Дарсларга ижодий ёндашув

машғулотлар қизиқарли бўлишини таъминлайди

Ҳар бир дарснинг ҳаётий режа асосида ташкил этилиши машғулотнинг сифатли олиб борилишини таъминлаш баробарида ўқувчилар вақтини тўғри тақсимлашда муҳим аҳамият касб этади. Ўқитувчининг маҳорати дарсни қандай режалаштирганига боғлиқ. Бу эса мураббийдан катта тажриба, тинимсиз изланиш ва чуқур билимни талаб этади. Дарс жараёнида юз берадиган ҳар қандай ҳолатга, мавзу юзасидан бўладиган саволларга, турли ўйин усулларини ташкил этишга ўқитувчи пухта тайёргарлик кўриши лозим.

Қарийб 15 йилдирки, бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб келаман. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ўтиладиган мавзу юзасидан дарс регламентини тузиб чиқаман. Натижада 45 дақиқалик машғулот кўз олдимда намоён бўлади. Ўйин ёки савол-жавоб тарзида олиб борилган машғулотларда ўқувчилар фаоллиги ошганини кўп бор кузатганман. Бунда паст ўзлаштирувчи ўқувчилар ҳам гуруҳи шаънини ҳимоя қилиш учун ўқиб-изланишга ва ўтилган дарс мавзусини диққат билан тушуниб олишга ҳаракат қиладилар.

Экологик тарбияга бағишланган дарсларда “Дўстингиз қушнинг боласини оламиз, деса қандай йўл тутасиз?”, “Хазонларни ёқмоқчи бўлган дўстингизни кўрганда нима қиласиз?” каби саволлар тузиб, улардан жавоб оламан. Сувни ифлослантирмаслик, ҳайвонларга, қушларга, табиатга дўстона муносабатда бўлишга ундовчи саволлар бераман. Азон қатламининг тешилишида заҳарли тутунларнинг таъсири ҳақида тушунча бераман. Кўп ҳолларда табиат ва одобнома дарсини қўшиб, ўқувчиларга биз табиатнинг ажралмас бўлаги эканимизни тушунтираман.

Мафтуна Иззатуллаева, Руҳшона Юсупова, Гулноза Қодирова, Дилдора Салоҳиддинова каби изланувчан ўқувчиларим синфдошларини ҳам фаол бўлишга ундашади. Ўқитувчининг дарсларга ижодий ёндашуви ҳар бир машғулотнинг қизиқарли бўлишига ўқувчининг мавзуни пухта ўзлаштиришига ижобий таъсир этади.

Шаҳноза БОБОЕВА,

Чирчиқ шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Витаминли салат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: