Мароқли кун
Бугун дам олиш куни. Севара ва Акмал уйда нима қилишни билмай роса зерикишди. Ота-онаси уларнинг вақти мазмунли ўтиши учун маданий ҳордиқ ташкиллаштиришга қарор қилдилар.
Улар ҳайвонот боғига етиб келгач, турли-туман жониворларни бирма бир томоша қилишди: балиқ, маймун, тўти, йўлбарс, туя, қуён, зебра…
Севара уларни кузатганча савол берди:
– Дада, айтингчи, улар бу ерда зерикишмайдими?
– Жониворлар ўзларига ёққан машғулотлар билан банд бўлишади. Масалан, эчкилар тепаликларда сакрашни яхши кўришади. Маймунлар арқонга осилиб ўйнашади, бегемотлар сув ичига шўнғийди.
– Одамлар ҳам севимли машғулотлари билан банд бўлса, вақтлари мазмунли ва унумли ўтади, – қўшимча қилди онаси. – Хўш, болалар, сизларнинг севимли машғулотингиз нима?
Акмал ўйланиб жавоб берди:
– Мен футбол ўйнашни яхши кўраман. Яна расм чизишни ҳам.
– Мен эса рақс тушишни ва каштачиликни ёқтираман. Демак, булар севимли машғулотимиз ҳисобланарканда?
– Албатта. Ҳар бир одам болаликдан қандайдир ҳунар ёки спорт билан банд бўлишни ёқтиради ва бу одат бир умр давом этади. Инсон ана шу ишнинг устасига айланса, кўплаб муваффақиятларга эришади, – деди дадаси.
– Масалан, мен болаликдан мутолаага қизиқардим, дўкондан китоблар сотиб олардим. Мана, ҳозир уйимизда катта кутубхона ҳосил бўлган. У сизларга ҳам ас қотяпти, – деди онаси кулиб.
Болалар жониворларни кузатар экан, ҳар бири ўз уйчасида севимли машғулоти билан банд эканликларига гувоҳ бўлишди. Юмронқозиқ ер қазирди, фил хартумига сув тўлдириб устидан сепарди, айиқ умбалоқ ошиб ўйнарди.
Саёҳатдан сўнг улар уйга қайтдилар ва ўзлари яхши кўрган машғулотга киришиб кетдилар. Дадаси ҳовлидаги гул кўчатларини парваришлади. Онаси эса севимли газета-журналларини мутолаа қилди. Севара каштадўзлик, Акмал сурат чизиш билан банд бўлди. Оиланинг дам олиш ана шундай мазмунли ўтди.
Ферузбек Бахтиёров