ЯНГИ ҒОЯЛАР ТАЛҚИНИ

Жорий йилнинг 10-12 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Ўзбекистон матбуоти” – Иккинчи Миллий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Ушбу кўргазмадан кўзланган мақсад — республикамизда фаолият юритаётган босма ахборот нашрларининг фаолиятини ва бу соҳадаги янгиликлардан соҳа вакилларини хабардор қилишдир. Қолаверса, юртимизда ахборот соҳасини либераллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдир.

Ушбу кўргазмада юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган босма нашрлар, нашриётлар ходимлари, реклама ва полиграфия хизматлари билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари, журналистлар ва шу соҳага қизиқувчи ёшлар иштирок этишяпти.

“Бу кўргазма нафақат ёшлар учун, балки тажрибали журналист ва ноширлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ахборот деярли ҳар куни алмашинаётган бугунги кунда қайси соҳа бўлмасин, мутахассисга ўз соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлиб туриш маъсулиятини юклайди. Шунинг учун ҳам бундай кўргазмалар биз каби устозлар ва талабалар учун жуда муҳим,” – дейди Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факуьтети декани Маҳлиё Мирсоатова.

Нашриётлар томонидан кўргазмага қўйилган янги китоблар барчанинг диққат-эътиборини тортди. Улар орасида “Чўлпон”, “Маънавият” ва “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп қилинган болалар учун мўлжалланган китоблар, айниқса, ўзига хос ранг-баранг безаклари билан ажралиб турибди. Китоблар кўргазмаси билан бир қаторда уларнинг савдоси ҳам ташкил қилинганлиги китобсевар ёшлар учун айни муддао бўлди.

– Мен Эркин Аъзамнинг “Шовқин” деб аталган китобини анчадан бери китоб дўконларидан қидираман. Бугун уни сотиб олдим. Шундай кўргазмаларнинг тез-тез ташкил қилиниб турилиши биз ёшлар учун жуда фойдали, – дейди кўргазма иштирокчиларидан бири Сардор Рустамов.

Саида ИБОДИНОВА

Яна ўқинг:  БЕБАҲО БОЙЛИК

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: