Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?

Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг саломатлигини хавф остида қолдириши мумкин.

Дори иситмасига тўхталсак, аввало, ҳар бир инсон организми индивидуал хусусиятга эгалигини таъкидлаш жоиз. Шу сабабли бир дори воситаси икки беморга икки хил таъсир кўрсатиши мумкин. Бири шу малҳам туфайли касалликдан халос бўлса, бошқаси саломатлигини хавф остида қолдириши ҳеч гап эмас.
Дори иситмаси организм­нинг қабул қилинган маълум препаратларга нисбатан жавоб реакцияси сифатида намоён бўлади. Бундан асосан ўзбошимчалик билан, шифокор тавсиясисиз турли дори-дармонларни қўлловчилар азият чекиши эҳтимоли катта.


Бундай синдром одатда маълум бир дорини қабул қила бош­лагандан сўнг 7-10-кунлар оралиғида юзага келади. Бемор доимий ёки вақти-вақти билан кўтарилиб турувчи иситмадан азият чекади.


Оқибатда бора-бора тана ҳарорати 39-40 даражага етиб, кучли титроқ пайдо бўлади. Қон таркибида эозинофиллар (лейкоцитлар) сони ортиб кетиши кузатилади.
Вақт ўтиши билан иситмадан ташқари танада дориларга нисбатан юқори сезувчанлик аломатлари бўлган эшакеми, пурпура, қизил тошмалар пайдо бўлади.
Баъзи ҳолларда мазкур патология янада оғирроқ асоратлар – артерит, эксфолиатив дерматит, гемолитик анемия, қонда тромбоцитлар миқдори камайиши билан кечади. Бундай симп­томлар токи ўша препаратни қўллаш тўхтатилгунга қадар давом этади.
Бироқ тиббий амалиётда дори иситмасини аниқлаш бирмунча мураккаб жараён. Буни барча шифокорлар ҳам тўғри ташхислай олмайди. Оқибатда нотўғри буюрилган муолажа айрим дориларга юқори сезувчанлиги бўлган беморлар аҳволини янада оғирлаштириб юбориши хавфи мавжуд.

Кўпинча дори иситмасига сульфаниламидлар, антибиотиклар, талваса (судороги) ва яллиғланишга қарши препаратлар, зардоблар, юрак-қон томир ҳамда марказий асаб тизимига таъсир кўрсатувчи дорилар ҳамда таркибида йод сақловчи контраст моддалар сабаб бўлади.


Баъзи ҳолларда яллиғланишга қарши ностероид дорилар, аспирин ва унинг аналоглари, қолаверса, турли витаминлар ҳам хасталикни қўзғатиш хусусиятига эга.


Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида шундай патологияларга энг илғор диагностика воситалари ёрдамида ва юқори малакали мутахассислар томонидан аниқ ташхиш қўйиш ва самарали даволаш имконияти яратилган.

Илмира РАЗИКОВА,

Республика ихтисослаштирилган

аллергология ва клиник иммунология

Яна ўқинг:  Пекинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ваколатхонаси очилди

илмий-амалий тиббиёт маркази директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: