Фикрим ёмонми ёки хулқим?

Сиз ҳеч ким билан чиқиша олмаяпсиз. Ҳамма сизни ёмон дейди. Сиз эса ҳаммани ёмон дейсиз. Нима қилиш керак? Табиийки, сизда фикримни ўзгартирайми ёки хулқимни деган савол пайдо бўлади? Инсоният пайдо бўлибдики, мана шу муаммо устида бош қотирган. Когнитив психологлар аввал фикрингизни ўзгартиринг, сўнгра хулқингиз ўзгаради дейишса, бихевиоризм, яъни хулқ-атвор назарияси тарафдорлари аввал хулқингизни ўзгартиринг, бора-бора фикрингиз ҳам ўзгаради дейишади.

Мен иккала назарияни ҳам эътиборингизга ҳавола қиламан. Керагини ўзингиз танлаб олинг. Унинг кетидан учинчи назария ҳам бор.

  1. «Мен аввал фикримни ўзгартираман!» Майли! Ундай бўлса когнитив (ингл. cognitio – фикр дегани) психотерапевтлар фикрига қулоқ солинг. Уларнинг фикрича, невроз, фобия, хавотир ва депрессия негизида мияга ўрнашиб олган азобли фикр­лар ва уларга ишониш ётади. Ўзига, бош­қаларга ва жамиятда бўлаётган воқеаларга ёмон муносабатни шакллантирган ушбу стереотип ғоялар сиздаги хулқ-атворингиз, турмуш тарзингиз, одамларга ва жамиятга бўлган муносабатингизни ўзгартириб юборади. Сиз жамиятга мослашиб кетишингиз учун мияга ўрнашиб олган ушбу фикрлардан халос бўлишингиз керак. Бу масалада сизга когнитив психотерапевт ёрдам беради. Ушбу мутахассислар психоаналитиклардан фарқли ўлароқ, оғир болалик даврингизни сизга эслатиб ўтирмасдан, бугунги кун билан ишлайди.
    Когнитив психотерапевт сизни айни пайт­да қийнаётган носоғлом фикрлардан озод қилиб, уларнинг ўрнига соғлом фикрларни жойлаб боради. Психотерапевтик суҳбатлар орасида эришилган ютуқлар муҳокама қилинади ва ҳали мияни тарк этмаётган азобли фикрлар билан ишланади, эришилган ютуқлар муҳокама қилинади. Бунинг натижасида сиз дунёни ва атроф­даги одамларни бошқача кўз билан кўра бошлайсиз. Сизнинг фикрингиз ҳам ўзингиз ҳам ўзгарасиз. Натижада характерингиз ҳам ўзгаради. Сиздаги ўзгарган хулқ-атворни кўриб одамларнинг Сизга муносабати ҳам ўзгаради.
  2. «Мен аввал хулқимни ўзгартираман». Агар сиз ўзингиз ёки бировлар ҳақида фик­рингизни ўзгартиришни хоҳламасангиз, унда характерингизни ўзгартиринг. Қандай қилиб? Бу масалада сизга бихевиорал психотерапевтлар ёрдам беради. Инглизчадан behaviour – хулқ-атвор дегани.
    Бихевиорал психотерапевтлар шундай дейишади: «Одамнинг фикри, онги ва руҳиятини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, аввало, унинг хулқ-атворини ўзгартиринг».
    Бу усул ўсмирлардаги хулқ-атвор бузилишларини ўзгартиришда жуда қўл келади. Бихевиорал психотерапевтлар ўз олдига нев­роз, истерия, апатия ва депрессия туфайли ўзгарган хулқ-атворни тўғрилаш учун турли хил психотерапевтик машқлар ва услубларни қўллаб, ўсмирнинг хулқ-атворини ўзгартириб боради. Психотерапевтик муолажалар пайтида бемордаги хулқ-атворнинг ҳар бир кўриниши таҳлил қилинади ва бемор билан бирга улар коррекция қилиб борилади. Ушбу психотерапия хулқ-атвори ўзгарган ўсмирларда юқори натижа беради, бироқ катта ёшдагиларда самараси пастроқ.
    Босқичма-босқич ўтказилаётган психотерапевтик муолажалар пайтида хулқ-атвордаги патологик ўзгаришлар соғлом хулқ-атвор сифатлари билан «алмаштирилади». Демак, бихевиорал терапия пайтида невроз, истерия ва депрессияга олиб келган сабаблар устида эмас, балки шу сабабли юзага келган патологик хулқ-атворни соғлом томонга ўзгартириш билан ишланади. Соғлом хулқ-атвор ҳамда ўзини ўзи бошқариш уқувлари шаклланган сайин ўсмирдаги невротик хулқ-атвор, истерия ва хавотирли-фобик бузилиш­лар орқага чекинади. Натижада ўсмирнинг фикри ўзгаради, ўзига ишонч пайдо бўлади ва ота-­онага ва атрофдагиларга бошқача кўз билан қарайдиган бўлади. Демак, аввал характерни ўзгартириб, сўнгра фикрни ўзгартиришга эришса бўларкан.
  3. «Мен фикримни ҳам, хулқ-атворимни ҳам бир хил пайтда ўзгартириб бормоқчиман». Шу мумкинми? Ҳа, мумкин! Буюк олимлар когнитив психотерапияни ҳам, бихевориал психотерапияни ҳам бирлаштириб, когнитив-бихевиорал психотерапия деган янги йўналиш яратишди. Айнан ушбу психологик мактабда таҳсил олиб қайтган психотерапевтлар сизда бир пайтнинг ўзида ҳам фикрингизни даволайди, ҳам хулқингизни! Ушбу методларнинг учта ўхшаш ва фарқ қилувчи томонлари бор. Улар қуйидагилар:
    1) иккала метод ҳам ўргатиш ва ўзгартиришга асосланган, когнитив психотерапия фикрни, бихевиорал психотерапия хулқ-атворни ўзгартиришни мақсад қилиб қўяди;
    2) иккала метод ҳам касалликни келтириб чиқарган сабаблар билан қизиқса-да, ўтмишни эслатиб ўтирмасдан ҳозирги пайтдаги муаммо билан ишлайди: когнитив психотерапевт – касалликни юзага келтирган фикрлар билан ишласа, бихевиорал психотерапевт – касаллик туфайли ўзгарган хулқ-атвор билан ишлайди;
    3) Иккала метод ҳам ўз мижозларига уйга вазифа беради, унинг бажарилишини кузатиб боради ва рағбатлантиради. Когнитив-бихевиорал психотерапияни ҳар қандай ёшда қўлласа бўлади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор

Яна ўқинг:  Фойдадан кўра зарари кўпроқ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: