарсаклар билан кутиб олади.

Чорлов мусиқаси янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ­берилади.

Давлатимиз раҳбари халқимизни баҳор, янги­ланиш ва яшариш рамзи – Наврўз байрами билан муборакбод этади.

Муаззам майдоннинг атрофида турфа ранг­лардаги байроқчалар ҳилпирайди, улкан ҳаво шарлари майин эпкинда тебранади. Саҳна теграсида ўрнатилган анвойи гуллар жонланиб, қуёшнинг заррин нурларида жилоланади. Ҳаёт ­абадийлиги тимсоли бўлган чархпалакларнинг бир маромда айланиши, халқимизнинг обод ва файзли хонадонларини эслатувчи сўрилар, чаппар уриб гуллаган ўриклар, шўх-шан учаётган қалдирғочларнинг саси юракларда ажиб ҳисларни уйғотади.

Шундай фарахбахш дамларда она табиатда рўй бераётган яшариш, янгиланишларни қалбидан ўтказаётган ҳамюртларимиз кўнглида шодлик, яна бир Наврўзга, гўзал ҳаётнинг бебаҳо неъматларига эсон-омон етганимиз, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукроналик туйғулари жўш уради.

Майдон узра карнай-сурнай ва ноғоралар садоси янграйди, жарчиларнинг чорлови байрам бошланганидан дарак беради. Гўё уларнинг садоси она заминни қиш уйқусидан уйғотиб, борлиққа баҳор сепини ёйганидан хабардор қилади.

“Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар…”. Кўнгилларга баҳорий илиқлик, кўклам сурурини бахш этган сеҳрли оҳанглар оғушида юртимизнинг ҳусн-малоҳатда тенгсиз табиати, бетакрор қадимий обидаларию замонавий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган муҳташам иморатлари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўрку тароватли қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланади.

Халқимиз азалдан табиат уйғонадиган, йил янгиланадиган, дилларда янги орзу-умидлар туғиладиган кунни катта шоду хуррамлик, бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари билан кутиб олган. Ота-боболаримиз Наврўзга покизалик, яхши орзу-ниятлар билан пешвоз чиққан. Чунки тозалик, саранжом-саришталик бор жойда қут-барака, сиҳат-саломатлик бўлади.

Бу йилги байрам ҳам диёримизнинг барча шаҳару қишлоқлари, овул ва маҳаллаларида фусункор ва кенг миқёсда – умумхалқ сайиллари тарзида кўтаринки руҳда нишонланаётир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 24 февралда қабул қилинган “2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори энг ардоқли ва асл миллий байрамимизни муносиб кутиб олиш учун асос бўлди.

Ушбу қарорга мувофиқ юртимизнинг барча гўшаларида энг қадимий байрамимизни миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг равишда халқ сайиллари тарзида нишонлашга қаратилган “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.

Баҳорнинг дастлабки кунларидан юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқди. Қишнинг рутубатли кунларидан сўнг уй-жойлар саранжом-саришта қилинди. 15 март куни мамлакатимиз бўйлаб уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашарида маҳалла ва кўчалар тозаланди, хиёбону боғлар, корхона ва ташкилотлар атрофи ободонлаштирилди. Табаррук қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди. Кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинди, уйлари тартибга келтирилиб, байрам совғалари улашилди. Буларнинг бари меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиш, инсонпарварлик ғоялари жамиятимизнинг устувор мақсадига айланганидан дарак беради…

Яна ўқинг:  Балоғат бекатида

…Саҳнага келажагимиз эгалари – болажонлар кириб келади. Улар ўзларининг шўх-шодон қўшиқлари, жозибадор рақслари билан болалик оламининг гўзал ва бахтиёр онларини мадҳ этади.

Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур. Давлатимиз раҳбарининг ана шу ғоясини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Барча саъй-ҳаракатларимиз жисмонан бақувват, фикри соғлом, имон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодларни тарбиялаб вояга етказишга қаратилган.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2014 йил мамлакатимизда Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ана шу ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар жиҳатдан соғ­лом авлодни вояга етказишга қаратилган “Соғлом она – соғлом бола” дастури доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун шароит яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизим шаклини олди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Сўнгги ўн йилда даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 750 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилди.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизнинг 92 фоиз ўғил-қизлари ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекис­тон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Мамлакатимизда соғлом, баркамол авлодни вояга етказишнинг асосий воситаси сифатида спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақалари нав­қирон авлодни спортга кенг жалб этиш билан бирга Ватанимиз байроғини халқаро майдонларда баланд кўтарадиган спортчиларни кашф этишда ғоят катта аҳамият касб этаётир. Болалар спортини ривожлантириш борасида мамлакатимизда яратилган тизим ва тўпланган тажриба жаҳонда кўпчиликда қизиқиш ва ҳавас уйғотмоқда.

Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самараси фарзандларимизнинг саломатлигида, жисмоний кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда. Ўртача вазн кўрсаткичи 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортган. Болаларнинг бўйи ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметр­га, қизлар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани халқимизнинг соғлом болани тарбиялаш борасидаги эзгу орзу-умидлари ушалаётганидан далолат беради.

…Саҳнани тўлдирган болакайларнинг чиқишларида ҳам бу жиҳатлар ўз ифодасини топади. Уларнинг майдон узра янграётган шўх-шодон кулгилари, она Ватанни, кўкламни, бахтиёр болаликни, мустақил юрт фарзандларининг беғубор ва қувноқ дамларини мадҳ этувчи жарангдор куй-қўшиқлари, жозибадор рақс­лари барчага завқ-шавқ улашади…

Тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва бирдамлик ҳукмрон, фидойилик, изланиш, ташаббус ва ҳалол меҳнат қадрланган юртда қут-барака бўлади. Буни мамлакатимизда иқтисодий барқарорлик, юксалиш суръатлари давом этаётганида яққол кўриш мумкин. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасида 2013 йилда аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтириш таъминланди, Ўзбекистоннинг дунё бозоридаги позицияси мустаҳкамланди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсди.

Яна ўқинг:  Самарқандда Ислом Каримов мақбара мажмуаси очилди

Янги иш жойлари ташкил этиш, айниқса, ёшларни ва хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган эътибор натижасида аҳоли турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Ўтган йили бир миллионга яқин янги иш ўрни яратилди, аҳолининг реал даромадлари миқдори муттасил кўпайишига эришилди.

Ижтимоий соҳани ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш, қишлоқда замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан аҳоли ҳаёт даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жой қуриш дастурининг амалга оширилиши натижасида 2009-2013 йилларда мамлакатимизнинг 159 қишлоқ туманида 900 дан ортиқ янги уй-жой массивлари барпо этилди, 33,5 мингдан зиёд якка тартибдаги уй-жой қурилди. Булар Президентимиз раҳнамолигида Ватанимизни ҳар томонлама обод қилиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдек олий мақсад йўлида амалга оширилаётган беқиёс ишларнинг амалдаги ифодасидир.

Бу 2013 йил 16-17 апрель кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтган “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзусидаги халқаро конференцияда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, уй-жой қурилиши соҳасидаги йирик компаниялар раҳбарлари, етакчи мутахассислар томонидан эътироф этилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”нинг ўзига хос жиҳатларидан бири қишлоқларимизни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётганидадир. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, барчамизнинг илдизимиз, томиримиз авваламбор қишлоқ заминига бориб тақалади.

Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, ҳудудларнинг табиий иқлим шароити, шу билан бирга, замонавий муҳандислик-коммуникация тизимлари билан уйғун ҳолда, баҳаво, кенг, қулай ва ёруғ қилиб бунёд этилаётган уй-жойлар қишлоқ аҳолисининг муносиб ҳаёт кечириш борасидаги орзуларини рўёбга чиқармоқда. 2013 йилда 353 қишлоқ массивида барпо этилган 10 мингта шинам уйлар минглаб оилалар ҳаётида ана шундай янги даврни бошлаб берди.

…Саҳна теграсидаги йирик мониторларда юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқимизнинг, шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, қишлоқда турмуш даражасини юксалтириш мақсадида изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишларнинг самаралари акс этган тасвирлар байрам иштирокчилари қалбида эришган ютуқларимиздан фахрланиш ва мамнуният туйғуларини жўш урдиради…

Бу йилги Наврўз тантаналарида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бадиий-фольклор ва этнографик жамоалари чиқишларига кенг ўрин берилган. Ҳар бир ҳудуднинг ранг-баранг дастурларида унинг ўзига хос анъаналари, лапару ўланлари, рақс ва ҳазил-мутойиба, бахшилар айтишуви ижро этилди. Ҳур диёримизда бир тану бир жон бўлиб яшаётган барча миллат ва элатлар вакилларининг бадиий чиқишлари қалбларни фахрга тўлдирди.

Истиқлол йилларида миллий мусиқамизни чуқур ўрганиш ва ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Шашмақом, Катта ашула, Наврўз инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилди. Бу халқимизнинг минг йиллик қадриятлари умуминсоний цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшгани, одамзотни эзгуликка, бирдамликка, тинч-тотув яшашга, табиатнинг абадий мувозанатини асрашга ундаб келаётганининг юксак эътирофидир.

…Мақом, фольклор-этнографик ансамблларининг чиқишларида, турфа рақсларда, халқ ўйинларида кўп минг йиллик тарихга эга, гўзал ва бетакрор байрамимизнинг ноёб қирралари ўз аксини топган.

Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик мус­тақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида халқимиз эришган энг буюк ютуқдир. Улуғ аждодларимиз тинч мамлакат бахтли, саодатли мамлакатдир, деб бежиз айтмаган. Зеро, тинчлик ҳукмрон юртдагина инсон буюк ва эзгу орзуларни кўнглига тугиши ҳамда уларнинг ушалишидан қалби қувончга тўлиши, ўз иқтидори, қобилияти ва салоҳиятини тўла намо­йиш этиши мумкин.

Яна ўқинг:  Яхши от улоқда синалади

Юрти тинч, кўнгли хотиржам халққа тўй ва тантаналар ярашади. Халқимиз бу олий неъматни доим улуғлаб келишининг, Яратгандан доимо тинчлик ва осойишталик, фаровонлик ва ободлик тилашининг сабаби шунда. Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи – юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимиздадир.

– Ўзбекистонда ҳар бир байрам кўтаринки руҳда нишонланади, – дейди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Фумихико Като. – Наврўз байрамининг ўзига хос шукуҳи мени мафтун қилди. Байрам тантанасидаги улуғворлик, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва шодлик юртингиздаги тўкинлик, фаровонлик ва осуда ҳаётдан дарак бериб турибди.

…Халқимиз Наврўзни ҳар йили ўзгача соғинч, интиқлик билан кутиб олади. Ёшу қари кўча ва хиёбонларга, сайил­гоҳларга, қиру адирларга интилади. Сайил қизигандан қизийди: бахшилар дўмбира чертади, ҳофизу хонандалар хониш қилади, терма ва лапарлар янграйди, аскиячи ва қизиқчиларнинг ҳангомаю пайровлари кўнгилларга шодлик улашади. Кишилар дорбозлар баҳси, масхарабозу қўғирчоқбозларнинг томошалари, пойга, улоқ-кўпкари, кураш, мерганлик мусобақаларидан завқланади.

– Наврўз бизни табиатга янада яқинлаштиради. Барча саъй-ҳаракатлар инсон учун, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, юксалиш ва фаровонлик учун хизмат қилишига ишонч-эътиқодимизни оширади, – дейди Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулсара Усмонова. – Бу йилги Наврўз тантаналарида Соғлом бола йилининг олижаноб мақсадлари мужассам этилгандир.

Наврўз биз учун бунёдкорлик ва яратувчилик байрами сифатида ҳам қадрлидир. Наврўздан Наврўзгача мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу эзгу анъана бу йил ҳам давом этди. Умумий қиймати 2 миллиард 700 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган ишлаб чиқариш йўналишидаги 150 лойиҳани амалга ошириш ишлари ниҳоясига етказилди. Тошкент ва Наманган вилоятларида замонавий тўқимачилик комплекслари, Жиззах ва Хоразм вилоятларида тўқув-йигирув, Самарқанд вилоятида спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди.

2013 йилда 146 замонавий тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди. 756 таълим маскани, мусиқа ва санъат мактаблари, болалар спорти объектлари янгидан қурилди, реконс­трукция қилинди ва капитал таъмирланди.

Мамлакатимиз автомобилсозлари Соғлом бола йилида яна бир янги автомобиль – “Chevrolet Orlando” оилавий миневэнини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бундай саъй-ҳаракатлар моҳиятида юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, фаровон ва тўкин ҳаётни таъминлашга интилишдек эзгу ниятлар мужассам.

…Муаззам саҳнада санъат усталари, ёш ижрочиларнинг она юртни, истиқлолни, янгиланиш ва яшариш айёмини, муҳаббатни мадҳ этган чиқишлари қалбларни тўлқинлантиради. Мусиқий оҳанг­лар, дилтортар рақслар, бетакрор саҳна манзаралари кишига завқ-шавқ бағишлайди. Бундай шукуҳли дамларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўзгаларга меҳр-оқибат кўрсатиш туйғуси жону танимизга янада теранроқ сингаётгандек.

Байрам тантаналари сунъий йўлдош орқали кўплаб хорижий мамлакатларга тўғридан-тўғри узатилгани истиқлол йилларида халқимиз эришган улкан ютуқлар, Ватанимиз тинчлиги, эл-юртимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган улуғвор ишларнинг амалдаги яна бир яққол намойиши бўлди.

Бугун юртимизда, унинг барча шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайли, шодиёналар давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.

Фарҳод Қурбонбоев, Сарвар Ўрмонов (ЎзА) олган суратлар.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: