Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда…

Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради». Бунинг оқибатида беморда диарея, қорин дам бўлиши, иммунитет заифлашиши ва ичак фаолияти бузилиши билан боғлиқ бошқа қатор жиддий асоратлар келиб чиқиши мумкин. Хўш, антибиотиклар қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклаш учун нималар қилиш керак?


Аввало, антибиотиклар курси тугаганидан кейин рационга пробиотиклар ва пребиотикларга бой маҳсулотларни киритиш керак. Пробиотиклар – бу ичакни фойдали бактерия­лар билан тўлдиришга ёрдам берувчи тирик микроорганизмлар, пребиотиклар эса фойдали бактериялар учун озуқа манбаи ҳисоб­ланиб, уларнинг кўпайишига ёрдам беради. Бундай фойдали бактериялар йогурт, кефир, тузланган карам, пишлоқ, банан, пиёз, саримсоқ каби маҳсулотларда кўп бўлади.


Ичак микрофлорасини тиклаш учун қайта ишланган, ярим тайёр маҳсулотлар, ёғли таомлар, шакар, алкоголь ва кофе истеъмолини чеклаш тавсия этилади. Бундан ташқари, етарли миқдорда сув ичиш, кўпроқ мева-сабзавотлар, бутун донли, оқсил, айниқса С витаминига бой маҳсулотлар тановул қилиш муҳим.


Антибиотик дори воситаларини қабул қилиш оқибатида заифлашган иммунитетни мустаҳкамлаш учун камида 7-8 соат ухлаш, спорт билан шуғулланиш, зарарли одатлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ.
Ушбу қоидаларга амал қилган беморларда ичак фаолияти ўртача 1,5-2 ойда тўлиқ тикланади.

Агар антибиотиклар курсидан кейинги асоратлар ушбу муддатдан кўпроқ вақт давомида сақланса, шифокорга мурожаат қилинг.

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Клиник протоколлар ва стандартларни ишлаб чиқиш ва
жорий этиш бўлими бошлиғи

Яна ўқинг:  Педиатрлар фикри: болалар ҳар куни биттадан тухум истеъмол қилиши керак

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: