Она сути – неъматларнинг аълоси

Эмизикли оналарга тавсиялар

Ҳар бир йигит-қиз оила қурар экан уларни нуроний отахон ва онахонлар “ўзидан кўпайсин”, дея дуо қилишади. Пок ниятлар ижобати ила вақти-соати етиб қутлуғ хонадонда чақалоқ “инга” си эшитилади.

Ҳа, фарзандларимиз умримиз давомчилари ва ҳаётимиз шамчироғи. Ҳар бир фарзанд ота-она бағрида бекаму кўст ва соғлом ўссин, дея тилак билдирамиз. Зеро, муқаддас ҳадисларда ҳам оналар улуғланиб “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, дейилган. Чунки оналар фарзандни дунёга келтириш ва уни эмизиб боқишда кўп машаққат чекишади.

Шунингдек, болажон халқимиз гўдакларни суйиб “Бола-пошшо” дея эъзозлайди. Қуйида Соғлом бола йили муносабати билан гўдак учун она сутининг аҳамияти хусусида айрим маълумотларни беришни жоиз деб билдик.

Жажжи фарзандни эмизиб боқиш она ва бола ўртасида меҳр ришталарини боғлайди. Кўкрак сути болалар учун энг яхши озуқа ҳисобланади. Сигир сути ва ҳатто эчки сути, шунингдек, болаларнинг сунъий сутли озуқалари, қуруқ сут, чой, ширин суюқлик, сув, сут маҳсулотлари таркибига кўра ҳеч қачон кўкрак сутининг ўрнини босолмайди. Она сути чақалоқ ҳаётининг дастлабки олти ойи мобайнида жуда ҳам муҳим озуқа ҳисобланади. Гўдак бу даврда кўкрак сутидан бошқа озуқа ва сувга ўзида эҳтиёж сезмайди. Онанинг табиат томонидан туҳфа этилган бу мўъжизавий неъмати миттивой вужудида енгил ҳазм бўлади. Унинг соғлом ривожланишида катта аҳамият касб этади. Яна уни турли юқумли касалликлардан асрайди. Бир сўз билан айтганда она сути, айниқса, оғиз сути гўдакка илк эмлашдай таъсир этади.

Шунингдек, жазирамада ва қуруқ ҳавода ҳам она сути чақалоқнинг суюқликка бўлган талабини қондиради ҳамда уни чанқатмайди. Жажжигина вужуд онасининг бағрида яйрайди ва ўзини ҳимоялангандай сезади. Гўдакка олти ойлик бўлгунича кўкрак сутидан бошқа суюқликлар бериш унинг меъда-ичак тизимига салбий таъсир этади ва диарея (ичкетар) ни келтириб чиқаради.

Озуқавий қиймати она сутига яқинлаштирилган қуруқ сутли аралашмалар жуда қиммат. Бир қути шундай аралашма бир неча кунга етмайди. Уни йил давомида сотиб олишга анча маблағ кетади.

Шу сабабли ва онанинг турли касалликлари туфайли эмизишга монъелик бўлмаса ёхуд баъзи ёш оналарнинг “қоматим бузилади”, деган хавотирларининг олдини олиш мақсадида шифокор-мутахассис албатта кўкрак сутининг афзалликлари хусусида аёлларга тушунтириши шарт ва зарур.

Яна ўқинг:  Чиройли “қалпоқча”лар жозибасига учманг

Чақалоқ туғилган заҳотиёқ уни онасининг қорнига ётқизиш керак. Гўдакни барвақт эмизиш унинг сарғиш рангли қуюқ оғиз сутидан баҳраманд бўлишига сабаб бўлади. Оғиз сути таркибида гўдакни турли юқумли инфекциялардан асровчи антитаначалар жуда мўл бўлади. Шунингдек, миттивой қанча тез онасини эма бошласа, унда кўкрак сути кўпаяди ва бачадон қисқариши ҳам тезлашади. Туғруқдан сўнг онанинг бачадони қанча тез қисқарса унга инфекция тушиш хавфи камаяди ҳамда кучли қон кетишининг олди олинади.

Янги туғилган чақалоқ онасининг бағрида имкон қадар кўпроқ бўлиши керак. Она фарзанди билан битта хонада бўлиши зарур. Чунки, болани эркин эмизиш шарт, яъни, гўдак қачон хоҳласада шунда эмиши даркор. Чақалоқни тез-тез эмизиш она сутини кўпайишига ёрдам беради. Онанинг руҳий ҳолати гўдакка ҳам таъсир этади. Эмизикли оналар беҳудага асабийлашавермасдан хотиржам бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Беҳаловатлик кўкрак сутининг камайиб кетишига сабаб бўлади. Дарвоқе, тўйиб ухламаслик ва оқилона ҳамда сифатли, тўйимли овқатланмаслик ҳам она саломатлигига салбий таъсир этади.

Ёш гўдаги бор оналар аччиқ ва шўр, маринадланган тузламалар ҳамда зираворлар (мурч), лавр япроғи, саримсоқпиёз, хом пиёз, дудланган озиқ-овқат маҳсулотлари, кофе, газли ичимликлар, турли сунъий бўёқлар солинган (“Кока-кола”, “Фанта” ва шу каби) суюқликлар ва ел ҳосил қилувчи мош, ловия, нўхат, ўрик, туршак каби маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳамда бодринг, қовун, тарвуз, узум ейишдан, совуқ сув ичишдан тийилишлари зарур. Чунки, фойдали ва зарарли барча моддалар чақалоқ вужудига она сути орқали сўрилади. Ел ҳосил қилувчи маҳсулотлар гўдакнинг ичини дам қилади ва ичакларда оғриқ пайдо бўлади. Шундай пайти чақалоқнинг қорни таранг бўлиб, у оёқларини қорнига йиғиб, чинқириб йиғлайди. Она арпабодиён дамлаб ичса (бир чойнакка бир ош қошиқ арпабодиён уруғи солинади) ҳам кўкрак сутини кўпайтиради, ҳам чақалоқнинг қорни дам бўлмайди. Седана ҳам она сутини кўпайтиради.

Эмизикли аёллар қайнаб совутилган сув ёки хона ҳароратидаги булоқ сувини ичиши зарур. Қайнатилмаган совуқ сув ҳам чақалоқнинг қорнида оғриқ қўзғатади.

Кўкрак сути кўпайиши учун эмизикли гўдаги бор аёллар иссиқ, сариёғ солинган сут, қайнатма шўрва ва суюқ овқатларни кўп истеъмол қилишлари керак. Яна туғруқдан кейинги чилла даврида она ва боланинг саломатлигини асраш жуда муҳим. Чунки, бу даврда уларнинг иммунитети паст ва аураси ( биомайдони) заиф бўлади. Оила аъзолари ва хонадондаги ёши катталар янги бўшанган она ҳамда унинг чақалоғини турли инфекциялар юқиши (грипп, ЎРВИ-ўткир респиратор вирусли инфекциялар), стресс (руҳий зўриқиш), толиқишдан асрашлари зарур. Она тўйиб ухласа ва тиниқиб дам олса ҳамда сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилса фарзандини парвариш қилиш учун ўзида куч топаолади.

Яна ўқинг:  КЎЗЛАР РАВШАНЛИГИ – ОЛАМ НУРАФШОНЛИГИ

Чилла яра (диатез) насл суради. Айрим чақалоқларда шу конституцион аномалияга ирсий мойиллик бўлса, оналар гўдаги маълум ёш (баъзи ҳолатларда беш ёшгача)га етгунча парҳезга қатъий амал қилишлари шарт. Яна гўдагини эмизиб боқаётган оналарга от ва эчки гўштларини истеъмол қилиш ман этилади. Чунки, бу гўштлар иссиқ мижозли ҳисоблангани боис сурункали касалликлар ва бодни қўзғайди. Диатези мавжуд чақалоқларнинг онасига тухум ва аллерген маҳсулотлар, қизил рангли мева-сабзавотлар, асал ейиш ҳам мумкин эмас. Чунки, ҳар қандай аллерген маҳсулотлар тери қичишига сабаб бўлади ва чилла яра гўдакни безовта қилади. Унинг уйқуси бузилиб, асабийлашади ҳамда ривожланиши сусаяди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки она сути таркибида боланинг ақлий қобилиятини ўстирувчи тоуринг моддаси бор. Эмизикли оналар майиз, творог, қатиқ, қаймоқ, балиқ, гўшт маҳсулотлари, мева-сабзавотлар (сабзи ҳам сутни кўпайтиради) истеъмол қилишлари зарур. Аммо номлари юқорида қайд этилган маҳсулотларни она тановвул қилса, яъни бодринг, қовун, тарвуз, узум чақалоқнинг ичи бузилиши (диарея)га сабаб бўлади.

Она гўдагини эмизаётганда танасини тўғри тутиши зарур. Чақалоқ онаси бағрида ўзини эркин тутади ва кайфияти ҳам яхши бўлади. Агар чақалоқни нотўғри эмизса онанинг кўкрагида оғриқ пайдо бўлади. Кейинчалик бу кўкрак сўрғичида ёриқ пайдо бўлиб, ушбу соҳага инфекция тушиши натижасида мастит сут бези яллиғланиши ривожланиши мумкин. Бу хасталик ривожланмаслиги учун она шахсий гигиенага катта эътибор бериши шарт. Ҳамиша қўлларини совунлаб ювиб, тирноқларини калта олиши ҳамда қўл терисига озиқлантирувчи крем суртиши лозим. Ҳар сафар гўдагини эмизганидан сўнг она кўкрагини илиқ сув билан ювиши даркор. Сўнгра табиий толали пахмоқ сочиқ билан уни енгил босиб-босиб артади ва сут безига стерилланган ўсимлик ёғини суртади. Бу эса кўкрак сўрғичини ёрилишдан ва сўрғич атрофидаги жигарранг юпқа терини шикастланишдан асрайди. Чақалоқ парвариши билан банд бўлган оналарга кашандалар билан ҳатто бир хонада ўтириш мумкин эмас. Сабаби ёпиқ хонада тамаки тутунини ҳидлаб ўтирган аёл ҳам пассив чекувчилар қаторига киради. Тамаки тутунининг чақалоқ миясига қай даражада салбий таъсир этиши кўпчиликка маълум. Энди спиртли ичимликлар ҳақида айтмаса ҳам бўлаверади.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: