Ясси оёқлик – боланинг жисмоний ривожланишида жиддий муаммо

Болаларда ясси оёқлик жиддий муаммо ҳисобланади. Кичкинтойларда ушбу ҳолатнинг туғма кўринишини беш ёшгача аниқлаш қийинчилик туғдирганлиги сабабли шифокорлар профилактика мақсадида болаларнинг оёқ кийимига ортопедик мосламаларни солишни тавсия этадилар. Бундай мосламалар боланинг ўсаётган оёғиини тўғри шаклланишига ёрдам беради ва ясси оёқликнинг вужудга келишининг олдини олади.

 

Ясси оёқлик – бола оёғининг кўп учрайдиган деформацияси (нуқсони)дир. Бу хасталикни даволаш бўйича профилактик муолажалар қанчалик тез бошланса, шунчалик гўдак оёқлари тўғри ривожланиб ўсади.

Фарзандингизда ясси оёқлик мавжудлигини қандай аниқлаш мумкин? Болани ялангоёқ юргизинг. У турли йўналишларда юриб кўрсин. Сиз эса оёқчаларининг ички қисмига эътибор бериб кузатинг. Улар ерга деярли тегмаслиги керак. Камдан кам ҳолатларда ясси оёқлик туғма бўлади. Одатда бола юра бошласа нуқсон кўзга ташланади.

Ясси оёқликни компьютер подометрия (оёқ излари сурати) ёрдамида аниқлаш мумкин. Ушбу усул янги технология бўлиб жорий йилнинг бошидан Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти клиникасида кенг кўламда қўлланиб келинмоқда.

Одатда соғлом оёқ ост қисмининг ички томони, умумий ост қисмнинг 3/2 қисмини ташкил этиши керак. Ясси оёқликда эса ушбу ички томон йўқ бўлади, бўлса ҳам жуда кам қисмни ташкил қилади.

Болаларда ясси оёқликнинг олдини олишни бола туғилган илк кунларидан бошлаш лозим. Бунда бола оёқларининг мушакларини мустаҳкамлаш зарур. Бунинг учун уқалаш, даволовчи гимнастика, махсус муолажалардан фойдаланилади. Болдир ва товон мушакларини уқалашни ота-оналарнинг ўзлари бажариши мумкин. Болдир мушакларини бармоқларингиз билан уқалаш етарлидир. Боланинг товон мушакларини уқалаш учун биринчи бармоғинг билан боланинг товонидан то оёқ бармоқларигача юргизиб чиқинг. Бундай уқалашларни кунига 2 маротаба (эрталаб ва кечқурун), 10 дақиқадан бажариш зарур.

Бир ёшдан сўнг бола юришни бошлаганида даволовчи гимнастикани кўпайтириш лозим. Болага оёқларининг учида юришни, бармоқларининг учида турган ҳолатда сакрашни, оёқнинг ташқи қисмида юришни, товонда юришни, товонлар ёрдамида қалам, таёқча айлантиришни ўргатиш керак.

Бола товонининг шакли боланинг гавдаси билан боғлиқдир. Ясси оёқлик мавжуд барча болаларда қоматнинг нотўғри шаклланиши кузатилади. Умуман олиб қараганда оёқ ва қоматнинг бир бирига боғлиқлик тарафини кўрмайсиз. Лекин айни пайтда ясси оёқлик мавжуд 60-70 фоиз болаларда умуртқанинг қийшайиши ва гавданинг жиддий муаммолари кузатилмоқда. Товоннинг оз бўлсада тўғри шаклланмаслиги мавжуд бўлса ҳам у боланинг жисмоний ривожланишига жиддий таъсирини ўтказиши мумкин. Ясси оёқлик мавжуд болалар кўп тик тура олмайдилар. Улар тез толиқадилар, оёқ ва сонлардаги оғриқлар ҳақида шикоят қиладилар.

Яна ўқинг:  ГЎЗАЛЛИК “ДАРСХОНАСИ”

Болаларда ясси оёқликни қуйидаги машқлар ёрдамида даволаш мумкин. Ушбу машқларни бола онанинг кузатуви остида бажариши лозим. Керакли машқларни бажаришда дастлаб сизга шифокор ёрдам беради.

Ўтирган ҳолатда товонларни бирма бир букиш;

товонларни айлантириш;

арғимчоқ машқида бола оёқларида тик туриб, аввал у оёқларининг учларига, сўнг товонларига таянади;

оёқлар учида юриш;

ерга гимнастик таёқчани қўйинг. Унда юриш жуда фойдалидир;

оёқ бармоқларида туриб, ярим ўтиришни бажариш;

гимнастик таёқчада ўтириб-туриш;

оёқ бармоқларида чанғи учгандек ҳаракатланиш;

кичкина коптокчани 1-3 дақиқа давомида оёқ бармоқлари билан ҳаракатлантириш;

оёқ бармоқларида туриб сакраш;

турли буюмларни оёқ бармоқлари билан кўтариш.

Шундай машқлар ҳам борки, бунинг учун махсус мосламалар талаб этилмайди. Лекин уларнинг даволовчи самараси ниҳоятда каттадир. Бунинг учун ёз кунларида, бола имкон қадар ерда оёқ яланг юриши зарур.

Машқларнинг барчасини бир машғулотда бажариб ўтиш шарт эмас. Машқ қилишни аввал аста-секин кўпайтириб боринг, 10-15 кун ўтгандан сўнг эса бирма бир машқларни яна такрорланг.

3-4 дақиқадан сўнг болага дам олишига вақт беринг. Машқларнинг умумий вақти 15-20 дақиқани ташкил этиши керак. Кунига икки маротаба машқларни бажариш исталган натижани беради. Бир — бир ярим ойлардан сўнг болакай ўзини яхши ҳис эта бошлайди.

Азиз ота-оналар! Фарзандингиз соғлиғига барвақт эътибор берсангиз унинг соғлом вояга етишига имкон яратасиз, унутманг!

 

Ифтихор ҚОДИРОВ,

тиббиёт фанлари номзоди,

Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти катта илмий ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: