Азим тераклар

Кўк сари бўй чўзган азим теракларнинг барглари шовуллаб сўлим саҳарни олқишлайди. “Ку-ку”лаган мусичалар симёғочга тизилиб олишган. Гуллар томон ошиқаётган бир уюм болариларнинг нақ қулоғи тагидан “ғувиллаб” ўтиши кетмон тутган Рустам акани шошириб қўйди. Бир зум уларнинг ортидан боқиб турди-да ўзича – “Об-бо, ғайрати жўшганлар-ей, ҳар кунги ишларингни зап биласанларда”, – дея қўшиб қўйди. Сўнгра кетмонига суяниб теракзорга тараган сувининг маромини кузата бошлади. Жўякдан оқаётган сувнинг шилдираши бобонинг хаёлини олис-олисларга етаклайди. Ўзингга шукр, Оллоҳим, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.

Кўкракка ҳурлик шамоли уфириб юртимиз озод ва обод гўшага айланди. Не-не синовли кунларни бошдан кечирган бу халқ бугун ўз эркига эга бўлди. Кечагина атак-чечак қилган ўғли Олимжоннинг бўйи бўйи билан тенглашаётганидан Рустам аканинг қувончи чексиз.

Халқимиз орасида қадим-қадимдан фарзанд туғилса унга атаб бир туп дарахт экиш анъана бўлган. Қадами қутлуғ келган Олимжон туғилганида раҳматли отаси Анвар бобо, Рустамбой неварам учун бир дунё терак қаламчаларини тайёрлаб қўйганман ҳовли тўридаги деворга туташ тақир ерни текислаб, обдон ишлов беринг. Сўнгра оби-тобини келтириб шу қаламчаларни қадайсиз, Сиз ҳашар бошласангиз қўни-қўшни қараб турмас, камига мана биз ҳам қарашамиз, ҳеч бўлмаса онангиз билан тушликка қўлбола паловхонтўрани тайёрлаб берамиз, – деган эди кулимсираб. Ота гапи қонун бўлган оиланинг кенжа фарзанди падарининг изни бўйича дарҳол ишга киришди. Ҳашар ўз оти билан ҳашарда, умумни ризқи шунчалик ширин бўларканми ёки чарчагани учунми ўша пайт тушликда падари келтирган ошнинг таъми ҳали ҳануз Рустам аканинг оғзида қолган.

Умрнинг тутқич бермас лаҳзалари бирин-кетин йилларни қувиб ўтар эди. Отаси эктирган қаламчалар эндиликда шоҳ ёйса тангадек қуёш тушмайдиган кўктеракларга, осмонўпар мирзатеракларга, уларга басма-бас ўсаётган илдизлари мустаҳкам оқтеракларга айланган эди.

Отажон сизни излаб келдим, теракзорда эканлигингизни кўнглим сезувди, – деган ўғли Олимжоннинг барваста бўйига кўзи тушган Рустам аканинг юзу кўзига табассум югурди. Айни пайтда олийгоҳда таҳсил олаётган ўғли Олимжон ҳам худди баҳаво теракзор каби бу йил йигирма бир баҳорни қаршилади. Истиқлол сабаб иқтидорли талабалар сафида ўн кун чет эл сафарида бўлиб қайтган ўғлининг тиришқоқлигидан отанинг кўкси тоғ.

Аслида падарининг ташаббуси билан барпо этилган теракларнинг анча-мунчасини кесиб янги иморат бошлаган қўни-қўшниларга улашган Рустам ака, уларнинг ўрнига янги қаламчаларни ўтқазишни сира канда қилмайди. “Бирни кессанг, мингни эк” – деган доно нақлга ҳамиша амал қилиб келгани боис, теракзор бехато сақланган. Олимжон отасининг кетмонини қўлидан олиб илдам сув йўлини тарашга тушади. Эгилиб қолган терак шохларини авайлаб тик турганларига илдиради. Уларнинг ён-атрофидаги ўт-ўланларни илдизига тегиб кетмасин деган хаёлда эҳтиётлик билан чопишга киришади. “Баракалла, ўғлим олим бўлишга интилсанг” аввало кўз очиб кўрган Ватанни, қадам босган тупроқни, ана шу мусаффо осмону беғубор заминни қадрига етгин. Буларнинг замирида аждодларимиз меҳнати, чеккан заҳмати бор”,– таъкидлайди ота ўғлига меҳр билан боқиб.

Яна ўқинг:  Ўзимизнинг сайёра

– Отажон, сиз бобомнинг шу кетмонини тутиб асло кам бўлмадингиз, мен ҳам сизни ўгитларингизга ҳамиша амал қиламан,– дейди ўғил.

Қуёшнинг тафти қайтганида бирин-кетин ҳовлига кириб келган ота-болани қарши олган онаизор, боягина тандирдан узган иссиқ нонлари-ю майиз солиб пиширган паловхонтўра билан оила аъзоларини сийлайди. Ўзаро аҳиллик, бир-бирига ҳурмат мужассам оиланинг дастурхон атрофидаги гурунги узоқ вақт давом этади.

Ҳа, ҳаёт берган ёруғ кунлар шукуҳига, сокин тунлар бағридаги оромларга кун сайин қут-барака энаётган шу Она заминга, ана шундай ота-боболарининг анъаналарига содиқ мўъжазгина ўзбек хонадонига кўз тегмасин дегинг келади.

ДАРДГА ДАРМОН БЎЛДИ

“Акбарали, ҳо Акбарали” хастали овозда ўғлини чақиради Нурали бобо ҳансираб. “Лаббай отажон”, падари ҳузурига шошилиб келаётган ўғил бехос йўл четида турган обдас­тани туртиб юборди. “Оббо” деганича обдастани қўлига олиб кираверишдаги айвон зинаси тагига қўйдида отасининг ёнига чиқди. Нурали бобонинг кундан-кунга чеҳраси сўлиб борар, ич-ичига ботган нурсиз кўзларини зўрға очиб-юмарди.

– Умрим охирлаб қолганга ўхшайди болам, охиратим учун қанча савоб йиғдим билмайман. Ишқилиб ҳаммангиз ортимда қолинглар. Сен оиланинг каттасисан, укаларинг ва сингилларингга бош бўлишинг керак,– дейди қалтироқ қўллари билан бағрига бошини қўйган ўғлининг елкасини силаб. – Ундай деманг отажон, катта синглим ўғилларига тўй қилмоқчи ўзингиз бошида бўласиз.

– Майли болам, илоҳим шу кунларга етказсин, мабодо етолмасам менинг ўрнимни билдирмайсан, – дея соқолига томган икки томчи кўз ёшини Акбаралига кўрсатмаслик учун юзини четга буради у.

– Отажон, чой ичасизми, юмшоқ ширгуруч тайёрладим, сузиб келайми? – келини Зайнабхоннинг мулойим овози ота-боланинг суҳбатини бўлди. – Раҳмат, қизим, умрингиздан барака топинг, тарбия берган ота-онангизга раҳмат, кейинроқ ичарман, – бир зумда ўзини оқ ювиб-оқ тараб ўтирган келинини алқашга тушади бобо. – Акбарали кечаси бир туш кўрибман, раҳматли онанг нуқул қўли билан имлаб анави боғ этагидаги теракзорга чорлаб турибди. Бормайман деб бошимни ирғасам, қовоқларини солиб ортига бурилди-да оқ терак олдида бир тўхтаб кейин секин кетиб қолди. Бу тушда не сир-синоат бор экан? Айтганча боғни суғордингми, охирги пайтларда сув келиши ҳам қийинлашиб қолди. Отасининг саволига секин бош ирғаб қўйган Акбарали, туни билан мижжа қоқмасдан боғга сув тараганини айтиб ўтирмади. Чунки, падари боғдаги ҳар бир дарахтни худди фарзандлари сингари авайлаб-ардоқлаб ўстирганини ўғил дил-дилидан яхши англайди.

Яна ўқинг:  МЎЪЖИЗАМИ Ё ФОЖЕА?!

– Ўғлим кел, мени теракзорга бир амаллаб суяб олиб бор. Ёнимда бўлмасада онангни асло хафа қилгим йўқ,-овозини пастлатиб таъкидлайди ота.

– Майли, сиз нима десангиз шу, ўзим опичлаб оламан,– дуйди падарининг титраган овозидан, бўғзига келган хўрсинишни яширишга уринган Акбарали.

Ота-бола бир амаллаб боғ ёнига етиб олишди. Шу оқтеракни тагига ўтирамиз ўғлим, онанг шу ерда бир пас тўхтаб, ортига бир қайрилган эди. Нурали бобо елкасини дарахт танасига суяб узоқ вақт ўтирди. Ўғли нималарни гапирди, у эшитмади ҳисоб. Кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олар экан, ўзини худди жаннатга тушиб қолгандай ҳис этарди. Кечки салқин тушиши билан танаси янада яйради. Иштаҳаси тикланди чоғи, чойнакдаги қайноқ чойдан босиб-босиб ҳўплади. Ҳатто уйқуга ётиш олдидан набираларига ҳазул-ҳузул қилишни ҳам уддалади. Одати бўйича саҳар турган Акбарали падарини супа саҳнида ҳассага таяниб кулимсираб турганини кўриб, беихтиёр чапак чалиб юборар экан кўз ўнгида бир зум онаизорининг сиймоси намоён бўлди.

ХИВЧИН

 Салоҳиддин ака оиладаги ўн нафар фарзанд ичида бешинчи фарзанд. Аллоҳга ношукурлик бўлмасин-у тўртинчи қизи туғилганида хотинининг мўлтираб турган кўзларига боқиб, рости йиғлаб юборай деди. Эҳ…, яна қиз. Биттаси ўғил бўлса нима бўларди. Майли онаси хафа бўлма, қиз ҳам фарзанд, тирноққа зорлар қанча, зўрға ўзини тутиб юпатган бўлди рафиқасини. Аммо Зарифа турмуш ўртоғининг ҳолатини ич-ичидан ҳис этиб тургани боис, бир оғиз сўз демасдан кўз ёшларини артганича ичкарига кириб кетди. – Хафа бўлманг той йигит, кейингиси албатта ўғил бўлади,– унинг тушкун кайфиятини яхши англаб, далда беришга уринди шифокор Ҳалима опа. Э-воҳ пешонамга ўғил битмабдида, хотини яна фарзанд кўришга рози бўлармикан ўзи шу қизини минг бир азобда дунёга келтирди. Ўша нохуш кайфиятда шаҳар шифохонасидан чиққан Салоҳиддин ака қишлоққа бир ҳолатда етиб келди. Қўни-қўшниларнинг кўзига кўрингиси келмай, секин юриб уйи орқасидаги ариқ ёнига келиб ўтирди. Адоғсиз хаёллар оғушида қолган Салоҳиддин ака сув юзида оқиб келаётган ингичка терак шохини кўриб уни қўлига олди. Шохни учидаги синган қисмини олиб ташлаб шартта иккига бўлиб ариқ ёқасига қадади. Атрофини айланасига лой билан обдон ўраб қўйди. Сўнгра сув олиб чуқурчани тўлдирди. Қизиқ бу оқ теракми ёки кўк теракни шохи, падари тирик бўлганида дарҳол айтиб берарди. Чунки, улар кўзи юмуқ ҳолатда ҳам дарахтларнинг шохларини ушлаб қайси дарахт эканлигини бехато ажрата оларди. Мободо у ер-бу ерда синиб ётган терак ёки тол новдаси борми эринмасдан дарҳол ариқ четига экиб қўяр эди. Майли қайси терак нави бўлсада тутиб кетса бўлгани. Насиб қилса, кейинги фарзандимиз ўғил туғилса шохидан хивчин от қилиб бераман, – ўзича дилига тугиб қўйди у.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҲАҚИДАГИ КИТОБ

Ярим тунда чўчиб уйғониб кетган Салоҳиддин ака ён-атрофига қараб қоронғулик қаъридан отасини ахтара бошлади. Тушимми ё ўнгимми? Боягина отаси Сафар бобо қўлидан тутиб теракларни авайлаб ўстиргин болам, номи “Ўғил терак”,– деди-ку. Бироз вақт ўтиб ўзига келган ўғил қайтиб ухлай олмади. Орадан уч йилча вақт ўтган бўлсада у ҳамон ўша тушни унутолмагани каби “ўғил терак”ни ҳам парваришини канда қилмайди. Аксинча ёнига бир неча қаламчалар қадаб улар сонини кўпайтирди. Аммо тушида ўша отаси ном берган “ўғил терак”­ка меҳри бўлакча.

– Отажон, суюнчи беринг, энди мени ҳам ўғил укам бор – туғруқхонага холаси билан эрталаб кетган тўнғич қизи Гулираънонинг шодон овозидан Салоҳиддин аканинг оёқлари титраб кетди. Бир зум нима қиларини билмай каловланиб қолди-да, ўзига келгач, “ўғил терак” ёнига илдамлади. Унинг йўғонроқ шохидан бирини авайлаб кесиб олар экан, беихтиёр, “отажон, энди бу терак хивчинини набирангиз от қилиб минади” , – деб кўзига ёш олди.

 

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: