Қизамиқ ва қизилча:
Унинг олдини олиш тиббиётчиларга қандай масъулият юклайди?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда қизамиқ ва қизилча касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолат мураккаблашмоқда. Европа давлатларида 77 ҳолатда ўлим қайд этилган. Ушбу давлатларда эпидемик вазият мураккаблашишига аҳолининг қизамиққа қарши эмлашдан бош тортиши натижасида эмланиш даражасининг пастлиги сабаб бўлган.
Ўзбекистонда ўтган йилда 4071 нафар қизамиқ касаллигига гумон қилинганлар рўйхатга олинди. Жойларда қизамиқ профилактикаси ва эпидемиясига қарши тадбирларнинг олиб борилиши жараёни ўрганилганда бир қатор жиддий муаммолар аниқланди.
Масалан, касаллик ўчоқларида мулоқотдаги шахсларни тиббий кузатувдан ўтказиш, профилактик эмлаш тадбирлари кеч муддатда ўтказилаётгани маълум бўлди. Қизамиққа гумон қилинган беморлар ҳақидаги маълумотлар, касалликнинг манбаси, юқиш жойи аниқ таҳлил этилмаётир. Уюшган жамоаларда қизамиққа гумон этилган бемор аниқланганда, мулоқотдаги шахсларни тиббий кузатувга олиш, уларни эмлаш тадбирлари ҳам кечиктириляпти. Қизамиққа қарши тузилган штаб аъзолари томонидан касаллик рўйхатга олиниши бўйича вазият тўлиқ таҳлил этилмаяпти, эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилиши суст олиб бориляпти. Бундай камчиликлар юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорликка жиддий таъсир этмоқда.
Ушбу муаммоларнинг олдини олишда тиббиёт ходимларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, аҳоли орасида, хонадонларда тиббий тарғибот юритувчи патронаж ҳамширалар юқумли касалликлар клиникаси, диагностикаси, даволаш усуллари, эпидемияга қарши чора-тадбирларни самарали ташкил этиш борасида билим ва салоҳияти етарли бўлиши лозим. Шу мақсадда жойларда етакчи олимлар ва малакали мутахассислар томонидан маҳаллий тиббиёт ходимлари иштирокида юқумли касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволаш бўйича маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этиляпти.
Хасталикнинг тарқалиш йўлларини биласизми?
Қизамиқ ўткир юқумли вирусли касалликдир. У айниқса эмланмаган болалар саломатлиги ва ҳаёти учун катта хавф туғдиради. Касаллик бемор акса уриши ва йўталиши натижасида ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Вирус ҳавода ва ташқи муҳитда икки соат давомида фаол ва зарарли бўлиб туради.
Шу боис, қизамиққа чалинган беморлардан касаллик белгилари бошлангунича ва ундан сўнг бир неча кун давомида бошқаларга юқиш хавфи юқори бўлади. Хусусан, беморга тошмалар тошишидан 4 кун олдин ва тошма пайдо бўлгандан сўнг 4 кун давомида тарқалиши мумкин. Муаммонинг олдини олиш учун, аввало, жамоат жойлари, жумладан, болалар боғчалари, мактаблар ва тиббиёт муассасаларида эпидемияга қарши тадбирларни тўғри ва оқилона ташкил этиш, болалар саломатлигини жиддий эътиборга олиш лозим.
Касаллик белгилари
Касалликнинг биринчи белгиси касаллик юққанидан сўнг 10 – 12-кундан бошлаб ҳарорат кўтарилади, бир ҳафтагача ҳарорат тушмайди ва қуйидаги белгилар билан кечади:
– тана ҳароратини баланд кўтарилиши;
– кўз қизариши (конъюнктивит);
– йўтал;
– тошма тошиши;
– бурун битиши ва ҳолсизлик;
– оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватида оқ майда доғлар.
Одатда қизил тошмалар аввал юз ва бўйин соҳасида пайдо бўлади, сўнгра, тепадан пастга қараб тарқалади, кейин қўл ва оёқларга чиқади.
Тошма тоша бошлаганидан бешинчи кундан бошлаб бемор атроф учун зарарсиз ҳисобланади. Тузалиш жараёни касалликдан сўнг 2-3 ҳафта кечади.
Зотилжам, энцефалит, ўткир диарея…
Қизамиққа қарши эмланмаган 5 ёшгача бўлган болалар, айниқса, чақалоқлар, иммунитети паст беморлар, ҳомиладор аёлларда бундай юқумли касаллик оғир асорат қолдириши мумкин. Хусусан, касалликдан кейин қуйидагилар кузатилади:
• зотилжам;
• кўрлик;
• энцефалит (бош мия шишига олиб келувчи яллиғланиш);
• ўткир диарея;
• ўрта қулоқ яллиғланиши.
Даволаш мумкинми?
Шуни айтиш мумкинки, тиббиёт ривожланган бугунги асримизда ҳам ҳали-ҳамон қизамиқнинг махсус давоси яратилмаган. Қулоқ бактериал инфекцияси ва зотилжам каби касаллик асоратлари юзага келганда антибиотиклар воситасида муолажа тавсия килинади. Қизамиққа чалинган болалар, энг аввало, тўлақонли овқатланиши ва диарея ҳолатида регидратацион даво олиши зарур.
Шу билан бирга, А витамин истеъмол қилиш касалликнинг оғир асоратлари олдини олиш мумкин. Суткасига А витаминини икки дозада қабул қилиш болалар ўртасида қизамиқдан ўлим ҳолатларини 50 фоизга камайтиради. Қизамиққа чалинган беморларда бутун ҳаёт давомида иммунитет ҳосил бўлади. Уларни касалликка қарши эмлаш шарт эмас.
Эмлаш – энг самарали кураш йўли
Гарчи, тиббиётимиз қизамиқни даволаш бўйича катта натижага эришмаган бўлса-да, унинг олдини олишдаги ютуқлар билан қувониш мумкин. 1963 йилда тиббиётга қизамиққа қарши вакцина жорий этилиши туфайли миллионлаб болаларни бу касалликдан асраш, ногиронлик ва бир қатор оғир касалликларнинг олдини олишга эришилмоқда. Масалан, 2000 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда ер юзида қизамиққа қарши эмлаш натижасида ўлим ҳолати саксон фоизга камайган, яъни 21,1 миллион ўлим ҳолатининг олди олинган.Қизамиққа қарши вакцина мамлакатимиз тиббиётига ҳам жорий этилган ва болалар бир ва олти ёшида бу касалликка қарши режа асосида эмланади. Бу вакцина комбинирланган бўлиб, у болада қизамиқ билан бир қаторда, қизилча ва паротитга қарши ҳам иммунитет ҳосил қилади. Мактабга чиқишдан олдин болалар ўртасида қизамиққа қарши эмланганлик скрининги ўтказилади. Шу тахлит, болалар икки маротаба эмлаш билан таъминланади. Ўзбекистонда эмлаш дастури доирасида ишлатиладиган вакциналарнинг барчаси хавфсиз ва самарали. Эмлашдан кейинги жиддий ножўя ҳолатлар деярли қайд этилмайди.
Тавсиялар
Тиббиёт ходимлари аҳоли орасида, хонадонларда патронаж ишларини ташкил этишда юқумли касалликларнинг олдини олиш билан боғлиқ тарғибот ишларини кучайтириши лозим. Хусусан, қизамиқ ва қизилча касаллиги келиб чиқиши сабаблари, илк белгилари, олдини олиш чоралари хусусида аҳоли билан узлуксиз мулоқотни йўлга қўйиш керак. Болаларни ўз вақтида эмлашга жалб этишга эришиш, ота-оналарга эмлашнинг фойдали жиҳатларини доимий тушунтириш, бу масалада тушунмовчилик бўлганда маҳалла фаоллари, жойлардаги хотин-қизлар тузилмалари ва бошқа жамоат ташкилотларини кўмакка чақириш лозим. Ҳарорати баланд беморлар бўлса, уларнинг ҳолатига жиддий эътибор бериб, қизамиқнинг белгиларини шамоллаш ва грипп билан адаштирмаслик керак. Бирор оилада қизамиққа чалинган бемор аниқланса, унинг ўз вақтида даволанишини назорат қилиш билан бирга, оиланинг бошқа аъзоларини иммунизация, яъни эмлашга жалб этиш шарт.
Умуман олганда, касаллик аниқланган оилалар ва жамоаларда тиббий-профилактика ва эпидемияга қарши кураш ишларини тизимли йўлга қўйиш орқали юқумли касалликни зудлик билан жиловлашга эришиш мумкин!
Дилором ТУРСУНОВА,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси