Ошқозон ярасига чалинган беморлар қандай таомланади?

Сўнгги йилларда Ер юзида овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, хусусан, ошқозон яраси билан оғриётган беморлар сони ортиб бормоқда. Асосан 20-40 ёш атрофидаги эркакларда учрайдиган бу хасталик йилдан йилга ёшариб, мактаб ўқувчилари, талабалар орасида ҳам тез-тез кузатиляпти. Бу касалликдан қандай сақланиш мумкин? Уни аниқлаш ва даволаш усуллари нималардан иборат? Ошқозон ярасига чалинган беморлар қандай таомланади? Бу каби саволларга жавоб берадиган бўлсак, аввало, тўсатдан иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, кучли оғриқ безовта қилганда кўпчилик бунга етарли эътибор бермаслигини афсус билан қайд этиш лозим. Яъни ўз билганича даво чораларини излайди. Аслида эса ушбу белгилар ошқозон яраси касаллиги аломати бўлиши мумкин.

Бу хасталик сурункали бўлиб, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак ва бошқа овқат ҳазм қилиш аъзоларида бемор ҳаётига хавф солувчи асоратлар билан кечади.
Ошқозон яраси бир қанча умумий белгилар билан намоён бўлади: оч қоринга тунги оғриқлар, иштаҳанинг пасайиши, баъзида буткул йўқолиши, кўнгил айниши, баъзида қайт қилиш шулар жумласидан.

Оғриқлар кўп ҳолларда тўш орти ва юрак соҳасида кузатилади. Касаллик одатда эрта баҳор ва кеч кузда қўзғайди. Баъзида беморлар ўзларича дориларни қабул қилиб, шифокорга кеч мурожаат қилишади. Натижада хасталикка кеч ташхис қўйилади ва баъзи асоратлар юзага келади.

Соғлом овқатланиш тартибига риоя қилмаслик (узоқ вақт қуюқ таом ейиш, қуруқ нон-чой билан чекланиш, овқатланишлар орасидаги узоқ танаффус), ишда ва оиладаги носоғлом руҳий ҳолат, зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш), ирсий омиллар хавфли касаллик қўзғовчилари ҳисоб­ланади.
Агар шифокорга ўз вақтида мурожаат қилинмаса ёки берилган тавсияларга қулоқ тутилмаса, айрим асоратлар, хусусан, яра тешилиши, пенетрацияси, ичдан қон кетиш ва пилорус стенози кузатилади. Энг ёмони, яра саратонга айланиб кетиши ҳам мумкин. Меъдадан қон кетганида бемор қон қусади.
Кўп қон кетганда бош айланади, дармон қурийди, артериал босим пасайиб, тахикардия (юрак тез уриши) пайдо бўлади. Асоратларнинг олдини олиш учун беморлар йилда икки марта: куз ва баҳор ойларида шифокор кўригидан ўтиши лозим.

Ошқозон ярасининг олдини олиш учун, аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Шу билан бирга, тўғри овқатланиш, чекмаслик ва спиртли ичимлик­лар истеъмол қилмаслик талаб этилади.
Консерватив муолажани имкон қадар барвақт бошлаш лозим. Бу пайтда бемор жисмонан ва руҳан дам олиши, касалликнинг тинч даврида ҳам кун тартиби ҳамда парҳезга амал қилиши зарур.

Шуни айтиш керакки, парҳез тутган беморлар даволашда жуда яхши натижаларга эришади. Бунинг учун бир кунда 5-6 марта оз-оздан овқатланиш, ўткир, тузланган, консерваланган ва дудланган таомлардан воз кечиш керак.
Қолаверса, қўй ва мол ёғи, ўткир масаллиқлар (горчица, хрен, пиёз, сирка), шунингдек, шира ҳайдайдиган таомлар (гўшт ва балиқ шўрвалар, қовурилган таомлар)ни истисно қилиш мақсадга мувофиқ. Дастлабки 1-2 ҳафтада сут, кисель, дони эзиб пиширилган шўрвалар, илитилган тухум тановул қилган маъқул.
Суюқ овқатлар суткасига 5-6 мартадан оз-оз истеъмол қилинади. Беморнинг аҳволи яхшиланиб боргач, таомномага сутда пиширилган бўтқа, юмшоқ гўшт, балиқ қийма ва буғда пиширилган таомлар қўшилади.

4-5 ҳафтадан сўнг оқ нон, ёғсиз гўшт ва балиқдан пиширилган таом­лар, қатиқ, сметана, творог ва бўтқалар истеъмол қилиш мумкин. Яра битгандан кейин ҳам парҳезга амал қилиш шарт. Бу эса касаллик қайталанишининг олдини олади.

Олим ҒУЛОМОВ,

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёлда қандли диабет аниқланса...

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: