КТ ва МРТ ҳар доим ҳам ташхисни тўғри аниқлайдими?

Компьютер томография (КТ) ва магнитли-резонанс томография­нинг (МРТ) яратилиши тиббиёт учун оламшумул кашфиёт бўлди. Ушбу замонавий диагностика усуллари ХХ асрнинг 90-йиллари тиббиётга кириб келди. Бундай ихтиро муаллифлари Нобель мукофотига ҳақли равишда сазовор бўлишди. КТ ва МРТ текширувларидан тиббий диагностиканинг ҳар қандай йўналишида фойдаланиш мумкин. Айниқса, КТ ва МРТ неврологияда жуда катта аҳамиятга эга. Бироқ…
Баъзи беморлар врач тавсияси бўлмаса-да, бош миясини КТ ёки МРТ текширувидан ўтказишади. У ердаги «атрофия» ёки «энцефалопатия» сўзларини ўқиб ваҳимага тушишади. Бу ҳолатлар ҳақида китобда маълумот берганмиз.

Бели оғрийдиган баъзи беморлар умуртқа поғонасини КТ ёки МРТ текширувидан ўтказиб, аниқланган кичик ҳажмли диск чуррасидан ваҳимага тушишади. Бел-думғаза умуртқалари орасида пайдо бўлган 2-3 ёки 4 мм. силжиган диск чурралари хавфсиз бўлиб, озгина даволаш муолажаларидан сўнг ўтиб кетади. Қай даражага етган диск чурраларини операциясиз ёки операция йўли билан даволашни невропатолог ва нейрохирург ҳал қилади. Малакали врач ҳеч қачон КТ ёки МРТ хулосасига таяниб қолмайди. У беморни обдон текшириб, диск чуррасини беморга тиғ теккизмасдан даволашга ҳаракат қилади. Бунинг иложи бўлмаса, операция йўли танланади. Лекин ҳар доим даволаш муолажасини кечиктирмаслик ва вақтни йўқотмасдан даволашга киришиш керак.
КТ ва МРТ ҳар доим ҳам ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам бера олмайди. Масалан, нев­роз ва депрессиялар, эпилепсиянинг баъзи турлари, баъзи наслий касалликлар, моддалар алмашинуви бузилишлари, мускуллар озиши билан кечувчи касалликларда КТ ва МРТда ҳеч нарса аниқланмайди. Бундай пайтларда ташхис қўйишнинг бошқа усуллари, яъни лаборатор таҳлиллар, биохимик ёки генетик текширувлардан фойдаланилади. Фақат суҳбат ўтказиш орқали қўйиладиган ташхислар ҳам борки, улар невроз ва депрессиядир.
Эслатма. Бирор бир текширувга боришдан олдин, албатта, врач кўригидан ўтинг. Балким КТ ва МРТ текшируви сизга шарт эмасдир.

Бош мия атрофияси – у қандай ҳолат?


«Атрофия» тўқима ёки ҳужайранинг кичрайиши, емирилиши ва йўқолиши деган маънони англатади.
Ёш ўтган сайин мия ҳужайраларининг атрофияга учраши – бу табиий ҳол. Бош миянинг устки қатлами, яъни пўстлоқ қаватининг ўзида 14 млрд. ҳужайра бор. Кўп ҳужайралар атрофияга учраб йўқолиб боради. Шу боис катта ёшдагилар мияси ёшларникига қараганда кичикроқ бўлади. Демак, бундан хавотирга тушишнинг кераги йўқ. Боз устига атрофияга учраган баъзи ҳужайраларнинг вазифасини бошқа ҳужайралар бажара бошлайди. Баъзи беморлар боши оғрийверганидан сўнг МРТ текширувига боради. Ундаги «атрофия» сўзини ўқиб, бош оғриқни шу билан боғлашади. Атрофия билан бош оғриқ орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ.

Агар 50 ёшдан ошганларда мия ҳужайралари атрофияси хотира пасайиши билан намоён бўлса ва бу жараён кучайиб борса, беморда нейропсихологик текширувлар ўтказиш керак.

Катта ёшдагиларда, асосан, Алцхаймер касаллиги, мия томирлари атеросклерози ва гипертония касаллиги мия ҳужайралари атрофияси сабабчиси бўлади. Кичик ёшдагиларда эса бош мия жароҳатлари, баъзи наслий касалликлар, олигофрения, гиёҳванд моддалар ва ичкиликка берилиш каби ҳолатлар мия ҳужайралари атрофиясига олиб келади.
КТ ёки МРТ текширувида мия тўқимаси атрофияси аниқланса, невропатолог хулосасини кутмасдан ўзингиз хулоса чиқарманг. Агар атрофия хотира бузилишлари билан намоён бўлса, малакали нейропсихологга учранг.

Яна ўқинг:  Компьютер ва телефон саломатликка қандай таъсир этади?

Бош мияда киста бўлиши хавфлими?


МРТ текширувидан сўнг баъзи беморларнинг бошида киста (бўшлиқ) аниқланади. Аксарият беморлар бундан хавотирга тушиб қолишади: «Бошимда киста бор экан, у катталашиб кетмайдими, уни операция қилиш керак эмасми?».
Бош мияда киста қандай ҳосил бўлади? Нима учун у КТ ёки МРТ текширувларида тасодифан аниқланиб қолади? Киста кўпинча бош миянинг орқа энса чуқурчаси соҳасида аниқланади. Бора-бора аксарият кисталар сўрилиб битиб кетади, бошқа бирлари эса одам умрининг охиригача сақланиб қолади.
Киста пайдо бўлишининг асосий сабаблари – булар эрта болалик даврида ўтказилган бош мия жароҳатлари (айниқса, энса билан йиқилишлар) ва мия пардаларида ўтказилган яллиғланиш касалликлари. Бунинг оқибатида миянинг икки пардаси ораси очилиб, у ерда мия суюқлигидан иборат бўшлиқ шаклланади.
Бу бўшлиқ, яъни киста турли ҳажмга етиб, ўсишдан тўхтаб қолади. Бош миянинг орқа қисмида, яъни энса соҳасида жойлашган аксарият кисталар хавфли эмас. Бош миянинг чакка соҳасида шаклланган кисталар эса нев­ропатолог назоратини талаб қилади.

Демак, бош миясида киста аниқланган беморлар хавотирга тушмасдан, малакали нев­ропатолог кўригидан ўтишлари ва унинг маслаҳатига қулоқ тутишлари лозим.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: