Ҳаёт безаги

уни жозибали қилишга кечик(ма)япмиз

Инсон умри оқар дарёга ўхшайди. Ҳар бир ўтаётган сонияси биз учун нимагадир эришишга ёки бўлмаса ниманидир бой беришимизга сабаб бўлади. Вақт қадрини фақат уни йўқотганимиздагина биламиз.

Аслида ҳаётда ўз хатти-ҳаракатларимиз билан матога гуллар чизамиз. Бу безакларнинг кўплиги ва жозибаси меҳнатларимиз маҳсулидир.
Бир ёши улуғ донишманддан сўрашибди:
– Шу ёшга етгунча ҳаётингизда йўқотган энг азиз нарсангиз нима?
Шунда донишманд бироз ўйга толиб:
– Умрим давомидаги йўқотилган ҳар бир дақиқамга ачинаман, чунки бу пайтда нимагадир эришишим ёки бирор савоб иш қилишим мумкин эди. Шу ёшга етгунча кўзларим фақат олдиндаги дақиқаларни кўрарди. Ҳали вақт бор, улгураман, ҳамма нарсага, деб ўйлардим, аммо энди билсам бу сўзларни фақат яхши амалларни бошлашдан олдин айтиб, уларнинг барчасини бугунга қолдирган эканман. Минг афсуслар бўлсинки, қариган чоғимда ўзим кимнингдир ёрдамига муҳтожман. Одамларнинг кўзи учун кўчадаги тиланчига пул берибман-у, фарзанди касал бўлиб уйимга қарз сўраб келган камбағалга ёрдам қилмабман. Беш нафар боласи билан бева қолган синглимга байрамларда совға-салом юборибману, аммо уни уч йилдан бери бориб кўрмабман. Энди эса бориб кўришга бу оёқлар ожиз, – дея кўзида ёш билан ҳассасига таянибди.
Қадрдон ўқувчим, Сиз ўтаётган вақтингиз ҳақида ёхуд йўқотаётган неъматларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрасизми? Вақти келиб уларни қайтариб бўлмаслиги ҳақида-чи? Бир сония қадри шунчалар баландки, унда тўшакда ётган бемор ё ҳаётга қайтади ёки бўлмаса… Вақт сизнинг ҳаётингизни қандай бошқариши ҳақида ўйланг!


Сиз иккиланиб турган вақтда кимдир таваккал қилиб, омадга эришмоқда.
Сиз журъатсиз юрганингизда кимдир журъат қилиб бахтга эришмоқда.
Сиз бефойда ишлар билан бандлигингизда кимдир фойдали иш билан ўсиб бормоқда.

Ҳаётингизда яхши ва ёмон одамлар учрайди, ҳаммаси билан алоқа қилишга тўғри келади. Сабр қилинг, вақт ўзи уларни саралаб беради.
Ҳар куни янги тонг отади, бу дегани яна янги имкониятлар эшиги очилади. Аммо шуни ҳам унутмангки, Сиз умрингизнинг маълум бир дақиқасини ўтказиб улгурдингиз.
Вақтни бой берманг, чигал масалаларни маслаҳатлашиб иш кўринг.
Ҳар бир сониядан унумли фойдаланишга одатланинг! Зеро вақт сиздан эмас, сиз вақтдан ўғирланг.

Азизлар, ўтаётган вақтингизни қадрланг, чунки у сонияларга, соатларга, кунларга сўнгра ойлар ва йилларга айланиб, сизнинг ёшингизни, ҳаттоки, энг азиз нарсаларингизни тортиб олиши мумкин. Унинг сарҳисобига шошилинг, чунки соат миллари ҳеч қачон орқага юрмайди.

Ситора АЛИҚУЛОВА

Яна ўқинг:  Гўзаллик ва саломатлик учун 7 сабаб

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: