Грипп ҳақида нималарни биламиз?

Грипп сўзи французча «гриппер» сўзидан олинган бўлиб, «эгаллаш, тарқалиш», деган маъноларни англатиб, азал-азалдан одамларни ташвишлантирган вирусли касалликлардан бири ҳисобланади.

Грипп ўткир респиратор инфекцияли касаллик ҳисобланиб, об-ҳавонинг ўзгариш вақтида қўзғалиш ва тез тарқалиш хусусиятига эга. Асосан, ҳаво орқали юқади. У сурункали касаллиги борлар, болалар, кексалар, ҳомиладор аёлларда оғирроқ кечиши мумкин. Касалликнинг асосий манбаи грипп билан оғриган бемордир. Чунки у оғриб турган бўлишига қарамай, соғлом кишилар орасида бўлади. Хасталик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Бемор йўталганда, аксирганда, гап­лашганда сўлак томчилари орқали ҳавога кўплаб вирусларни ажратади. Вируслар ҳавода уч соатгача сақланиб туриши мумкин.


Грипп вируси бўлган ҳаводан нафас олиш натижасида соғлом одам касалланади. Вирус нафас олиш йўлларини зарарлайди. Касалликнинг биринчи белгиси баъзида 3-4 соатда, баъзида 2-3 кун ичида билиниб, жуда тез ривожланади. Касал тез чарчайди, боши оғрийди, йўталади, акса уради. Тана ҳарорати 38-40 даражагача кўтарилади, қўп терлайди, яъни ҳолсизлана бошлайди. Мушакларда оғриқ пайдо бўлади. Аҳоли зич жойлашган шаҳарларда бу касалликка чалиниш ҳолати кўпроқ учрайди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, об-ҳавонинг ўзгариши ушбу касалликнинг тез ривожланишига шароит яратиб беради. Йилнинг совуқ пайтида одамлар, асосан, ёпиқ жойларга тўплангани сабабли касалликка чалиниш хавфи кучаяди. Шу сабабли гриппга, асосан, уйда ўтирадиган кексалар, боғча ва мактаб ёшидаги болалар чалинади.

Ҳозирги кунгача гриппни даволовчи кўплаб дорилар ишлаб чиқарилган. Аммо унинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Кўпроқ суюқлик ичиш, иммунитетни бақувват қилиш зарур. Агар уйда гриппга чалинган касал бўлса, унга алоҳида хона ажратиш лозим. Касалга қарайдиган кишига касалликнинг олдини олиш йўлларини ўргатиш керак. Бунда энг самарали йўл грипп­га қарши вакцина билан эмланиш ҳисобланади. Хасталанган одамнинг идиш-товоғи, сочиғи, ўрин кўрпаси алоҳида бўлиши керак. Касал одам кам ҳаракат қилиб, кўпроқ ётиши лозим. Гриппни оёқда туриб ўтказиш энг катта хатодир. Касаллик белгилари сезилгандан дарҳол шифокор кўригига бориш лозим.


Касалликнинг ўзи эмас, балки унинг асоратлари кўпроқ хавфли. Гриппдан сўнг бемор бўлган кишида тез-тез терлаш, толиқиш, уйқу бузилиши каби ҳолатлар бир неча ҳафталаб давом этиши, вируслар кучли заҳарлаши оқибатида нафас олиш йўлларида оғир касалликлар юзага келиши мумкин. Кучли грипп тури билан оғриган кишининг иммунитети паст бўлса, унинг организмида бактериялар ривожланиб, ўпкада-яллиғланиш, томоқда-ангина, қулоқ касалликларини вужуд­га келтириши мумкин. Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхши, дейди доно халқимиз. Шундай экан, саломатлигимизга бефарқ бўлмайлик.

М.ТУРИМБЕТОВ,

Яна ўқинг:  Мамлакат келажагига мустаҳкам замин

Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси врач эпидемиологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: