Тамакига қарамлик…

Саломатлигингиз хавф остида

Чекиш нафақат кўпгина хасталикларга сабаб бўлади, балки алоҳида касаллик яъни, тамакига қарамликни ҳам келтириб чиқаради. Чекишни ташлашни аҳд қилиш қийин ва масъулиятли қарор. Лекин, чекишни ташлаш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Буни қанча тез амалга оширсангиз ўпкангизни асраб қоласиз. Агар ўпкангиз зарарланган бўлса ҳам сиз чекишни ташласангиз унинг “қариши” секинроқ кечади.

Ҳозир чекишга қарши кураш умуммиллат миқёсидаги муҳим профилактик тадбирдир. Чунки, бу сизнинг умрингизни узайтиради. Чекиш инсон умрини 15-20 йилга қисқартиради. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра ҳар йили 5 млн. аҳоли чекиш сабабли эрта дунёдан ўтар экан. Россия Саратонга қарши кураш жамиятининг маълумотларига кўра, ҳар йили мамлакатда 400 минг нафар одам чекиш асоратлари сабабли ёруғ жаҳонни тарк этмоқда.

Бу салбий иллат қандай касалликларга олиб келади?

Чекиш ўпкани зарарлайди. Ўпканинг анчагина қисми шикастланади. Айниқса, ўпка альвеолалари ва майда бронхлар кашандаликдан энг кўп зиён кўради. Кислород етишмаслиги ва бронхлардаги яллиғланиш сабабли кашандани кучли, узоқ давом этувчи йўтал безовта қилади. Натижада обструктив ўпка бронхити – оғир сурункали ўпка касаллиги ривожланади.

Кашандалик саратон (рак)нинг ривожланишига кенг йўл очади. Тамаки тутунида 3 мингдан зиёд кимёвий моддалар бор, улардан 60 таси ракни чақиради. Бошқа саратон касалликларига қараганда, кишилар кўпроқ ўпка ракидан вафот этади. Чекиш ҳалқум, оғиз бўшлиги, қизилўнгач, меъда ости бези, буйрак ва сийдик пуфаги хавфли ўсмаларига ҳам олиб келади. Ўлим сабабининг 90 фоиз чекишдандир ва уларнинг олдини олиш мумкин эди.

Чекишни қандай ташлаш мумкин?

Беш хил оддий йўл таклиф қиламиз:

1.Стартга тайёрланамиз.

Чекишни ташлаш кунини белгилаймиз!

Уйдаги, ишдаги, машинадаги барча сигарет, кулдон, гугуртлардан халос бўлинг. Бошқаларга уйингизда, машинангизда чекишни ман қилинг. Хаёлан олдинги чекишни ташлашдаги ҳаракатларингизни ўйлаб кўринг, нима ёрдам берган ва нималар халақит қилган?

2. Янги хулқ-атвор ва муомилани ўзлаштирамиз.

Чекишдан ўзингизни чалғитишга ҳаракат қилинг. Агар қаттиқ хумор сизни тарк этмаса, ким биландир гаплашишга ёки ўзингизга ёқадиган машғулот билан шуғулланишга уриниб кўринг.

– Биринчи кунлари одатий кун тартибингизни ўзгартиринг: масалан, ишга бошқа йўл билан боринг, нонушта, тушлик вақти ва жойини ўзгартиринг.

Яна ўқинг:  Кўркам либоси борнинг кўрки – ибоси бор

– Спиртли ичимликлар ичманг. Агар сиз қаҳва ичишга одатланган бўлсангиз, уни чой билан алмаштиринг.

– Стресс(руҳий зўриқиш)ни камайтириш учун иссиқ ванна қабул қилинг. Жисмонан фаол бўлинг, китоб ўқинг.

– Кўпроқ қайнатилган ёки тоза булоқ суви ва шарбат ичинг.

– Мева, сабзавотларни тез-тез истеъмол қилинг.

– Ҳисоблаб кўринг, чекишни ташлаганингиздан бери қанча пул тежаб қолдингиз? Шу жамланган пулга ўзингизга совға олинг.

3. Тамакига тобъеликдан қутилиш учун шифокорга мурожаат қиламиз.

Дори-дармон ҳамда дори воситаларисиз даволаш усуллари бор. Қайси бир усул сизга тўғри келади буни мутахассис-нарколог ҳал қилади.

4. Чекишни ташлашдаги қийинчилик ва узилишларга қарши курашамиз.

Агар яна чекишни давом эттирсангиз руҳингизни туширманг. Бундай узилишлар дастлабки уч ой ичида бўлиши мумкин. Ёдда тутинг! Кўпчилик инсонлар чекишни бир неча маротаба ташлашга ҳаракат қилганларида мақсадларига эришишади. Шу сабабли асло бўшашманг. Сиз ҳам чекишни ташлашнинг уддасидан чиқасиз!

5. Яқинлар кўмагига ишонинг.

Текширувлар шуни кўрсатдики, яқинлар кўмаги сизга катта ёрдам беради. Яқинларингиз, дўстларингиз ва ҳамкасбларингизга чекишни ташламоқчи эканингизни айтинг. Улардан албатта сизни қўллаб-қувватлашларини сўранг. Яна яқинларингиздан сизни олдингизда чекмасликни илтимос қилинг.

Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики 3 дақиқали шифокор билан суҳбат-10,7 фоиз 10 дақиқали суҳбат-12,1 фоиз, ундан кўпроқ вақт мобайнидаги суҳбат-18,7 фоиз чекишни ташлашга туртки бўлар экан. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти экспертларининг хулосасига кўра 4 фоиз ижобий суҳбат 2 млн. инсоннинг ҳаётини сақлаб қолади.

Чекишни ташлаш осон эмас, лекин сиз буни уддалашингизга ишонамиз.

Лобар ЗОКИРОВА,

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: