Коронавирус авж олган мамлакатлардан жўнатмаларни қабул қилиш хавфлими?

Коронавирус инфекцияси тўғрисида нималарни билиш керак? КОВИД-19 билан боғлиқ саволларга Самарқанд вилояти Санепидхизмат бошқармаси
Вирусология лабораторияси мудири Ю.Облоқуловадан жавоб олдик.

– Касаллик қандай юқади?


– Маълумки, коронавирус инфекцияси ҳаво-томчи ва мулоқот (контакт) йўллари орқали юқади. Вирус ҳавода айланиб юрмайди, балки одамдан одамга юқади. Вируснинг узоқ масофадан юқиш эҳтимоли жуда паст. Вирус одам йўталганда ёки аксирганда юзага келадиган томчиларда бўлади. Масофа – хавфсизлик гарови бўлиб, эпидемик занжирни узиш омилидир. Агар сиз йўталган ёки аксирган бемордан икки метрдан ошиқ масофада бўлсангиз, инфекция сизга юқмайди.

– Контакт – коронавирус инфекциясини юқтиришнинг асосий йўли ҳисобланадими?


– Аксарият ҳолларда вирус касалланган одамнинг нафас йўлларидан чиққан ажратмалар теккан предметларни (рўмолча, қўлқоп, телефон, эшик ва зинапоя тутқичлари, ҳайвонлар, гўшт, балиқ) ушлашдан сўнг кўз, бурун шиллиқ пардалари ва қўлларга юқади.

– Ҳайвонлардан юқиши мумкинми?


– Уй ҳайвонлари, масалан, ит ёки мушук коронавирус инфекцияси ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида расмий далиллар йўқ. Бироқ уй ҳайвонлари билан контактдан кейин қўлингизни совун билан ювишингизни маслаҳат берамиз. Бу сизни уй ҳайвонларидан юқиши мумкин бўлган қатор касаллик­лардан ҳимоя қилади.

– Мевалар орқали-чи?


– Меваларда вирус узоқ вақт сақланиб туролмайди, мевалар орқали касалликнинг юқиши ҳақида далиллар йўқ. Эслатиб ўтамизки, меваларни яхшилаб ювиб, истеъмол қилиш ҳар доимги одат бўлиши керак.


– Очиқ муҳитда вирус қанча яшайди? Қандай қилиб вирусни зарарсизлантириш мумкин?


– Вирус уч соатдан бир неча кунгача ташқи муҳитда, муайян муддатлар ва бир қатор шароитларга боғлиқ ҳолда тирик туриши мумкин. Масалан, ташқи муҳитнинг тури, ҳарорати ва намлиги. Шунинг учун буюмлар сиртларини, эшик тутқичларини, техник асбобларни, юз соҳаси билан контакт­да бўлганлиги учун мобил телефонларни ва шунга ўхшаш нарсаларни дезинфекция қилиш муҳимдир.

– Коронавируснинг инфекцияси туфайли келиб чиққан касалликлар қайд этилган мамлакатлардан жўнатмаларни қабул қилиш хавфлими?


– Юқиш эҳтимоли жуда паст. Жўнатма орқали коронавирус инфекцияси юқмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бош­қа давлатлардан товарларни олиб ўтиш ва ташишда ҳеч қандай чекловлар тавсия этилмаган. Хитой Халқ Республикасига почта жўнатмалар юбориш ва қабул қилиш одатдагидек амалга оширилмоқда.

– Ташхис қандай қўйилади?


– Дастлабки босқичда коронавирус инфекцияси бошқа ўткир респиратор инфекциялар каби белгиларга эга. Коронавирус инфекция­сини фақат махсус тест-тизимлар ёрдамида аниқлаш мумкин.

– Аломатлари…


– Тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал, нафас сиқилиши, ҳансираш ва касаллик қайд этилган давлатдан келганлиги ёки ўша давлатдан келган одам билан контактда бўлганлиги.


– Асоратлар эса…

– Одамларнинг 80 фоизида касаллик енгил кечади. Коронавируснинг янги штаммлари оғир шаклдаги пневмонияга олиб келиши мумкин. Шунинг учун унинг хавфлилик даражаси юқори.

– Нима қилиш керак?


Агар сиз коронавирус касаллиги аниқланган мамлакатдан қайтган бўлсангиз ёки касалланган одам билан мулоқот қилган бўлсангиз, шифокорингизга бу ҳақда хабар беринг.

Яна ўқинг:  Психологик портрет деганда нимани тушунамиз?

Карантин қоидалари юмшатилганига қарамасдан, огоҳлик давр талаби эканлигини унутмаган. Ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига бефарқ бўлманг! Одамлар гавжум жойларда ниқоб тақишни унутманг! Сизнинг саломатлигингиз биз учун муҳим!

Санэпидқўмита Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: