Реабилитация саломатликни тиклаш демакдир

– Доктор, қизимда сколиоз хасталиги бор. Умидимиз сиздан, уни даволашингиз учун ҳузурингизга олиб келдик.

Касалхонага келтирилган беморнинг касаллик тарихи ўрганилиб, таҳлилий анализлар олинди. Ачинарлиси, оилавий муаммолар ва ота-онанинг эътиборсизлиги оқибатида ёш қизда хасталикнинг 4-даражаси ҳолати аниқланди. 2-гуруҳ ногирони, 20 ёшли Дилноза дарҳол “Умуртқа поғонаси касалликлари бўлими”га ётқизилди. Афсуски, вақтида шифокорга мурожаат қилинмаганлик туфайли хасталикни бартараф этишнинг бирдан-бир йўли мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш эди. Шифокорлар жарроҳлик амалиётини ўтказишга киришдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Ногиронларни Реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий марказида ногиронларнинг тиббий, ижтимоий ва касб жиҳатдан тиклаш, ногиронларни РЯТД (реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури) асосида реабилитация қилиш ишлари самарали амалга оширилиб келинмоқда.

Марказ ногиронлар реабилитациясидан ташқари, уларни тиббий-ижтимоий ва касб касалликлари бўйича реабилитация қилиш орқали тўлақонли турмуш кечириш ҳамда ўз ҳуқуқ ва потенциал имкониятларини руёбга чиқариш, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ва касбий фаолиятнинг ҳар хил турларига доир қобилиятларини тиклашга кўмаклашади.

Бу борада эътиборга молик ишларни амалга ошириб келаётган Ногиронларни Реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли 2010 йилда Япония гранти асосида замонавий махсус-тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланган эди. Ҳозирги кунда марказда терапия, неврология, жароҳатлар оқибатларини даволаш, умуртқа поғоналари касалликлари, шунингдек, функционал диагностика, физиотерапия, биокимёвий лаборатория, ЛФК ҳамда иккита хўжалик ҳисобидаги бўлимлар фаолият кўрсатиб, 60 нафардан зиёд мутахассис шифокорлар, 120 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ва яна юзга яқин ишчи-ходимлар малакали реабилитация хизматини адо этмоқдалар.

Марказга ТМЭКлар томонидан реабилитация қилиш учун юборилган беморлар бу ерда лозим бўлган текширув ва таҳлилий жараёнлардан, лаборатория текширувлари, рентген, ультратовуш ва бошқа тиббий текширувлардан ўтадилар. Керакли ҳолатларда эса жарроҳлик амалиётлари қўлланилади.

Шуниси диққатга сазоворки, яқинда бюджет маблағлари ҳисобидан қуриб, ишга туширилган 54 ўринли икки қаватли янги бинода “Умуртқа поғонаси касалликлари бўлими”нинг кўчириб ўтказилгани ногиронларга янада тўлақонли реабилитация хизмати кўрсатиш имкониятларини яратиб берди. Ёруғ ва иссиқ хоналар, махсус каравот ва мебеллар, телевизор, боғлов ва муолажа хоналари, дам олиш зали, шинам ошхона ва уч маҳал юқори калорияли сифатли таомлар беморлар саломатлигини тиклашда қўшимча омил бўлмоқда.

Яна ўқинг:  Чет тилларни ўргатиш такомиллаштирилмоқда

Бўлим раҳбари, тажрибали ортопед-травматолог Воҳид Фармонқуловнинг касб маҳорати туфайли олиб борилаётган сифатли реаблитация ишлари ёш ва изланувчан шифокорларни бугунги тезкор даврда ишга масъулият билан ёндашишга, изланиш ва замонавий тиббиёт илмини эгаллашда замин бўлиб хизмат қилмоқда. Марказда даволаниш курси 10-15 кунни ташкил этгани ҳолда бепул дори-дармонлар таъминоти йўлга қўйилган. Беморларнинг ўз вақтида дори-дармон қабул қилиши, физиотерапевтик муолажаларини олишлари шифокорларнинг доимий назоратида. Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, ўз устида ишлаш, янгиликларни ўзлаштириб боришлари учун махсус ўқув курслари, суҳбат ва семинарлар, амалиёт дарслари олиб борилмоқда.

Марказда ногиронлар реаблитацияси, уларнинг меҳнат фаолиятини тиклаш, ногиронликнинг олдини олиш ва жарроҳлик амалиётларини сифатли бажаришда самарали фаолият юритиб келаётган профессорлар Алишер Сатторов, Вафо Омонов, ортопед-травматологлар Баҳодир Каримов, Азиз Қобилов, Баҳодир Сафаров, Амир Ражабов, Адҳам Бойсунов, Жасур Эргашев, даволовчи шифокорлар Элёр Аҳроров, Ғулом Боймуродов каби қўли енгил шифокорларнинг инсон саломатлиги йўлидаги изланиш ва фидойиликларини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бўлимда мавжуд амперпульс, электрофарез, ОКУФ, магниттерапия, УВЧ, УГТ, дарсенвал, умуртқани тортиш ва чўзиш аппаратлари, уқалаш муолажалари эса саломатликни тиклашда муҳим омил бўлмоқда. Чунки ногиронлар тиббий-ижтимоий реаблитацияси кенг қамровли комплекс тадбирлар асосида тиббий дори-дармонлар, физиотерапия, ЛФК, психолог, адаптация машқлари ўтказиш, лазертерапия, парафин-азокеритаппликацияси ва бошқалар ёрдамида амалга оширилади.

Жумладан, марказда физиотерапевт Наргиза Холиқова томонидан кенг қўлланилаётган лазертерапия беморларда қон айланишини яхшилаб, тўқиманинг озиқланиши, модда алмашинувининг яхшиланишига таъсир кўрсатади. Бу тиббий ускуна ишлатишга қулай бўлиб, бевосита касаллик нуқталарига лазер нури юборилади. Шунингдек, Япония услубида иш бошлаган адаптация хонасида физиотерапевт инсульт, неврологик ва бош мия, умуртқа поғонаси касалликлари асоратлари туфайли ҳаракати чекланиб қолган беморларга ўнта қоида асосида ижтимоий турмушга кўникма ҳосил қилиниб, эрготерапия ишлари олиб борилмоқда.

Ногиронларнинг меҳнат фаолияти, ҳаракат давомийлигини тиклашда даволаш физкультурасининг ҳам ўрни беқиёс. Бир йилдирки, марказда ўз тажрибаларини баҳам кўраётган япониялик физиотерапевт Кенжи Токизаке ногиронлар реабилитациясида дунёда кенг тарқалган услуб – кундалик фаолиятни ривожлантиришга эришмоқда. Мақсад, реабилитация қилишда эрготерапия – тананинг юқори қисми, қўл ҳаракати, кундалик фаолият ва ментал, логапед – нутқ, оғиз бўшлиғи, афазия, диефагил, хотира бузилиши, диққат етишмаслиги каби ҳолатларни тиклашдир. Бу нафақат тана фаолиятини, юқори мия ва неврологик ҳолатларни ҳам даволашни кўзда тутади. Бундай ноанъанавий даволаш усули ногиронлик фоизини камайтиришга, касаллик ёки жароҳатланишдан сўнг тўшакка михланиб қолмасликка ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Ibrat maktabi

Шунингдек, ногиронларга руҳий аутотренинг, психотерапия, психокоррекция, психопрофилактика, адаптация каби усуллар орқали уларни руҳий бардамликка ундаш, протез маҳсулотларига ўргатиш ва бошқа ҳаётий кўникмалар орқали ижтимоий ҳаётга тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Муҳими, ногиронни оилада ўз мустақил ҳаракатини бошқара олишга, ўз-ўзини идора қила олиш ва бошқаларга муҳтож бўлиб қолмасликка кўмаклашишдан иборат.

“Саломатлик – туман бойлик”, дейди доно халқимиз. Инсон саломат бўлсагина, ҳаётга, яшашга интилади. Интилиш эса ҳаракатдан иборат.

Шундай экан, бугунги кунда ана шундай беморларга сидқидилдан хизмат кўрсатиб, ўз фидойилигини намойиш этаётган ногиронларни жамиятда тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш орқали уларни тўлақонли турмуш кечиришларида тиббий ёрдам кўрсатаётган саломатлик посбонларига ҳамиша омад ёр бўлишига тилакдошмиз!

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: