Гўдаклар туғма юрак нуқсони билан дунёга келишининг асосий сабаблари нимада?

Туғма юрак нуқсонлари ёки умуман туғма аномалияларнинг ривожланишига, асосан, олтита фактор таъсир қилади:


– ҳомиладор аёллардаги анемия;
– аёлнинг сурункали ёки ўткир инфекцияли касаллиги;
– вирусли касалликлар;
– гармонал фактор;
– нейрогуморал фактор;
– яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ.
Камқонлик, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида аёлнинг гриппга чалиниши ва бунга қарши даволанмаслиги, қолаверса, буйрак ва бошқа аъзолардаги сурункали хасталиклар, онада учрайдиган турли инфекциялар ва вирусли касалликлар ҳомиланинг соғлом ривожланишига имкон бермайди.
Натижада болада туғма нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Бу муаммонинг олдини олиш учун ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин бўлажак ота-она тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиб, касаллик аниқланса, даволаниши лозим.
Бунинг энг самарали йўли ҳомиладор аёлларни скрининг кўригига ўз вақтида жалб этишдир. Бугун мамлакатимизда она-бола скрининг хизмати ривожланиб боряпти. Қолаверса, туғуруқ мажмуаларида ҳар бир чақалоқ чуқур кўрикдан ўтказилади. Болада туғма нуқсон бўлса, шу ернинг ўзида аниқлаш имкони мавжуд.
Туғма юрак нуқсонларининг турлари жуда кўп. Шу боис даволаш ишлари касалликнинг турига қараб белгиланади. Дейлик, очиқ артериал проток – шундай турлардан бири.
Бола олти ойлик бўлгунича организмдаги физиологик ўзгаришлар туфайли бу туғма юрак нуқсон тури кичик ҳажмда бўлса, ўз-ўзидан ёпилиб кетиш имкони бўлади.
Қисқаси, ҳар бир касалликни даволашнинг ўз стандартлари бор. Даволаш ишларини шу асосда ташкил этиш учун бемор доимо шифокор кузатувида бўлиши лозим.

Бундан ташқари, тез-тез шамоллаб, тузалиши чўзилаётган ёки пневмонияга чалинадиган бемор болаларни ҳам кардиолог чуқур текшириши керак. Ота-она бунга эътиборсизлик қилиб, болага ўз билганича дори ичириши мумкин эмас.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун болалар тарбияси ва соғлиғига эътиборли бўлиш, тез-тез шамоллайдиган, инжиқ, нимжон болаларни алоҳида кузатувга олиши мақсадга мувофиқ. Шунда туғма юрак нуқсонли бемор болаларни ўз вақтида аниқлаб соғломлаштиришга эришиш мумкин.

Шуни унутмаслик керакки, туғма юрак нуқсони билан хасталанган болани парваришлашда тўғри овқатлантириш, ўз вақтида ухлатиш баробарида, оилада тозалик ва гигиена қоидаларига ҳам тўла риоя этилиши керак.
Акс ҳолда, болада сурункали инфекцияли жараёнлар юзага келиб, бошқа касалликларни ҳам пайдо қилиши, беморнинг аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

Яна бир муҳим ҳолат, туғма аномалиялар, яъни туғма юрак нуқсони ва марказий нерв системаси, ошқозон-ичак тизими ва бошқа аъзо-системаларнинг туғма аномалияси биргаликда келиши ҳолатларида даволаш тактикасини белгилаш жуда ҳам қийин ҳисобланади. Бундай ҳолатларда бола ҳаёти учун хавф туғдираётган ҳолат биринчи бўлиб даволаниши керак.

Яна ўқинг:  Нурафшон биомайдон ҳимоясида

Ҳакимжон АБРОЛОВ,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: