Тасаввур ва тасвир уйғунлиги

ёш рассом маҳоратини юксалтиради

Юртбошимиз ёшлар ҳақида сўз юритар эканлар, куюнчаклик билан олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсон бўлиб вояга етишига боғлиқ деган фикрни кўп бора таъкидлайдилар.

Дарҳақиқат, биз мамлакатимиз келажаги ва фахри бўлган умидли ўғил-қизлар ҳақида қайғурадиган халқмиз. Шу боис юртимизда иқтидорли ёшларнинг ўқишда, касб-ҳунар эгаллашда, яратувчилик фаолиятида эришаётган ютуқлари муносиб баҳоланмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Дастгоҳли ва китоб графикаси” мутахассислиги бўйича магистратура иккинчи босқич талабаси Чарос Пайзиева ана шундай умидли ёшлардан. Унинг кузатувчан нигоҳи ижодкорлигидан дарак беради. Ранглар уйғунлигида яратган санъат асарларини кўриб, қалбинг ёришади.

Беш нафар фарзандини соғлом, маънан баркамол этиб камолга етказган Чароснинг ота-онаси Алишер ака ва Жаннат опа бугун ниятлари ушалаётганига шукроналар айтишади. Жаннат опа Ўзбекистон тарихи Давлат музейи директори. Чарос болалигидан онасига эргашиб, турли санъат асарларини томоша қилиб улғайди. Эҳтимол, ана шу унутилмас лаҳзалар унинг беғубор қалбида тасвирий санъатга муҳаббат уйғотган ва ижодкор бўлишига туртки бўлгандир.

Қизалоғининг тасвирий санъатга қизиқишини англаган онаси уни тўққиз ёшида Республика болалар ижодиёт марказига олиб боради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли рассом Ҳикмат Жалилов раҳбарлигидаги тасвирий санъат студиясида Чарос рассомлик санъати сирларини ўрганди. Кейинчалик олий таълим даргоҳида ҳам амалиёт дарсларида натура (кишиларни турли ҳолатларда тасвирлаш) қаламда ва рангда ишлаш, композиция фанидан бирон-бир асарга ёки мавзуга бағишлаб миниатюра йўналишида асарлар ишлашни ўрганди. Этюд жанрида – табиат, ҳайвонлар, қушлар, одамларнинг турли ҳолатларини тасвирлашни, ашёда ишлаш фанида тарихий миниатюра асарларидан нусха олиб, китобот санъати фанида бирор асарга иллюстрациялар ва муқовалар ишлашни ҳамда табиат қўйнида табиат тасвирларидан наброска (хомаки режа)лар чизишни қунт билан ўзлаштирди.

Замон билан тенглашаётган ёшлар қатори Чарос Пайзиева ҳам инглиз тили, тарих фанларини яхши ўрганган. Илмий мақолалар ёзади. Беназир мўйқалам соҳиби Камолиддин Беҳзодга бағишлаб нашрдан чиқарилган “Санъат ёшлар нигоҳида”, “Ҳозирги таълим тизимида миниатюра санъатини ўқитиш ва ундаги муаммолар” деб номланган илмий китоблар саҳифаларидан ёш мусаввирнинг мақолалари ҳам жой олгани қувонарлидир.

Яна ўқинг:  Маҳалладошим ва устозим сийратига бир чизги

– Ҳар бир инсон ўз орзу-ниятларига эришишида, аввало, уни тушунадиган яқинларига суянади. Мен шу давргача барча муваффақиятларга устозларим, ота-онам ва албатта турмуш ўртоғимнинг кўмаги билан эришиб келмоқдаман. Қайнонам Шоира Пайзиева психолог, шунинг учун ҳам мени тушунган ҳолда ўқишим, ижодий ишларим учун шароит яратиб беришган. Оиламиздаги соғлом муҳит туфайли ўқишда юқори рейтинг натижаларига эришиш билан бирга, халқаро ҳамда республика миқёсида рассомлик соҳаси бўйича ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, кўргазма ва маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келмоқдаман. Илк ютуқларим 2000 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси томонидан “Она сути – бола соғлиғининг манбаи” номли илмий анжуман доирасида ўтказилган кўргазма-танловида “Она ва бола, гул билан лола” асари учун биринчи ўрин ҳамда ЮНИСЕФнинг махсус совринини қўлга киритган эдим, – дейди Чарос Пайзиева.

Шунингдек, Италияда ташкил этилган халқаро кўргазма-танловида муваффақиятли иштирок этган ёш рассом “Оролни асранг” асари учун Халқаро ЭКОСАН хайрия жамғармасининг махсус соврини, “Темурийлар сулоласи” асари учун Халқаро Амир Темур жамғармасининг махсус соврини ва дипломи билан тақдирланган. Ҳиндистонда бўлиб ўтган “Шанкар – 2005” номли Халқаро кўргазма-танлови ғолиби бўлиб, “Ҳинд маликаси” асари учун иккинчи ўрин ва кумуш медални қўлга киритди.

Чарос Пайзиева Тошкентнинг 2200 йиллигига бағишланган “Устоз ва шогирд” кўргазмасида “Миниатюра ва китоб графикаси” йўналиши бўйича, “Тасвирий санъат ҳафталиги – 2009” да “Энг яхши миниатюра асари” номинацияси буйича Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Дипломини қўлга киритган. 2010 йилда Навоий номидаги Давлат стипендиясига муносиб деб топилган юксак иқтидор соҳибаси Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллудига бағишланган кўргазма-танловда ҳамда “Тасвирий санъат хафталиги-2011” да диплом билан тақдирланган. Ёш рассом ана шу меҳнатлари, ижодий изланишлари натижаси ўлароқ 2013-2014 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари танлови ғолиби бўлди.

Ҳозирда Чарос “Тарих саҳнасида аёл сиймоси, амалий ва назарий таҳлили” мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда. Бу мавзуни танлашига сабаб Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим, Зулфияхоним каби ўзбек аёлларини жангчи, малика, шоира, давлат маслаҳатчиси сифатида эмас, авваламбор, уларни аёл, рафиқа ва она тимсолидаги характерини тасвирлар орқали очиб беришдир.

Яна ўқинг:  Китоблар – тарих гувоҳлари

Келажакда устозлари “Шуҳрат” медали соҳиби Мирҳамид Сабиров, Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов, академик, ҳайкалтарош-рассом Шаҳноза Мўминовадек ёшларга сабоқ бериш ёш рассомнинг эзгу ниятидир. Бугунги кунда қатор республика ва халқаро болалар санъати кўргазма танловларида фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келаётган ёш рассом замонавий ва анъанавий йўналишда ижод қилади. Миниатюра жанрининг асосчиси Камолиддин Беҳзод яратган асарлар уни ўзига мафтун этгани боис Чарос Пайзиева тарихий асарлар қаҳрамонларини замонавий қиёфада яратишга ҳаракат қилади. Унинг ижоди ана шу қирралари билан бошқалардан ажралиб туради. Ёш мусаввир келажакда доктарантурада ўқиб, илмий изланишлар олиб бориш ниятида. Зеро, аёл роҳатни ҳаловатда эмас, балки, меҳнатда деб билса, қайноқ қалб билан амалга оширилаётган бу меҳнатлар эртага шон-шуҳрат, фаровонлик бўлиб ҳаётимизда акс этиши шубҳасиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: