Лиз Бурбо: Ўзингни сев, дейди вужудинг
Афсуски, анъанавий тиббиёт ҳамда “табиий тиббиёт”нинг баъзи йўналишлари ҳали-ҳануз касаллик аломатларининг асл (метафизик) сабабини аниқламай туриб, у билан курашиб келмоқда. Бу эса самолёт кабинаси сигнал таблосидан қандайдир кичик қизил чироқни олиб ташлаш билан баробар гап. Ҳа, хавф-хатардан хабар берувчи сигнал ғойиб бўлади, бироқ бу, албатта, жиддий оқибатларни келтириб чиқаради.
КАМҚОНЛИК (АНЕМИЯ)
Анемияда, яъни камқонлик касаллигида қонда қизил қон тангачалари камаяди. Қизил қон тангачалари организм ҳужайраларига кислород етказиб, улардан карбонат ангидридни сиқиб чиқаради. Анемия аломатларига: тери ва шиллиқ пардаларнинг рангсизлиги, нафас олиш ва юрак уришининг тезлашиши, кучли чарчоқ киради. Бундан ташқари, камқонлик касаллиги билан хасталанган беморлар бош оғриғи ва айланиши, қулоқ шанғиллашидан (бош мияга кислород етишмаслик белгилари) азият чекиши мумкин.
Ҳис—туйғудаги тўсиқ
Метафизикада қон ҳаёт қувончини ифодалайди. Қони кам бемор ҳамиша ҳаётдан ғамгин юради. Бундай инсон қийинчиликларга кескин муносабат билдиради, ёйинки умуман яшашни истамайди. У ўзини тобора қамраб олаётган ғамгинлик ҳиссига қарши тура олмайди, оқибатда, ўз хоҳиш ва эҳтиёжларидан воз кечади. У бора-бора сўна бошлайди.
Ментал тўсиқ
Агар сизда анемия касаллиги мавжуд бўлса, демак, ўз ҳаётингизни назорат қилиш ва ўзгалар измидан чиқиш вақти келди. Ҳаётдан завқ олишга тўсқинлик қилаётган салбий фикрларни онгли равишда қабул қилинг. Кайфиятни кўтарсангиз қондаги қизил қон тангачалари ҳам кўпаяди.
КЎРИЧАК (АППЕНДИЦИТ)
Аппендицит – бу йўғон ичакнинг бир қисми бўлган аппендикснинг яллиғланиши. Касаллик қорин бўшлиғида оғриқ, овқат сингмаслиги, кўнгил айниши ва қайт қилиш, ичакларнинг беркилиб қолиши, қабзият билан кечади; баъзи овқат хилларини кўнгил кўтармайди. Агар бемор ўз вақтида операция қилинмаса, аппендицит жиддий асоратга – перитонит (қорин парданинг яллиғланиши)га олиб келиши мумкин.
Ҳис—туйғудаги тўсиқ
Инсон ўз ғазабини ичида сақлаганда аппендицит юзага келади, чунки қатъиятсизлик ва ўзгаларга тобелик ҳисси унга ўз ғазабини намоён этишга йўл қўймайди. Шунингдек, бундай киши уни қаттиқ ранжитаётган бирор бир кимсадан қўрқиб туради-ю, бироқ унга нисбатан бўлган муносабатини ошкор этишга, ҳис-туйғуларини юзага чиқаришга журъат этмайди. Ғазаб туйғуси, қўрқув, одатда, аппендицитнинг биринчи хуружидан аввал бўлиб ўтган воқеа билан бевосита чамбарчас боғлиқ.
Ментал тўсиқ
Аппендицит жиддий асоратларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда сиз, биринчи навбатда, ичингизда йиғилган салбий туйғулардан халос бўлишингиз, уларни сўз билан ифодалашингиз лозим. Сиз узоқ вақт ўзингизни тийиб келаяпсиз, бу ҳолат давом этаверса, портлашингиз турган гап. Сизда ғазаб ва қўрқув туйғуларини юзага келтираётган вазиятларни четлаб ўтманг; ўзингиз ва бошқаларнинг номукаммаллигини тан олган ҳолда ушбу ҳодисаларни ички хотиржамлик ва меҳр туйғуси ила яшаб ўтишга ҳаракат қилинг.
Ҳилола СОЛАЕВА
тайёрлади