Бир комилга қўл берган…
Бир куни Анушервон танҳо ўтирган эди. Шу орада унинг олдига Юнон, Муъбад, Хуршид, Бузургмеҳр ва бошқалар кириб келишди. Анушервон уларга қараб деди:
– Бу катта анжуман бўлди. Келинглар, ҳар биримиз биттадан ҳикматли гап айтайлик, токи сўзимиз бошқаларга ибрат бўлсин! Сўнг Муъбадга қараб:
– Сен нима дейсан? – деди.
Муъбад деди:
– Икки нарса борки, улар бир-биридан яхшидир. Масалан, ҳунар билимдан яхши, иш эса сўздан афзал. Анушервон:
– Батафсил тушунтир! – деди. Муъбад давом этди:
– Ҳар кимнинг ҳунари бўлмаса, у қуруқ девор билан тенг. Ҳар кимнинг сўзи чиройли бўлса-ю, иши ёмон бўлса, фойдасиз шамол кабидир.
Анушервон Хуршидга қараб:
– Сен нима дейсан? – деди. Хуршид:
– Жаҳонда икки нарса бор, ўша икки нарсадан ҳеч нарса яхши эмас, биринчиси – хурсандчилик, иккинчиси – беозорлик! – деди. Анушервон:
– Кенгроқ тушунтир, – деди. Хуршид:
– Ҳар ким борига қаноат қилиб хурсанд яшаса, ҳеч кимга эҳтиёжи қолмайди. Кимки ҳеч кимга озор бермаса, ҳеч кимни хафа қилмаса, ҳеч кимдан хавф етмайди! – деди.
Анушервон Бузургмеҳрга қараб:
– Сен нима дейсан? – деб сўради. Бузургмеҳр:
– Эй Анушервон, одамлар қуйидаги нарсаларга амал қилмасалар, ҳеч қачон хурсандчилик юзини кўрмайдилар: масалан, борига қаноат қилмаса, етолмайдиган нарсасига интилса, бировнинг қўлидаги нарсага таъма кўзи билан қараса! – деб жавоб берди.
Анушервон ундан ҳам кенгроқ тушунтиришни сўради, у деди:
– Хурсанд шундай кишики, нима топса, ўшанга қаноат қилади, топганига шукур қилиб, умрини ғамсиз ўтказади. Таъма ва очкўзлик эса ўз жонини қийнашдир. Таъмагир ва очкўз киши ҳеч қачон рост йўлдан юрмайди, ҳамиша кўнгли иллатли бўлади. Ҳар ким ўзини яхшилик йўлига солса, ҳамма ёмонликдан омон бўлади, жаҳонда тинч ва осуда яшайди.
Анушервон Юнонга қараб:
– Сен нима дейсан? – деди. Юнон шундай деб жавоб қилди:
– Етти нарса борки, ҳар ким бу етти нарсага амал қилса, дунёда яхши отли бўлади. Биринчи – дунёда донолар маслаҳати билан иш қилса, иккинчи – ўз ватанида бўлса, учинчи – одил бўлса, тўртинчи — сабрли бўлса, бешинчи – қайсар бўлмаса, олтинчи — фойдасидан бошқаларни ҳам баҳраманд қилса, еттинчи — камтар бўлса!
Анушервон Юнондан ҳам бу сўзларни кенгроқ тушунтиришини сўради. Юнон деди:
– Маслаҳат марваридга ўхшайди, одамларни тош деб ҳисобланса, шу тошлар орасидан бирорта марварид сўз чиқиши мумкин. Ишни ўз жойида муносиб ҳолда қилмасанг, зиёни етади. Одиллик билан иш қилинса, бу ишга ҳеч ким қарши чиқмайди. Сабр ва чидам барча мушкул ишларни енгиш калитидир. Қайсарлик эса энг ёмон иллат. Камтарлик барчанинг ҳавасини ва ҳурматини қўзғатадиган ёқимли одатдир!
Анушервон бу ҳикматларнинг ҳаммасини ёзиб қолдиришга фармон берди.
Бу ҳикоятга ортиқча таъриф беришга қалам ҳам, тил ҳам ожиз, фақат ният билдиришим мумкин:
Ихлос бўстонидан терганингиз дур, яхши хислат бўлсин. Махтумқули шоиримиз лутф этганларидек:
Ихлос билан бир комилга қўл берган,
Етар бир манзилга етмасдан қолмас.
Абдунаби АБДИЕВ тайёрлади