Вирусли гепатит В қандай касаллик?

Бугунги кунда инсонлар ҳаётида вирусли гепатит В касаллиги (ВГВ) вирусини юқтириб олиш долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйича 2 миллиарддан ортиқ инсон ВГВ касаллигини ўзига юқтириб олган ва ҳар йили дунё бўйича 600 000 нафардан зиёд киши вирусли гепатит В дан оламдан ўтади.
Гепатит В касаллиги, вирусининг юқиши, хасталикнинг олдини олиш ва даволаш ҳақида соҳа мутахассиси, олий тоифали шифокор, гепатолог
Жамшид Нормуродов билан суҳбатлашдик:

Аввало инсон ҳаёти учун муҳим бўлган-жигар ва унинг вазифаси ҳақида маълумот берсангиз!
– Жигар – инсон танасидаги ҳазм бези бўлиб, мураккаб ва муҳим аъзо ҳисобланади (вазни 1200-2200 г). У қорин бўшлиғи диаф­рагманинг тагида, ўнг қовурғалар ва қисман чап қовурғалар остида жойлашиб, организмнинг марказий биокимёвий лабораториясидир.
У бир суткада 600-700 грамм ўт (сафро) ишлаб чиқариб, овқат ҳазм бўлишида ва озиқ моддаларнинг ичакдан қонга сўрилишида муҳим роль ўйнайди;
– оқсиллар, ёғлар ва карбонсувлар алмашинувида қатнашади;
– моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган, ташқаридан кирган заҳарли моддаларни зарарсизлантириб, ҳимоя функциясини бажаради;
– қонни захира сифатида йиғиб тура олади, эмбрионал ривожланишда қон элементлари ва гемоглобин ҳосил қилишда иштирок этади;
– ўтни узлуксиз ишлаб, ўт йўли орқали чиқаради;
– пигментлар алмашинувида қатнашади;
– жигарда холестерин, протромбин ва гепарин синтезланади;
– оқсиллар парчаланишидан ҳосил бўлган аммиак, қисман сийдик кислотаси ҳам жигарда мочевинага айланиб, организмдан сийдик билан чиқиб кетади.
– Ҳозирги кунда тез-тез учраётган ва инсон ҳаётига раҳна солиб келаётган жигар хасталикларидан – вирусли гепатит қандай йўллар билан одамга юқади?
– ВГВ – вирусли юқумли жигар касаллик­ларидан бири бўлиб, у жигарнинг зарарланиши билан ўткир ва сурункали кечади.
Касаллик асосан қон орқали, мулоқотда бўлиш ва касалланган одамнинг бошқа биологик суюқликлари орқали юқади.

– Касаллик қандай клиник белгилар билан кечади!
– ВГВ касаллигининг клиник белгиларини бошқа гепатит касаллиги вирусларидан фарқлаш қийин. Шу боис касалликка фақат лаборатория текшируви асосида ташхис қўйилади.
Яъни лаборатория ташхиси гепатит В антигени HBsAgни аниқлашга йўналтирилади.
Касаллик белгилари касаллик юққандан ўртача 75 кундан кейин, яъни (30 кундан 180 кунгача) пайдо бўлади.
Касалликнинг сариқликдан олдинги даврида (1-2 ҳафта давом этади) умумий ҳолсизлик, чарчаш, интоксикация, иштаҳа йўқолиши ва бўғимларда оғриқ каби белгилар пайдо бўлади. Кейин сариқлик даври бошланади (3-4 ҳафта), ҳаддан ташқари чарчоқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, ўзини оғир ҳис қилиш ва қорин соҳасида оғриқ белгилари билан бирга, сариқлиқ (тери қопламаси ва кўз склерасида сариқлик, сийдикнинг тўқ рангга кириши) пайдо бўлади.
Касаллик даволаниш натижасида секинлик билан тузалиб боради (бир неча ойда жигар фаолияти тикланади, аммо касаллик қолдиқ асоратлари бир умр сақланиб қолиши мумкин) ёки сурункали шаклга ўтади.

– Ушбу касалликни юқтириб олиш ёшга ҳам боғлиқ бўладими?
– Сурункали ВГВ касаллигининг келиб чиқиши беморнинг касалликни юқтириб олган ёшига ҳам албатта боғлиқ бўлади. Касалликни 6 ёшгача юқтириб олган болаларда ВГВ касаллигининг сурункали шаклининг ривож­ланиш эҳтимоли кўпроқ бўлади ва 30-50 фоизида сурункали ВГВ ривожланади.
1 ёшгача юқтириб олган болаларнинг 80-90 фоизида сурункали ВГВ ривожланади.
5 фоиздан камроқ ҳолларда катталарда ВГВ касаллиги сурункали шаклга ўтади. Айтиш жоизки, сурункали ВГВ вақти-вақти билан қайталаниб туради ва тўлқинсимон кечади. Кейинчалик 20-30 фоиз беморларда жигар церрози ёки жигар раки ривожланади.
Бундай беморлар белгиланган вақтида мунтазам равишда даволаниб туришлари шарт!

– Касаллик белгисиз ёки яширин тарзда кечиши ҳам мумкинми?
– Ҳа. Шундай ҳолатлар ҳам кузатилади. Таассуфки, бундай ҳолатда ВГВ вирусини юқтириб олиш ва белгиларсиз кечиши натижасида, гепатит В касаллиги, вирусли ўткир гепатитнинг В тури, сурункали гепатит, жигар церрози ва гепатоциллар рак касалликлари келиб чиқишига олиб келади.

Яна ўқинг:  Офтальмологик клиникаларда бепул кўрик

– Вирусли гепатит В касаллигининг олдини олиш борасида қандай эмлаш чоралари кўрилмоқда?
– Бу борада Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти кўкрак ёшдаги барча болаларни туғилишдан сўнг имкон қадар тезроқ, яъни 24 соат ичида ВГВга қарши эмлашни тавсия этади.
Ўзбекистонда ВГВга қарши эмлаш 1998 йил эпидемияга қарши кураш чора-тадбирлари тизимига киритилган. Ана шундай эмлаш натижасида давлатимизда ВГВ касаллигини 10 фоизга камайтиришга эришилди. Мамлакатимизда миллий эмлаш календарида ВГВ вакцинаси туғилганидан 1-кунидан бошланиб яна уч марта (пентавалент вакцинаси таркибида 2, 3 ва 4 ойлигида) эмланиб якунланади.
Эмлашнинг тўлиқ курсини олган кўкрак ёшдаги ва ундан катта ёшдаги болаларнинг 95 фоизида ҳимояловчи антитела пайдо бўлади. Эмлашнинг тўлиқ курсини олганларда камида 20 йил давомида, ҳатто умрбод иммунитет сақланиб қолиши мумкин.

– Вакцинанинг сифати ёки самарадорлигига кафолат борми ва у қандай касаллиги бор инсонларга қилинмайди?
– Вакцина юқори даражадаги хавфсизлиги ва самарадорлиги билан ажралиб туради. Дунё бўйича 1982 йилдан буён ВГВ вакцинасининг 1 миллиярддан ортиқ дозаси қўлланилган. Эмлашнинг тўлиқ курсини олган одамларнинг 95 фоизида ҳимоя антителалар пайдо бўлиб, камида 20 йил давомида сақланиб қолиши тасдиқланган. ВГВ вакцинаси фақат вакцина компонентларига аллергияси бўлган шахсларга тайинланмайди.

– Ушбу касалликни даволашда қандай чоралар қўлланилади?
– Ўткир вирусли гепатит В касаллигининг ҳали махсус даволаш усули ишлаб чиқилмаган.
Касалликни даволашда парваришлаш, касаллик белгиларини енгиллаштириш каби клиник даволаш билан бирга, парҳез асосида тўғри овқатланишни ташкил қилиш жуда муҳим. Шунингдек, қусиш ва диария туфайли йўқотилган суюқликни тўлдириш лозим бўлади.
Баъзи ҳолларда ВГВнинг сурункали шакли билан оғриган беморларни интерферон ва вирусга қарши препаратлар билан биргаликда дори восталари билан ҳам даволаш мумкин. Даволаш церроз ривожланишини кечиктириши ва узоқ муддат давомида беморнинг ҳаёт фаолияти яхшиланишига ёрдам беради.
Санитария-эпидемиологик профилактик мажмуавий чоралар билан бир қаторда, касаллик юқишининг олдини олишнинг энг самарали усули – бу ВГВ касаллигига қарши эмлашдир.

– Касаллик билан оғриган беморлар аҳволининг яхшиланишига қандай овқат маҳсулотлари истеъмолини тавсия қиласиз?
– Беҳи шарбатидан ичиб туриш, ошқовоқ ва унинг шарбати кабилар жигар қувватини оширса, ўрик туршаги, жўхори пўпаги қайнатмаларини истеъмол қилиш пешоб ҳайдовчи сифатида, жигар фаолиятини яхшилайди. Шунингдек, бодринг, сабзи ва лавлаги сувини аралаштириб ичилса, жигар хасталикларига фойда беради. Ширин анор суви мунтазам истеъмол қилинса, жигар тозаланади ва қуввати ортади.
Ошқовоқни димлаб ейиш, шунингдек 1-2 грамм қалампирмунчоқни янчиб, сут билан наҳорга ичилса, жигарга қувват беради. Жигар оғриғида наъматакдан дамланган чой энг шифобахш малҳамлардан саналади.
Албатта, қовурма, оғир ҳазм бўладиган овқатлардан тийилиб, табиат инъом этган мева, сабзовот ва табиий гиёҳлардан фойдаланиш саломатликларини асрашда катта фойда беради.

Яна ўқинг:  САРАТОНДАН ҲИМОЯ ҚИЛУВЧИ МАҲСУЛОТЛАР

Марям АҲМЕДОВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: