Гийен-барре синдроми қандай касаллик?
Гийен-Барре синдроми – нерв толасини ўраб турган миелин қобиғининг емирилиши билан кечувчи ўткир инфекцион касаллик бўлиб, асосан, оёқ-қўллар фалажлиги билан намоён бўлади. Ушбу касаллик 1916 йили француз невропатологлари Г.Гийен ва Ж.Барре томонидан ёзиб қолдирилган. Касаллик ҳар қандай ёшда аниқланади. Бироқ энг кўп касалланиш 20-40 ёшлар орасига тўғри келади. Касаллик иккала жинс эгаларида ҳам деярли бир хил учрайди.
Сабаблари нима?
Гийен-Барре синдроми турли вирусли инфекциялар ва касалликлар сабабли ривожланади. Булар – грипп, қизамиқ, тепки касаллиги, герпетик инфекциялар, эмлашлар, нерв тизимига токсик таъсир кўрсатувчи кимёвий воситалар, нурланишлар, иммун тизим касалликлари ва ҳоказо.
Белгилари қандай?
Асосий белгилари – бу оёқ-қўлларда тўсатдан пайдо бўлган фалажликлар. Бу касалликда симптомлар тўсатдан пайдо бўлиб, авж олиб кетади. Албатта, бундан олдин тана ҳарорати кескин кўтарилади. Кўп ҳолларда бугун оёқларда пайдо бўлган фалажлик эртага қўлларга ўтади ва кейинги куни эса сўзлаш ва ютиниш бузилади.
Бу ҳолатни тиббиётда Ландри фалажлиги деб аташади. Баъзан эса ўткир бошланган касаллик белгиларининг тўла шаклланиши 2-4 ҳафтагача чўзилади, ундан кейин эса касаллик зўрайишдан тўхтаб, тикланиш даври бошланади.
Баъзан фалажликлар ва сезги бузилишлари биратўла оёқларда ҳам, қўлларда ҳам пайдо бўлади. Фалажликлар қўлларга ўтганда нафас олиш қийинлашиб, зотилжам ривожланиш хавфи юзага келади. Касалликнинг дастлабки кунлариёқ пай рефлекслари сўнади ва бемор оёқ-қўлларини қимирлата олмай ётади.
Давоси борми?
Албатта, бор. Зудлик билан шифохонага ётқизиш зарур. Деярли 90-95 фоиз ҳолатларда бемор тузалиб кетади. Гийен-Барре синдроми ташхиси аниқланган куниёқ беморга плазмаферез муолажаси (қонни вируслардан тозалаш) ва антивирус дорилар (масалан, ацикловир) қилиниши керак. Одатда, бемор 1-2 ой ичида тузалиб кетади. Бироқ ташхис кечикиб қўйилса ва плазмаферез билан антивирус терапия ўз вақтида қилинмаса, узоқ давом этувчи фалажликлар ривожланади.
Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор