Организм учун фойдали бўлган клетчаткалар ҳақида биласизми?

Клетчаткасиз овқатлар ҳазм қилиш йўлидан чиқиб кетгунига қадар 3-5 кун ичида сўрилади, клетчаткага бой овқат эса бу йўлни «тезроқ» босиб ўтади ва айни пайтда ичакларни тозалайди. Ўсимлик озиқлари клетчаткага бой, ҳайвон маҳсулотларида (шунингдек, консерваланган ва қадоқланган егуликларда) эса улар деярли бўлмайди. Шунинг учун мева-сабзавотларни янгилигида мунтазам истеъмол қилиш ёки уларнинг шарбатларини ҳар куни овқатланишдан 30-60 дақиқа олдин ичиб турганингиз маъқул.

Овқат билан бирга дағал, яъни эримайдиган клетчатка мунтазам тушиб турадиган бўлса, организмда қувват ортади. Шундан сўнг меъёрдаги ичак флораси ферментлари ёрдамида касаллик қўзғатувчи микроб­лар ва вируслар нобуд бўлади.

Эримайдиган клетчаткалар дон, буғдой кепаги, жўхори, гуруч ва бошқа донларда, кунгабоқар дони ва сабзавотлар пўстида мавжуд. Улар ичакларни меъёрида тозалаб туриш учун керак. Озиқ толалари сувни шимиб олиб, ичакдаги нарсалар ҳажмини 4-6 марта катталаштиради, айни вақтда уларни майинлаштиради. Бу эса перистальтикани кучайтиради, овқат сўрилишини тезлаштиради.

Эрийдиган клетчатка манбаи пектинлардир. Улар ҳам ичаклар ишини яхшилайди, чириш жараёнини ва газлар ҳосил бўлишини секинлаштиради, қонда холестерин даражасининг камайишига имкон беради. У олмада, қизил смородинада, сабзи ва сулида, асосан дуккаклиларда кўп бўлади.
Маслаҳат шуки, мева-сабзавотларни ­пўсти билан истеъмол қилинг. Олхўри, олча ва узум ейилса қабзиятнинг олдини олади. Маъданли сувларни фақат шифокор маслаҳати билан ичинг. Ёнғоқда оқсил кўп бўлади, ҳар куни 100 граммдан еб туринг.
Дуккаклилар (масалан, ловия ва нўхат)да тўла сифатли оқсиллар жуда кўп. Буларнинг 100 грамми шунча миқдордаги гўшт ва балиқ орқали тушадиган оқсилга қараганда фойдали.
Кепакнинг 1 ошқошиғини тайёр овқатга солиш мумкин. Унда сувни сўрадиган, ахлат ҳажмини кўпайтирадиган, перистальтикани рағбатлантирадиган клетчатка кўп. Кепакни истеъмол қилганда кўпроқ суюқлик ичишни унутманг.
Сули кепаги холестерин даражасини пасайтиради: унинг синтезини тўхтатади ва жигарнинг қондан холестеринни кўплаб миқдорда тутиб қолишини рағбатлантиради, шунингдек, ўт кислоталарининг кўплаб ишлаб чиқилишига имкон беради. Бироқ овқат ҳазм қилиш йўлларида яллиғланиш жараёни бўлганда уни истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки меъда шиллиқ қаватини таъсирлаб, яллиғланишни кучайтириши мумкин.

Гречиха, сули, перловка, буғдойга сут ва шакар қўшмасдан бўтқа пишириб еб туриш керак. Гречиха ва сули бўтқасида ҳам оқсиллар кўп. Қатиқни кўпроқ ичиш лозим. Сабзи шарбати ҳам ичаклар учун кони фойда.

Зилола МИРШАРИПОВА,
шифокор

Яна ўқинг:  Руҳий зўриқиш даражасини аниқлайди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: