Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?

Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёши, бўйи, жисмоний имкониятлари, хоҳиши ва айниқса, мавжуд касалликларини инобатга олиши зарур.

Хусусан, 3 ёшгача бўлган болалар билан фақат бадантарбия машқлари бажарилади. 4-5 ёшли ўғил-қизларни эса аввал гимнастик машғулотларда «тоблаб», танасини чиниқтириш мақсадга мувофиқ. Сабаби, бу ёшдан кейин суякнинг қайишқоқлиги камайиб, бола кўпгина машқларни бажаришга қийналади.
Инсоннинг асаб тизими асосан 5-6 ёшдан мустаҳкамлана бошлашини инобатга олсак, спорт билан шуғулланиш учун бу палла энг мақбул давр ҳисобланади. Чунки бола бу вақтда мураббий берган вазифаларни бажара оладиган ёшга етади. 6 яшар боланинг хоҳишига кўра исталган спорт тўгарагига бериш мумкин. Аммо бу давр­да улар учун энг фойдалилари – сузиш, бадиий гимнас­тика ва футбол.
Болаларда кўп учрайдиган сколиоз каби хавфли касаллик­ларни 6-12 ёшгача сузиш, турникда машқлар бажариш ва енгил атлетика ёрдамида даволаш мумкин. Кўриш қобилияти паст ўғил-қизлар эса 9-11 ёшда стол тенниси ва катта теннис билан фаол шуғулланиши лозим.
Саломатлик учун барча спорт тури фойдали бўлса-да, улардан айримларини маълум даврларда чеклаш мақсадга мувофиқ. Масалан, танасининг ривожланиши кечикаётган 12-14 ёш оралиғидаги ўғил-қизларга каратэ, таэквондо, дзюдо каби оғриқ берувчи усулларга бой спорт турлари тавсия этилмайди. Акс ҳолда боланинг бўйи ўсмай қолиши мумкин.
Худди шундай 9-12 ёшда оғир атлетика билан шуғулланиш ҳам маъқул эмас. Чунки бу болага «оғирлик» қилиб, буйраги атрофини ёғ қоплашига олиб келади.

Ўсмирлик даврида-чи?


Ўсмирлик даврида болаларга асаб тизимидаги қўзғалиш­лар кўпинча салбий таъсир эта бошлайди. Шу боис бу давр­да уларни сокин спорт турларига жалб қилиш керак. Хусусан, 12-18 ёшли қизларга аэробика, ўғил болаларга енгил атлетика билан шуғулланиш тавсия этилади.
Бу ўсмирга ички хотиржамлик бағишлаб, «ўтиш даври»ни енгиллаштиради. Асаб тизимида рўй берадиган стресс­ларга чидамлиликни оширади, ортиқча ҳиссиётларга берилмасликка ўргатади.
Бўйи ўсмаётган болалар биринчи галда кўп миқдорда микроэлемент ва витаминларга бой овқат истеъмол қилиш, қолаверса, сузиш, турникда тортилиш, югуриш, футбол билан мунтазам шуғулланиши мақсадга мувофиқ. Айниқса, ҳафтада икки маротаба илик шўрва истеъмол қилиш унинг мушаклари ривожланиши, суяклари мустаҳкам бўлиши ва бўй ўсишига ижобий таъсир этади.
Ота-она фарзандини бирор спорт тўгарагига бермаган тақдирда ҳам унинг соғлом вояга етиши учун ҳар кунги бадантарбия машғулотларини тўхтатмаслигини назорат қилиши лозим. Тонгги машқлар ёш организмни чиниқтириб, қон айланишини яхшилайди, кайфиятни кўтариб, кун давомида тетикликни таъминлайди.
Қайси спорт тури бўлмасин, болани 5-6 ёшидан жалб этиш – тўғри қарор. Масалан, шахмат ва шашка машғулотларини ҳам шу ёшдан бошлаган маъқул. Сабаби, бу ёшгача аксарият болаларда бир жойда ўтиролмаслик, асаб тизимининг қўзғалувчанлиги юқори бўлади.
7 ёшдан кейин эса унда диққатни жамлаш қобилияти ортади, бир жойда муқим ўтиради. Шунга қарамай, болани ақлий спорт ўйинларига беришдан олдин унинг хотирасини ҳисобга олиш керак.
Боксга 6 ёшдан қабул қилинади. Сабаби, айни шу даврда боланинг суяк ва мушаклари ҳали қотиб улгурмаган бўлиб, бокс ҳаракатларини осонлик билан бажаради. Бу ёшгача ва ундан кейин бокс машғулотларига киришиш ва ушбу спорт турида бирор натижага эришиш қийинроқ кечади.

Яна ўқинг:  НАВРЎЗ – ҲАМЖИҲАТЛИК АЙЁМИ

Тавсиялар


Ҳар қандай ёшда болаларнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг соғлом улғайишига катта ёрдам беради. Бироқ бунда айрим тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.
Мисол учун, 2-3 ёшда болажонларнинг сузиш билан шуғулланиши анча фойдали. Боиси бу вақтда жисмоний юкка сувда бардош бериш осон. Фақат танани қийнаш керак эмас.

4 ёшда: спорт рақслари, ушу, гимнастика
Спорт рақслари болани қайишқоқ қилади ва бошқа спорт турларини бошлаш учун яхши асос ҳозирлайди. Гимнастикада эса улар ўз ҳаракатларини уйғунлаштиришни ўрганади.

4-5 ёшда: сузиш, гимнастика, акробатика
Бу ёшда сузишга алоҳида эътибор бериш керак. Агар қизлар қобилиятларини намоён қилсалар, бир йилдан кейин синхрон сузишга боришлари мумкин.

5 ёшда: карате
Карате машғулотларида болалар диққатни жамлаш, ўз энергиясини зарур оқимга йўналтиришга ўрганади.

6 ёшда: теннис, стол тенниси
Теннис ва стол тенниси болалар учун энг фойдали спорт турларидан бири ҳисобланади. Айниқса, улар кўриш қобилиятига ижобий таъсир қилади.

7 ёшда: бадминтон
Бу ёшда болани теннисга бериш ярамайди. Аввал бадминтон билан шуғулланса, унинг бели қотади. Тезкорлиги ва тезлиги ошади. Бир йилдан сўнг эса теннисни бош­ласа бўлади.
Лекин қандли диабетга чалинган ва юрак фаолияти издан чиққан бемор болаларга фақат даволаш жисмоний тарбияси рухсат этилади.


Бундан ташқари, кўриш қобилияти паст бўлган болаларга хоккей, футбол, баскетбол, волейбол, шунингдек, зарбли ва контактли яккакураш турлари тавсия этилмайди.
Бола сурункали тонзиллит, синусит, гайморит, нафас йўллари касалликлари билан оғриган бўлса, спортнинг «совуқ» турлари – чанғи, коньки, сузиш билан шуғулланиш тақиқланади.

Умуртқа поғонасида муаммолар бўлган болаларга эса енгил атлетика, теннис, бадминтон ва велосипед учиш билан шуғулланиш маслаҳат берилмайди.

Барно ОДИЛОВА,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
бўлим бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: