Одамларда гижжа: турлари, аниқлаш ва даволаш

Бугунги кунга келиб, фан одам танасида ривожланиши ва яшаши, турли орган ва тўқималарда паразитлик қилиши мумкин бўлган 280 хил гижжаларни аниқланган. Одамнинг гижжа юқтириш частотаси маълум ҳудудларнинг иқлимий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларига боғлиқ (кам ривожланган мамлакатларда, айниқса, тропик ва субтропик зоналарда жойлашган мамлакатларда, паразитар инфекциялар даражаси иқтисодий ривожланган мамлакатларга қараганда анча юқори).

Юқтириш йўллари:
– Биогелминтоз (ҳайвонлардан юқиш).
– Юқумли гелминтоз (одамдан одамга юқиш).
– Геогелминтоз (ер юзида ҳаёт циклларидан бирини амалга оширадиган паразитлар томонидан келиб чиқадиган касалликлар).
Одамларда гижжаларнинг намоён бўлишига таъсир қилувчи омиллар:
– гижжанинг инсон танасига мослашиш даражаси;
– паразитларнинг популяция зичлиги (сони);
– гижжанинг яшаш жойи (тўқима пара­зитлари юмшоқ тўқималарда, оралиқда яшовчилар эса органларнинг бўшлиқларида яшайди).
Турли фазаларда баъзи гижжалар ҳам оралиқ ҳам тўқима шаклларда бўлади. Қуртларнинг личинкали ва ривожланаётган босқичлари, одатда, кучлироқ патологик ўзгаришларни келтириб чиқаради.
Қайта инфекция бўлмаса, инсон танасида катта паразитлари сони кўпаймайди. Бу хусусият гижжаларни вируслар, замбуруғлар ва микроблар сабаб бўлган касалликлардан сезиларли даражада ажратиб туради.

Белгилари:
Гелминтоз – бу 2 босқичли касаллик:
– ўткир (икки ҳафтадан икки ойгача);
– сурункали (бир неча ойдан бир неча йилгача).

Аломатлари


Касалликнинг дастлабки белгилари турли вақтларда пайдо бўлиши мумкин. Мисол учун кўпинча аскариозда 2-3 ҳафтадан сўнг, филяриозда – 2-3 кундан сўнг, инкубация даври эса 6-18 ой давом этиши мумкин.

Паразитар инвазиянинг ўткир босқичида энг характерли аломат – аллергик реакция ҳисобланади (миграция қилувчи паразит личинкалари антигенларига антикорлар ишлаб чиқарилади). Кўпинча гижжаларни юқтирган одамларда терида қичийдиган тошмалар пайдо бўлиб, улар такрорланиши мумкин, лимфа тугунлари шишади, мушак ва бўғимларда оғриқ пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, миграция қилувчи паразит личинкалари кўкрак қафаси оғриғига, йўталга, бўғилиш хуружларига, ахлатнинг бузилишига, кўнгил айниши ва қайт қилишга олиб келади.

Шу билан бирга, гелминтиазнинг ўткир босқичи янада жиддий бузилишлар (пневмониянинг оғир шакллари, гепатит, аллергик миокардит, гепатоспленомегалия (жигар ва талоқ катталашиши), менингоенсефалит) билан кечиши мумкин.
Қонда эозинофиллар сони кўпаяди (эозинофилия) ва оқсил фракциялари орасидаги нормал миқдорий нисбат бузилади (диспротеинемия).

Яна ўқинг:  Юрак туғма нуқсони қандай пайдо бўлади?

Сурункали гелминтоз
белгилари


Сурункали фазанинг аломатлари тўғридан-тўғри қайси органда паразитлар жойлашганига боғлиқ, шунингдек, уларнинг ҳаж­ми ва сони ҳам муҳим роль ўйнайди.
Шундай қилиб, баъзида одамларнинг ичак­ларида гижжаларнинг паразитлик қилиши аломатсиз бўлиши мумкин (жуда катта паразитлар мавжудлиги бундан мустасно). Ичак гелминтозининг сурункали босқичига хос белгилар диспептик касалликлардир. Болаларда астеноневротик ва оғриқ синдроми кўпроқ сезилади. Кўп миқдорда аскаридаларнинг мавжудлигида қабзият, обструктив сариқ касал ва панкреатит ривожланиши мумкин.
Одам танасидан ўз ҳаёти учун зарур бўлган барча моддаларни истеъмол қилиш сабабли, гелминтлар овқат ҳазм қилиш тизимининг бузилишини, витаминлар, минераллар, углеводлар, оқсиллар ва ёғларнинг ёмон сингишини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, гижжаларнинг чиқиндилари нормал ичак микрофлорасини сусайтириб, организмнинг иммунитет кучларини камайтиради.
Иммун тизимининг заифлашиши ва ҳужайралар бўлинишининг кучайиши (пара­зитлар томонидан зарарланган тўқималарнинг доимий тикланиши натижасида) гелминтозлардан азият чекадиган одамларда хавфли ўсмалар хавфи сезиларли даражада ошади.

Одам гелминтозининг қўзғатувчилари 2 хил турга бўлинади:
– думалоқ (нематодалар)
– ясси (лентасимон ва сўрғичли)

Ташхислаш


Гелминтозни ташхислаш қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:
юқтириш мумкин бўлган сабабларини аниқлашга ёрдам берадиган анамнезни эҳтиёткорлик билан йиғиш;
нажас, қон, ичак, мушак тўқималари, ўпка балғамлари, сафро таркибининг лаборатория текширувлари.
Таҳлил натижасида паразитларнинг тухумлари, сегментлари ёки бўлаклари аниқланиши мумкин. Шу билан бирга, қондаги эозинофилларнинг кўпайиши ҳам гелминтоз борлигидан далолат беради.
Личинка ривожланиш босқичлари ёки тўқима паразитлари натижасида келиб чиққан касалликларни ташхислашда серологик текширувлар ўтказилади.
Жигар тўқималарига таъсир қиладиган гижжаларни аниқлаш учун ултратовуш, КТ ва эндоскопик тадқиқотлар буюрилади.

Даволаш


Паразитар инфекциянинг ўткир босқичида беморга детоксификация ва десенситизм терапияси буюрилади. Касалликнинг оғир ҳолатларида тиббий кўрсатмаларга кўра глюкокортикоидлар қўлланилади.
Патогеннинг хусусиятини инобатга олган ҳолда махсус терапия дори воситалари сифатида махсус гижжаларга қарши кимёвий воситалар буюрилади.
Бунга параллел равишда беморга антигистаминлар ва энтеросорбентларни қабул қилиш буюрилади. Даволашнинг якуний босқичи ичак микрофлорасини нормаллаштирадиган пробиотиклардан фойдаланишни ўз ичига олади.
Махсус юмшоқ парҳез ҳам буюрилади (озиқ-овқат осон ҳазм бўладиган ва кам ёғли бўлиши керак).

Антигелминтик терапия даврида бемордан шахсий гигиенани қатъиян сақлаш талаб қилинади (қайта юқтиришдан сақланиш учун). Шу билан бирга, кўплаб гижжалар турида барча оила аъзолари ва касалланган билан доимий алоқада бўлган шахслар даволаниши керак.

Олдини олиш

Яна ўқинг:  ТОРЧ инфекцияси


– Шахсий ва жамоат гигиенасига риоя қилиш;
– Овқат пишириш технологиясига қатъий риоя қилиш;
– Уй ҳайвонларини мунтазам текшириш ва профилактик даволаш;
– Янги сабзавот, мева ва кўкатларни яхшилаб ювиш;
– Дарё балиқларини тўғри пишириш;
– Хом, озгина тузланган ва қуритилган балиқларни истеъмол қилмаслик.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА,

Тошкент тиббиёт академияси талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: