Кесарча кесишдан кейинги табиий туғуруқ хавфлими?
Оналар ва болалар ҳаёти билан боғлиқ кўрсаткичлар дунё давлатлари ривожланиш даражасини кўрсатиб берувчи индикаторлардан биридир. Юртимизда ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оналар ва болалар хасталиги ҳамда ўлимининг олдини олиш масалалари давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири қилиб белгиланган. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Саломат Матякубова билан кечадиган навбатдаги суҳбатимиз айнан ана шу мавзуда бўлади.
– Саломат опа, бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилояти филиали томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида яратилаётган шарт-шароитлар, жумладан, ҳомиладор аёлларни тўғри ташхислаш ва даволаш, туғуруқ жараёнлари назоратини самарали олиб бориш ва сифатли амалга ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтсангиз.
– Сўнгги йилларда марказнинг Хоразм вилояти филиали фаолиятига қаратилаётган юксак эътибор, бу ерда яратилган кўплаб шарт-шароитлар туфайли репродуктив даврдан тортиб, скрининг давргача бўлган текширувлар ва самарали тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Бундан кўзланган асосий мақсад балоғат ёшидаги қизлар саломатлигига аҳамият қаратиш орқали уларнинг келажакда соғ-саломат аёл сифатида турмуш қуриши ва соғлом ҳомиладор бўлишини таъминлашдан иборат. Аҳамиятлиси, бугунги кунда филиал томонидан никоҳдан олдинги генетик текширув фаолияти олиб борилмоқда. Бунинг натижасида никоҳланувчи ёшларда нуқсонли фарзандлар туғилиш эҳтимолини ўз вақтида аниқлаш имконияти яратилди. Скрининг йўналишида ҳам ирсий касалликларни чуқур аниқловчи, юқори технологик янги ташхис усуллари жорий этилди. Филиалимизга стоционар ҳолатда келадиган кўплаб беморлар учун барча турдаги сифатли тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.Ташхис ва даволаш жараёнлари тўлиқ замонавий ускуналар ёрдамида олиб борилиб,юқори тажрибага эга бўлган хорижлик шифокорларнинг ҳамкорлиги ҳам муваффақиятли йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳомиладор аёллар саломатлиги тўғри мониторинг қилиниб, туғуруққача бўлган даврда аёлларнинг тиббий ҳолати ва ҳомиланинг ривожланиши доимий текширувлар орқали кузатилади. Бундан ташқари, ҳомиладорликнинг барча даврларида аёлларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифатини ошириш, туғуруқ жараёнидаги муаммоларни бартараф этиш ва мураккаб ҳолатларнинг олдини олиш учун доимий равишда янги методикалар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Шуни қувонч билан айтиш керакки, филиалимиз мамлакатимизда XTRA (Sorin) автогемотрансфузия қурилмасини илк маротаба амалиётда қўллаган илмий-амалий марказ бўлди. Қурилма кўп микдорда қон кетишида йўқотилган қонни тўплаш, тозалаш, фильтрлаш, эритроцитларни ювиш ва беморга қайта қуйиш имконини беради. Шунингдек, ушбу технология акушерликнинг оғир асоратлари, полиорган етишмовчилик хавфини камайтиради.
Бизнинг филиал соғлом авлодни тарбиялашга йўналтирилган кўплаб ташаббуслар ва аниқ чора-тадбирлар билан фаолият юритмоқда. Бунинг натижасида ҳомиладор аёллар ва болаларга тўғри ташхис, даволаш ва хизмат кўрсатишнинг сифати яққол ошган, туғуруқ жараёнлари эса барча жиҳатдан хавфсиз ва самарали олиб борилмоқда.– Шу ўринда кесарча кесиш амалиёти, оператив туғуруқ ва унинг табиий туғуруқдан афзалликлари ва оқибатлари тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
– Шуни айтиш жоизки, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рухсат берган меъёрга кўра, жами туғуруқларнинг 10-15 фоизи кесарча кесиш усули билан амалга оширилиши керак. Бироқ, афсуски, ушбу усулда фарзанд дунёга келтириш кўрсаткичи йилдан йилга ошиб боряпти.
Кесарча кесиш усулида туғуруқ учун абсолют ва нисбий кўрсатмалар мавжуд. Бачадонда 2 та чандиқнинг бўлиши, яъни 2 марта кесарча кесиш усулидаги туғуруқ, йўлдошнинг олдинда жойлашиши, аёлда юрак-қон томир касалликлари ёки бошқа қўйилган турли диагнозлар билан кесарча кесиш усулида туғиш тавсия қилиниши мумкин. Бундан ташқари, боланинг ҳолатига қараб ҳам кесарча кесиш усулида туғуруқ танланиши мумкин.
Айтиш керакки, табиий туғуруқ вақти чақалоқ учун туғуруқ стресси ҳисобланади ва бу пайти унда котехоломин гормони ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Бу модда боланинг ўпка суюқлиги сўрилишига ёрдам беради. Ва бу жараёнда боланинг биринчи йиғиси, нафас олиши, мушак тонуслари фаоллашиши, рефлекслари пайдо бўлиши содир бўлади.
Кўпчилик оналарнинг фикрича, кесарча кесиш орқали туғилган болалар соғломроқ бўлади. Аммо шифокорлар ушбу фикрни инкор қилди, болаларнинг соғлиги унинг қандай усулда туғилганига боғлиқ бўлмайди. Аксинча, бола учун табиий туғуруқ хавфсизроқ. Чақалоқ табиий туғуруқ билан туғилса, она унга стрессга қарши гормонлар беради. Мана шу гормонларни олмаслик, бола учун яхши эмас. Чақалоқ туғилгач, бир суткагача унинг буйраги, уч кунгача эса жигари ишламайди. Ичаклари эса ниҳоятда нозик бўлади. Бу пайтда болага онаси юборган стрессга қарши гормонлар жуда фойдали.
Кесарча кесиш усулида нечтагача фарзанд дунёга келтириш ҳар бир аёлнинг ҳолатига қараб индивидуал тарзда баҳоланади. Лекин энг муҳими, аёл камида уч йил ўз соғлигини тиклаб олиш учун туғуруқ оралиғини сақлаши керак. Оператив йўл орқали фарзанд дунёга келтириш ҳам туғуруқнинг бир усули. Лекин бу усулда туғилишнинг кўпайиши кейинги авлод соғлигига таъсир қилиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун оналар соғлиғига эътиборли бўлиши, ҳомиладорликка алоҳида тайёргарлик кўриши, фарзандли бўлгач эса боласининг иммунитетини ошириш устида ишлаши керак. Бундан ташқари, икки йил давомида она сути билан озиқлантириш, тўғри парвариш қилиш орқали ҳам бола соғлигида пайдо бўлиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш мумкин.– Сизга кўпчилик аёлларни ниҳоятда қизиқтирадиган савол билан юзлансам. Дастлабки оператив туғуруқлар оқибатида бачадонда қолган чандиқ билан кечадиган навбатдаги табиий туғуруқ қай даражада хавфли?
– Аксарият ҳомиладор аёлларимиз бачадонда ўтказилган кесарча кесиш амалиётидан кейинги чандиқ билан навбатдаги ҳомиладорликни фақат оператив йўл билан якунлаш мумкин, деган фикрда бўладилар. Аслида эса ундай эмас. Дунё тиббиётида тўпланган тажрибага кўра, кесарча кесишдан сўнг табиий туғуруқнинг 60 дан 85 фоизгача меъёрий эканлигини тасдиқлайди. Яъни таҳлилларга асосан, ҳар 10 та кесарча кесиш амалиётини бошдан ўтказган аёлларнинг 6 таси табиий туғруқ билан фарзандини дунёга келтириши мумкин. Демак, ушбу амалиётни ўтказган аёллардаги ҳомиладорликни табиий туғуруққа йўналтиришимиз учун биз, албатта, ҳомиладор аёлнинг табиий туғуруқ фаолияти бошланишини кутишимиз лозим. Ва бу муддатгача бўлган даврда ултратовуш текшируви ёрдамида бачадондаги чандиқнинг қалинлиги бевосита аниқланиб борилади. Шунингдек, аёлда ҳомиладорликнинг кечиши, аёлнинг психологик ҳолати, ҳомиланинг шаклланиши ва ривожланиши, юқорида кўрсатилган барча параметрларнинг туғуруқ фаолиятига тўғри келиши бевосита кесарча кесиш амалиётидан кейин, яъни чандиқли бачадон билан ҳам аёлни табиий туғуруққа йўналтириш мумкинлигини кўрсатиб беради. Агар кесарча кесишни бошидан ўтказган аёл табиий туғуруқни амалга оширмоқчи бўлса, табиий жараённи кутиши керак. Ҳозирда шифохоналарда олдиндан ётиш имконияти мавжуд. Бўлажак она ҳеч қандай муолажаларсиз касалхонада бўлиши ва туғуруқ кунини шифокор назоратида кутиши мумкин.
Кесарча кесишдан кейин аёлнинг табиий туғуруғи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шуни ёдда тутиш керакки, табиий туғуруқда аввал кесарча юз бермаган бўлса ҳам, бир қатор муаммолар мавжуд. Яъни ҳомиланинг кўндаланг ёки қийшиқ ҳолати ва бошқа қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Қарама-қарши кўрсатмалар бўлмаса, туғуруқ табиий йўл орқали амалга оширилади. Агар асоратлар юзага келса, туғуруқ усулини ўз вақтида ҳал қилиш керак.– Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат!
Гулноза УМИРОВА суҳбатлашди